II БОБ. БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ ҲИСОБВАРАҚЛАР ТИЗИМИ ВА ИККИЁҚЛАМА ЁЗУВ.
II.1. БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ ҲИСОБВАРАҚЛАРИ ТЎҒРИСИДА ТУШУНЧА ВА УЛАРНИ ТУРКУМЛАШ.
Корхоналар ўз хўжалик жараёнларини амалга оширишлари учун маълум маблағлар заҳираси талаб этилади. Шу сабабли ҳам ишлаб чиқариш корхоналари иморатлар, транспорт воситалари, материаллар, номоддий активлар, пул маблағлари каби турли маблағларга эга бўлади. Бу маблағлар бошқа корхона ва шахслардан олинган қарзлар, банкларнинг қисқа ва узоқ муддатли кредитлари, корхонанинг ўз фойдасидан ва бошқа маблағлардан ташкил топади. Хўжалик фаолиятини тўғри ва аниқ бошқаришда корхонанинг қандай маблағларга эгалиги, уларнинг жойлашуви ҳамда бу маблағлар манбалари ва мақсадларини билиш зарур.
Бухгалтерия баланси ёрдамида маблағлар ва уларнинг манбалари ҳолати ҳақида умумлашган маълумотлар олиш мумкин. Аммо унинг ёрдамида бухгалтерия ҳисобининг объектлари, жумладан, хўжалик маблағлари, манбалари ҳар бир турининг кундалик харакати ва ҳоказолар ҳақида зарур маълумотларни олиш имконияти мавжуд эмас. Бундай мақсадга эришиш учун бухгалтерия ҳисоби усулининг бошқа элементидан, яъни бухгалтерия ҳисобварақларидан фойдаланилади. Бухгалтерия ҳисобварақлари хўжалик фаолиятининг бориши устидан тезкор назоратни юритиш имкониятини беради. Булардан ташқари бухгалтерия ҳисобварақлари ёрдамида хўжалик маблағлари ва уларнинг келиб чиқиш манбалари айрим турларининг харакати ҳақида зарур маълумотларни ҳисобот ойи давомида олиш мумкин. Бундай маълумотларни олиш учун алоҳида ҳисобварақлар очилади. Масалан, номоддий активлар, товарлар, ҳисоблашиш ҳисобварағи, ёрдамчи ишлаб чиқариш, заҳира капитали ва бошқалар.
Демак, бухгалтерия ҳисобварақлари - хўжалик маблағлари ва уларнинг ташкил топиш манбаларини жорий акс эттириш, ҳамда улар устидан доимий назорат қилиш усулидир.
Бухгалтерия ҳисобининг ҳисобварақлари чизма тарзда қуйидагича акс эттирилади:
Ҳисобварақнинг номи
Д ебет Кредит
Ҳисобварақларда корхона маблағларининг кўпайиши ва камайишини алоҳида ҳисобга олиш учун ҳисобварақлар икки қисмга (чизмага қаранг) бўлинади. Ҳисобварақнинг чап томони дебет, унг томони кредит деб номланади.
Бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақларида акс эттирилган маблағларнинг дастлабки ҳолати қолдиқ деб аталади. Сўнгра ушбу ҳисобварақларда маблағлар ёки уларнинг келиб чиқиш манбаларининг барча харакати (кўпайиши ва камайиши) акс эттирилади.
Ҳисобварақларда акс эттирилган жами суммалар ҳисобварақнинг жами айланмасини ташкил этади. Ҳисобварақнинг дебет томонидаги суммалар дебет айланма, кредит томонидаги суммалар кредит айланма деб аталади.
Бухгалтерия ҳисобининг ҳисобварақлари актив ва пассив ҳисобварақларга бўлинади. Актив ҳисобварақларда хўжалик маблағлари ва уларнинг ўзгариши, харакати ҳисобга олинади. Актив ҳисобварақларга «Асосий воситалар», «Материаллар», «Товарлар», «Тайёр маҳсулот», пул маблағларини ҳисобга олувчи ҳисобварақлар мисол бўлади. Актив ҳисобварақларда ҳисобга олинаётган тегишли хўжалик маблағларининг кўпайиши ушбу ҳисобварақнинг дебет томонида, хўжалик маблағларининг камайиши эса кредит томонида акс эттирилади. Актив ҳисобварақларнинг қолдиғи (агар мавжуд бўлса) ҳар доим ҳисобварақнинг дебет қисмида қолади. Актив ҳисобварақларнинг қолдиғини топиш учун хўжалик маблағларининг кўпайишини акс эттирувчи айланма суммани ҳисобварақнинг бошланғич қолдиғига қўшилади, сўнгра унинг камайишини акс эттирувчи айланма суммаси айириб ташланади. Ҳисобварақларда айрим ҳолларда қолдиқ қолмаслиги ҳам мумкин. Бундай ҳолатда ҳисобварақлар ёпилган ҳисобланади.
Актив ҳисобварақларнинг умумий кўриниши қуйидагича:
Do'stlaringiz bilan baham: |