ҲИКМАТЛИ СЎЗЛАРИ.
Ҳеч нарса мавжуд эмас. (Горгий).
Ҳуқуқ - бу куч.(Трасимах)
Ҳуқуқ кучлиларга хизмат қиладиган нарса. (Трасимах)
Индивид, алоҳида одам ҳамма нарсаларнинг ўлчови. (Протагор).
Ҳар бир нарсада бир-бирига қарама-қарши иккита фикр мавжуд. (Протагор).
Инсон ҳаёти-ҳаддан ташқари ўткинчи, бебақо. (Протагор).
Билим-бу ўзимиз ва вазият хақидаги билим, унда биз ўзимизни топамиз. (Суқрот)
Бир нарса борки, у умумий эзгуликдир. (Суқрот)
Умумий эзгуликни англаб олиш муҳим. (Суқрот)
Ўзингни ўзинг бил. (Суқрот)
Шуни биламанки, ҳеч нарсани билмайман. (Суқрот)
Левкипп ва Демокрит таълимотида борлиқнинг атомистик талқини
Қадимги Юнон фалсафасининг классик даврида борлиқнинг атомистик талқини шаклланди. Ушбу таълимот бир томондан фалсафий тафаккур тарихида мутлақо янги босқични бошлаб берган бўлса, иккинчи томондан, келажакдаги кўплаб илмий-фалсафий кашфиётлар учун мустаҳкам пойдевор яратди.
Борлиқни атомистик талқин этишнинг фундаментал тушунчаси атомдир. Атом сўзи юнон тилида «бўлинмас» деган маънони англатади. Фалсафа оламига Левкипп томонидан киритилган бу сўз модданинг энг кичик, энг майда қисмини аташ учун ишлатилган. Левкипп ва Демокрит атом ҳеч қандай алоҳида хусусиятга эга эмас, улар фазодаги шакли, миқдори (салмоғи) ва узлуксиз ҳаракати билан бир-биридан фарқ қилади, деб ҳисоблаганлар. Демокритнинг умри охирларида ёзган асарларида атомлар узун, думалоқ, эллипссимон, ҳалқасимон, учбурчаксимон шаклларга эга бўлиши мумкин, деб кўрсатилади.
Атом ҳақидаги илк ғоялар муаллифи Левкипп Демокритнинг устози ва дўсти эди. У Юнонистоннинг Абдер шаҳрида туғилган. У «Катта космос», «Ақл тўғрисида» каби асарларида борлиқ мавжуд, йўқлик эса йўқдир, уларни тиклаб турувчи майда моддий зарралар мавжуд, деган фикрларни баён қилади.
Левкипп мулоҳазаларига қараганда, атомлар деб аталувчи бўлинмас, ўзгармас зарралар доимий, абадий ҳаракатдадир. Улар бир-бири билан урилиши, бири иккинчисига илиниб қолиши орқали турли моддаларни ҳосил қилади, - дейди буюк файласуф. Бўшлиқда чексиз атомлар уюрмаларини ҳосил қилади ва ўша уюрмалардан оламлар пайдо бўлади. Ҳар бир уюрма ўз атрофида қобиқ ҳосил қилади ва алоҳида атомларнинг ташқарига чиқиб кетишига тўсқинлик қилади. Атомлар, Левкипп фикрича, ўхшашига қараб интилади: энг йириклари текислик ўртасида тўпланиб, ерни ҳосил қилади, майдалари эса, четга қараб интилиб, чиқиб кетади. Атомларнинг баъзи тўқнашуви ёнғин ҳосил бўлишига олиб келади, осмон ёритгичлари шу йўл билан ҳосил бўлган.
Коинотнинг шаклланиши ҳам нарсалар каби ҳосил бўлади ва маълум қонуниятга бўйсунади. Бу қонуният Левкипп таълимотида зарурият деб аталади.
Do'stlaringiz bilan baham: |