III.2. ЛИЗИНГ МУОМАЛАЛАРИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ.
Узоқ муддатга ижарага олинадиган асосий воситаларга вақтинчалик фойдаланиш учун лизинг шартномаси асосида лизинг берувчи томонидан лизинг олувчига берилган кўчар ёки кўчмас мулклар мисол бўлади. Лизинг шартномасининг муддати ўтиши билан шартномада келишилган сотиб олиш баҳосининг жами миқдорини тўлаш шарти асосида объект ижарачининг мулкига айланиш мумкин. Узоқ муддатга ижарага олинадиган асосий воситалар 0310-«Узоқ муддатли ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситалар» ҳисобварағида лизинг берувчи ва лизинг олувчи ўртасида келишилган баҳода ҳисобга олинади. Ушбу ҳисобварақда бир йилдан ортиқ муддатларда ижарага олинган асосий воситаларгина ҳисобга олинади. Агар асосий воситалар қисқа муддатга ижарага олинса 0310-«Узоқ муддатли ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситалар» ҳисобварағида эмас балки балансдан ташқари 001-«қисқа муддатли ижара шартномаси асосида олинган асосий воситалар» ҳисобварағида ҳисобга олиб борилади.
Корхонага молиявий лизинг шартномаси асосида келиб тушган асосий воситалар 0310-«Узоқ муддатли ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситалар» ҳисобварағининг дебети , 7910-« Тўланадиган узоқ муддатли ижара» ҳисобварағининг кредити бўйича кирим қилинади.
Узоқ муддатга ижарага олинган асосий воситалардан фойдаланганлик учун лизинг берувчига тўланадиган жорий тўловлар 6910-«Тўланадиган қисқа мудатли ижара» ҳисобварағининг дебети ва пул маблағларини ҳисобга олувчи ҳисобварақларнинг кредити бўйича акс эттирилади.
Молиявий лизинг шартномаси бўйича ҳисобланган фоизлар суммаси қуйдагича акс этирилади.
Лизинг олувчида- 9610-«Фоиз кўринишидаги ҳаражатлар» ҳисобварағининг дебети ва 6910-«Тўланадиган қисқа мудатли ижара » ҳисобварағининг кредити бўйича:
Лизинг берувчида- 4810-«Олинадиган қисқа муддатли ижара» ҳисобварағининг дебети ва 9530-«Фоиз кўринишидаги даромадлар» ҳисобварағининг кредити бўйича.
Молиявий лизинг шартномасининг шартларига кўра ижарага олинган асосий воситалар объектининг лизинг олувчининг мулкига ўтишида асосий воситаларни ҳисобга олувчи (0110-0190) тегишли ҳисобварақларнинг дебети бўйича ва 0310- «Узоқ муддатли ижара шартномаси асосида олинган асосий воситалар» ҳисобварағининг кредитида асосий воситаларнинг турлари бўйича ёзувлар амалга оширилади. Бир пайтнинг ўзида 0299- «Узоқ муддатли ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситаларнинг эскириши» ҳисобварағида ҳисобга олинган ушбу объект бўйича эскириш суммаси 0211-0290- «Асосий воситаларнинг эскириши» ҳисобварағига ўтказилади.
Агар молиявий лизинг шартномасининг муддати тугаши билан асосий воситалар лизинг берувчига қайтарилса, у ҳолда ҳисобда 0299- «Узоқ муддатли ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситаларнинг эскириши» ҳисобварағининг дебети ва 0310- «Узоқ муддатли ижара шартномаси асосида олинган асосий воситалар» ҳисобварағининг кредити бўйича ёзувлар амалга оширилади. Агар ижарага олинган асосий воситалар объекти молиявий лизинг шартномасининг тугагунига қадар лизинг берувчига қайтарилса у ҳолда 0310- «Узоқ муддатли ижара шартномаси асосида олинган асосий воситалар» ҳисобварағининг кредити ва 0299- «Узоқ муддатли ижара шартномаси асосида олинган асосий воситаларнинг эскириши» ва 6910- «Тўланадиган қисқа муддатли ижара ва 7910- «Тўланадиган узоқ муддатли ижара» ҳисобварақларининг дебети бўйича ёзувлар амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |