1. Актив ҳисобварақлар (А) - хўжалик активларини акс эттирадиган ва иқтисодий ресурсларнинг ҳисобот давридаги кўпайишини дебет томонида ва шу даврдаги камайишини кредит томонида акс эттирадиган ҳисобварақлар.
2. Пассив ҳисобварақлар (П) - хўжаликнинг мажбуриятлари ва капиталини акс эттириш учун тайинланган, ҳисобот даври бошидаги қолдиқни, ҳисобот даври мобайнидаги мажбуриятларни ва капитални ўсишини кредит томонида ва шу даврдаги мажбуриятлар ҳамда капиталнинг камайишини дебет томонида акс эттирадиган ҳисобварақлардир.
3. Контр-актив ҳисобварақлар (КА) - бу шундай ҳисобварақки, молиявий ҳисоботда активнинг соф қийматини акс эттириш учун унинг қолдиғи у билан боғлиқ бўлган актив ҳисобварақнинг қолдиғидан чегириб ташланади. Бундай ҳисобварақ пассив ҳисобварақларга мансуб бўлиб, кўпайиши кредитида, камайиши дебетида акс эттирилади.
4. Контр-пассив ҳисобварақлар (КП) - бу шундай ҳисобварақки, молиявий ҳисоботда мажбурият ёки соф қийматни акс эттириш учун унинг қолдиғи у билан боғлиқ бўлган пассив ҳисобварақнинг қолдиғидан чегириб ташланади. Бундай ҳисобварақ актив ҳисобварақларга мансуб бўлиб кўпайиши дебетида, камайиши кредитида акс эттирилади.
5. Транзит (ўтказувчи) ҳисобварақлар (Т) - ҳисобот даврида фойдаланиладиган, лекин ёпилиб кетадиган ва ҳисобот даври охирига қолдиғи бўлмайдиган даромад ҳамда ҳаражатларнинг вақтинчалик ҳисобварақларидир. Бу ҳисобварақларнинг маълумотлари молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилади. Ҳаражатларни ҳисобга оладиган транзит ҳисобварақлар актив ҳисобварақларга мансуб бўлиб кўпайиши дебетида, камайиши эса кредитида акс эттирилади.
Даромадларни ҳисобга оладиган ҳисобварақлар пассив ҳисобварақларга мансуб бўлиб, даромаднинг кўпайиши кредитида, камайиши эса дебетида акс эттирилади. Ҳисобварақларнинг юқоридаги гуруҳланишидан кўриниб турибдики, янги ҳисобварақлар режасида актив-пассив ҳисобварақлар йўқ. Ҳисобварақларнинг барчаси ёки актив ёки пассивдир. Эски ҳисобварақлар режасидаги актив-пассив ҳисобварақлар: бошқа дебиторлар ва кредиторлар, ҳисобдор шахслар билан ҳисоб-китоблар, маҳсулот сотиш ва шунга ўхшаш қатор ҳисобварақлар янги ҳисобварақлар режасида бекор қилинган.
Ҳисобварақлар корреспонденцияси фақат тизимли ҳисоб моҳиятини очиб беради. Кўплаб ҳисобварақлар балансли ҳисобварақлар бўлиб, улар тизимлидир. Балансли ҳисобварақлар корреспонденцияланади. Лекин балансдан ташқари деб номланадиган корреспонденцияланмайдиган ҳисобварақлар ҳам мавжуд. Балансдан ташқари ҳисобварақлар бўйича ёзувлар иккинчи корреспонденцияланадиган ҳисобварақларсиз амалга оширилади.
Шундай қилиб, корреспонденцияланишига қараб ҳисобварақлар балансли ва балансдан ташқари бўлиши мумкин. Балансдан ташқари ҳисобварақлар (БТ)- корхонага тегишли бўлмаган, лекин вақтинчалик унинг фойдаланишида турган мавжуд активлар, шартли ҳуқуқ ва мажбуриятлар тўғрисидаги ахборотларни умумлаштириш учун тайинланган ҳисобварақлардир.
Балансдан ташқари ҳисобварақларнинг асосий хусусиятлари шундаки, улар тизимсиз, оз миқдорда ва кенг тарқалмаган. Балансдан ташқари ҳисобварақларнинг кўпайиши киримига, камайиши чиқимига ёзиб борилади.
Эски ҳисобварақлар режасида балансли ҳисобварақлар икки рақамли, субсчетлар бир рақамли, балансдан ташқари ҳисобварақлар уч рақамли кодлар билан белгиланган бўлса, янги ҳисобварақлар режасида субсчетлар кўрсатилмаган. Ҳар бир балансли ҳисобварақлар тўрт рақамли, балансдан ташқари ҳисобварақлар эса уч рақамли кодлар билан белгиланган. Ҳисобварақлар учун белгиланган рақамлар ҳисобварақларнинг коди дейилади. Ҳисобварақлар режасидаги ҳисобварақлар кодларидан ташқари номига ҳам эга. Ҳисобварақларнинг номи бу туб маънода ҳисобварақнинг ўзидир. Ҳисобварақлар билан иш олиб борганда, асосан уларнинг тайинланиши ва фойдаланиш тамойилларини билиш зарур. Ҳисобнинг барча субъектлари намунали ҳисобварақлар режасидан фойдаланишга мажбур. Ҳисобварақлар режасида кўрсатилмаган ҳисобварақларни қўллаш фақат Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |