Д-т 6710 1 млн. сўм
К-т 5010 1 млн. сўм
Бухгалтерия ўтказмалари оддий ва мураккаб ўтказмаларга бўлинади. Хўжалик муомалалари натижасида бир ҳисобварақнинг дебетланиб иккинчи бир ҳисобварақнинг кредитланишига оддий бухгалтерия ўтказмаси деб аталади. Содир бўлган хўжалик муомалалари натижасида бир ҳисобварақнинг дебетланиб бир нечта ҳисобварақнинг кредитланишига ёки аксинча, бир ҳисобварақнинг кредитланиб бир нечта ҳисобварақларнинг дебетланишига мураккаб бухгалтерия ўтказмаси деб аталади.
Мисол. Ҳисобот даври охирида умумишлаб чиқариш ҳаражатлари асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқариш ҳаражатларига тақсимланди. Ушбу хўжалик муомаласига қуйидагича бухгалтерия ўтказмаси тузилади:
Д-т 2010 - «Асосий ишлаб чиқариш» ҳисобварағи
Д-т 2310 - «Ёрдамчи ишлаб чиқариш» ҳисобварағи
К-т 2510 - «Умумишлаб чиқариш» ҳисобварағи
Бухгалтерия ҳисобида иккиёқлама ёзиш усули ҳисобварақларда хўжалик муомалаларини тўғри акс эттирилиши устидан назорат олиб боришда фойдаланилади. Ҳар бир содир бўлган хўжалик муомаласи бир хил суммага битта ҳисобварақнинг дебети ва бошқа ҳисобварақнинг кредитига ёзилади. Натижада ҳамма ҳисобварақларнинг дебет томонидаги айланмалар жами, ҳамма ҳисобварақларнинг кредит томонидаги айланмалар жамига тенг бўлиши керак. Шундай тенгликнинг бўлмаслиги ҳисобварақларда хатога йул қўйилганлигидан далолат беради.
Иккиёқлама ёзиш ёрдамида бўлиб ўтган хўжалик муомалалари назорат қилинади. Ҳисобварақлардаги ёзувни текшириш билан корреспонденцияланувчи ҳисобварақларни, яъни ҳисобда акс эттирилган муомалалар мазмунини аниқлаш мумкин бўлади.
БУХГАЛТЕРИЯ ЎТКАЗМАЛАРИНИ ТУЗИШ ЮЗАСИДАН МИСОЛЛАР.
1. Ишчи ва хизматчиларга иш ҳақи бериш мақсадида банкдаги ҳисоблашиш ҳисобварағидан кассага 2 млн. сўм пул маблағи келтирилди. Ушбу хўжалик муомаласи ҳисобварақларда қуйидагича акс эттирилади:
Д-т 5010 - «Миллий валютадаги пул маблағлари» ҳисобварағи 2 млн. сўм
К-т 5110 - «Ҳисоблашиш ҳисобварағи» ҳисобварағи 2 млн. сўм
2. Кассага келтирилган 2 млн. сўм пул маблағининг 1,5 млн. сўмни иш ҳақи сифатида ишчи ва хизматчиларга тарқатилди:
Д-т 6710 - «Ходимлар билан иш ҳақи юзасидан ҳисоблашишлар» ҳисобварағи 1.5 млн. сўм
К-т 5010 - «Миллий валютадаги пул маблағлари» ҳисобварағи 1,5 млн. сўм
3. Ўз вақтида таркатилмаган (турли сабабларга кўра) 0,5 млн. сўм пул маблағи банкка қайтариб топширилди:
Д-т 5110 - «Ҳисоблашиш ҳисобварағи» ҳисобварағи 0,5 млн. сўм
К-т 5010 - «Миллий валютадаги пул маблағлари» ҳисобварағи 0,5 млн. сўм
4. Мол етказиб берувчилардан корхонага 3 млн. сўмлик ёқилғи ҳамда 5 млн. сўмлик эҳтиёт қисмлар келиб тушди:
Д-т 1030 - «Ёқилғилар» ҳисобварағи 3 млн. сўм
Д-т 1040 - «Эҳтиёт қисмлар» ҳисобварағи 5 млн. сўм
К-т 6010 - «Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган қарзлар» ҳисобварағи 8 млн. сўм
5. Асосий ишлаб чиқариш цехларига 3 млн. сўмлик қийматдаги қурилиш материаллари ҳамда 2 млн. сўмлик қийматдаги сотиб олинган ярим тайёр маҳсулотлар берилди:
Д-т 2010 - «Асосий ишлаб чиқариш» ҳисобварағи 5 млн. сўм
К-т 1050 - «қурилиш материаллари» ҳисобварағи 3 млн. сўм
К-т 1020 - «Сотиб олинган ярим тайёр маҳсулотлар ва бутловчи буюмлар» ҳисобварағи 2 млн. сўм
6. Асосий ишлаб чиқариш цехларидан 10 млн. сўмлик тайёр маҳсулотлар омборга қабул қилинди:
Д-т 2810 - «Омбордаги тайёр маҳсулотлар» ҳисобварағи 10 млн. сўм
К-т 2010 - «Асосий ишлаб чиқариш» ҳисобварағи 10 млн. сўм
Оддий ва мураккаб бухгалтерия ўтказмаларини тузиш юқоридаги мисоллардаги каби амалга оширилади. Бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳисобварақлар дебетланадиган ва бир нечта ҳисобварақлар кредитланадиган ёзувлар нотўғри ҳисобланади. Уларда айрим хўжалик муомалалари ўртасидаги ўзаро алоқаси кўринмайди ва бундай ёзувлар бўйича ҳисобварақлар корреспонденциясини аниқ белгилаб олиш мумкин эмас. Бу акс эттирилаётган муомалаларнинг мазмунини қийинлаштиради ва бухгалтерия ҳисобидан хўжалик фаолиятини назорат қилиш учун фойдаланиш имкониятларини камайтиради. Шу сабабдан мамлакатимиз бухгалтерия ҳисобининг амалиётида бундай ёзувларга рухсат этилмайди.
Шундай қилиб, хўжалик муомалаларини иккиёқлама ёзув усули билан акс эттириш, албатта, икки ҳисобварақга таъсир этади. Бунда бир ҳисобварақ дебетланади, иккинчиси эса кредитланади. Ўзаро корреспонденцияланувчи ҳисобварақларнинг дебети ва кредитига ҳар бир муомала бўйича бир хилдаги суммалар ёзилади. Мураккаб ёзувлар қилинаётганда, бир ҳисобварақ билан боғлиқ бўлган бир нечта ҳисобварақлар бўйича кўрсатилган суммаларнинг жами шу ҳисобварақда ҳисобга олинган умумий суммага тенг бўлиши керак (4; 5 мисолларга қаранг).
Do'stlaringiz bilan baham: |