I ҚИСМ. БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИ НАЗАРИЯСИ.
I БОБ. БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ ПРЕДМЕТИ, УСУЛЛАРИ ВА ЭЛЕМЕНТЛАРИ.
I.1.БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ ПРЕДМЕТИ ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ.
Бухгалтерия ҳисобини юритишдан асосий мақсад- корхоналарда молия-хўжалик фаолиятини кузатиш, бошқариш ва назорат қилишдир.Корхоналарда молия-хўжалик фаолиятининг асосий мазмуни ишлаб чиқариш,ишлаб чиқаришдан бошқа соҳада эса ижтимоий маҳсулотни тақсимлаш ва истеъмол қилишдан иборат. Хўжалик юритувчи субъектларда режаларнинг бажарилиши устидан назорат олиб бориш бухгалтерия ҳисобининг муҳим вазифаларидан биридир. Бу вазифанинг бажарилиши корхоналарда содир бўлаётган хўжалик жараёни ва операцияларини ўз вақтида,аниқ ва хужжатга асосланган ҳолда бухгалтерия ҳисобида акс эттириш йўли билан таъминланади.
Барча корхоналарда бухгалтерия ҳисоби юритилади. У корхоналардаги хўжалик маблағларининг тузилиши, жойланиши, қайси манбалардан ташкил топганлиги ҳамда хўжалик жараёнлари ва операциялари таъсири остида бўлаётган ўзгаришларнинг бориши устидан узлуксиз назорат олиб боради. Бухгалтерия ҳисоби бу ишни бажаришда ўзининг барча усулларидан фойдаланади. Кенгайтирилган такрор ишлаб чиқариш деганда маҳсулотни,иш кучларини ва ишлаб чиқариш муносабатларини такрор ишлаб чиқариш тушунилади. Маҳсулотни такрор ишлаб чиқариш асосан таъминот, ишлаб чиқариш ва сотиш жараёнларидан ташкил топади. Ишлаб чиқаришни бошлашдан аввал корхонанинг тегишли бўлинмалари хом ашё, материал, ярим тайёр маҳсулот, ёқилғи ва бошқа моддий қийматликларнинг зарур заҳирасига эга бўлишлари керак. Таъминот жараёнида корхонанинг мол етказиб берувчилар билан олиб борадиган ўзаро муносабатлари натижасида ҳисоб-китоб операциялари келиб чиқади. Демак, бухгалтерия ҳисобининг таъминот жараёнида сотиб олинган моддий қийматликлар, уларнинг корхона омборларига қабул қилиниши ва корхона ичидаги харакати ҳамда моддий қийматликларни сотиб олишга доир мол етказиб берувчилар билан ҳисоб-китоблар олиб боришдир.
Ишлаб чиқариш жараёнида хом ашё, материал, ярим тайёр маҳсулотлар меҳнат воситалари ва иш кучи таъсири остида қайта ишланиб тайёр маҳсулотга айлантирилади. Ишлаб чиқариш жараёнида бухгалтерия ҳисобининг асосий вазифалари асбоб-ускуналар, хом-ашё ва материаллар, ярим тайёр маҳсулотларнинг қайта ишланиши билан боғлиқ ҳаражатлар, давр ҳаражатлари, сарфланган иш вақти, ишлаб чиқарувчилар томонидан бажарилган ишлаб миқдорини қайд қилиш, иш ҳақини ҳисоблаш,иш ҳақи фондини аниқлаш,ишчи ва хизматчиларнинг иш ҳақидан ушлаб колинадиган суммаларни аниқлаш, уларни тегишли ташкилот ва шахсларга ўтказиб бериш билан боғлиқ муомалалар ҳисобланади. Сотиш жараёнида бухгалтерия ҳисобининг асосий вазифалари қуйидагилар: ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотларни харидорларга юклаб жўнатиш, харидор ва буюртмачилар билан ҳисоб-китобларни олиб бориш, молиявий натижаларни аниқлаш, пул маблағлари ва бошқа ҳисоб-китобларни аниқлаш.
Юқоридаги айтилганлардан шуни хулоса қилиш мумкинки, бухгалтерия ҳисоби предметининг асосий мазмуни корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг хўжалик фаолиятини амалга оширишда фойдаланадиган ресурсларни самарали бошқариш учун зарур бўлган ахборотни шакллантиришдан иборат. Шу маблағларнинг сарфланиши, ишлаб чиқариш ҳажми ва фаолият натижаларини рационал ҳамда тўғри бошқариш ҳозирги вақтда муҳим аҳамият касб этади. Шундай қилиб бухгалтерия ҳисобининг предмети - такрор ишлаб чиқариш жараёнидаги корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг самарали бошқарилишида маблағлар ҳолати ҳамда улардан унумли фойдаланиш ҳақидаги ахборотларни шакллантириш ҳисобланади. Бухгалтерия ҳисобининг предметини ўрганишда, унинг тарихий ҳарактерини ҳисобга олиш керак. Чунки бухгалтерия ҳисоби предметининг мазмуни ҳар хил иқтисодий тузумларда бир хил бўлмаган. Уларнинг ўзгариши бир тузумдан бошқасига ўтиш пайтида, мулкчилик шаклларининг ривожланиши билан белгиланиб борилган. Турли мулкчилик шаклларига асосланган, ривожланган бозор иқтисодиётидаги жамиятда индивидуал капитал ёки мулк эгасининг капитали бухгалтерия ҳисобининг предмети ҳисобланади. Бухгалтерия ҳисоби бу ерда биринчи навбатда, мулк эгаси ёки мулк эгалари томонидан корхоналарга қўйилган ресурсларни самарали бошқариш мақсадлари учун ахборотни шакллантиради.Демак, бухгалтерия ҳисоби предметининг мазмуни у ёки бу ижтимоий тузумга хос бўлган мулкчилик шакли билан белгиланади. Яъни, ҳар бир жамиятда моддий ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ва самарали бошқариш учун қандай маълумотлар талаб қилинишига боғлиқ бўлади. Жамият ривожланган сари ҳисобнинг аҳамияти ҳам узлуксиз ўсиб боради. Бунда унинг қўлланиш доирасигина эмас, балки унда акс эттириладиган предмети ва бажарадиган функциялари ҳам тобора кенгайиб боради.
Бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида давлат мулки хусусийлаштирилиб борилади, чунки иқтисодиётни эркинлаштириш давлат мулки ҳукмронлигини тугатишни тақазо этади. Давлат мулки жамоа мулкига, фуқаролар мулкига ва хусусий мулкга айлантирилади, айрим ҳолларда давлат мулки фойдаланиш учун ижарага берилади. Бундай ҳолларда ҳам бухгалтерия ҳисобининг ўзига хос вазифалари пайдо бўлади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак бухгалтерия ҳисобининг предмети - ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш жараёнида айрим корхона, уюшма, концерн, муассаса, ташкилот маблағларининг ҳолати ва улардан фойдаланишни акс эттиришдан иборатдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |