Ролларга бўлиниб ўйнаш – педагог таклиф қилган дилемма вазиятини саҳналаштириш. Бундай ёндашувда ўрганилаётган муаммолар шахсий аҳамиятга эга бўлиб боради: ўқувчилар образга кирар эканлар, муаммони янада чуқурроқ ўрганадилар. Бу хилдаги машқларни бажаришда актёрлик қобилияти унчалик аҳамиятга эга эмас. Берилган ролга мос хулқ-атвор усулини (тарзини) танлаш, инсон ҳатти-ҳаракатларининг сабабларини, унинг кўнглида кечаётган ҳолатни ва юз бераётган воқеаларга муносабатини асослаб бериш қобилияти кўпроқ муҳимдир. Ўйин давомида иккинчи даражали ҳолатларни муҳокама қилиш билан овора бўлмасдан, қўйилган масалани ечиш муҳим.
Ҳар ким ҳар кимни ўқитади – ўқитувчи ўқувчиларга варақчалар тарқатади, бу варақчаларда, масалан, Конституциядан, шунга ўхшаш бошқа қонунчилик ҳужжатларидан, халқаро битим ёки биронта асар матнидан кўчирма бўлиши мумкин (ҳар бир иштирокчига биттадан варақча). Бунда ҳар учинчи ёки тўртинчи варақчада бир хил ахборот қайтарилади, яъни уч ёки тўрт карточка гуруҳдаги уқувчилар сонига мос нусхада кўпайтирилади. Ҳар бир ўқувчи “ўзининг” варақаси билан танишиб чиқиб, қисқа вақт ичида бундай маълумотга эга бўлмаган гуруҳдошларини “ўқитади”, худди шундай карточкага эга бошқа ўқувчилар унинг фикрларини тўлдириши мумкин.
Ўз позициянгни танла (фикрлар шкаласи) – бу ҳаракатчан ўйин варианти бўлиб, уни ўтказишда ўқувчиларнинг у ёки бу вазиятга муносабати аниқланади. Ўқувчилар олдида баҳс-мунозарага қадар муайян муаммо қўйилади ва унинг аниқ ечими берилади. Аудитория деворларига ечимга “Розиман”, “Рози эмасман”, “Шубҳаланаман” сўзлари ёзилган плакатлар осиб қўйилади (учта плакатга “100%”, “50%”, “0%” рақамларини ёзиш билан ифодалаш ҳам мумкин). Ўқувчиларга уларнинг нуқтаи назарини акс эттирадиган плакат ёнида туришни таклиф қилинг. Улардан ўзаро маслаҳатлашиб олиб, нега айнан шу позицияни эгаллаганини тушунтириб беришни сўранг. Баҳсдан сўнг шу гуруҳлар аъзолари нуқтаи назарлари ўзгарган-ўзгармаганлиги тўғрисида ўз фикрларини айтишлари керак. Ҳар бир гуруҳдан қарама-қарши томон келтирган энг ишонарли далилни айтиб беришни илтимос қилиш мумкин.
Бу машқ гуруҳларда ёзма равишда ҳам бажарилиши, мустақил экспертлар гуруҳи (ҳар бир гуруҳдан баҳсни кузатиб турадиган, лекин баҳсга аралашмайдиган бир киши ажратилади) эса ҳар бир гуруҳ танлаган қарорни изоҳлаб бериши мумкин.
Ақлий ҳужум – қисқа вақт ичида берилган масалани ечишнинг кўплаб йўлларини топишга имкон берувчи услуб. Педагог ўқувчиларга муайян қисқа вақт ичида муаммони ҳал этишнинг ёки муаммо вужудга келиши ҳақидаги фаразларнинг имкони борича кўп вариантларини айтишни таклиф қилади. Энг кўп миқдорда ғоя билдириш рағбатлантирилади. Қарор гуруҳдаги барча аъзолар томонидан қўллаб-қувватланиши лозим. Бир киши бу қарорни бутун аудитория эътиборига ҳавола қилиши керак. Гуруҳнинг қарорини ҳамма кўриши ва кейинчалик мақсадга йўналтирилган ҳолда муҳокама қилиш учун ватман қоғозига ёзиб қўйилса яхши бўлади.
Умумлаштириш – бунда ўқувчилар ўрганилаётган материалнинг асосий жойларини аниқлашлари, уларни турли усулларда муайян шаклга киритишлари ва ёзиб олишлари керак. Бундай ахборот рўйхат, қисқа иншо, жадвал, чизма, схема кўринишида бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |