АСАРЛАРИ. Суқрот ёзма асар қолдирмаган. У суҳбат, мунозара, савол-жавоб воситасида ўзининг фалсафий-ахлоқий қарашларини баён қилган. Афлотуннинг «Федр» номли асарида қайд этилишича, Суқрот ёзувни кашф этган, мисрлик Тевт (Тето)га қарши чиқади. У ёзув билимни қуруқ, жонсиз қилиб қўяди, деб таъкидлайди ва жонли суҳбат-мунозарани ундан устун ҳисоблайди. Суқрот ҳақида унинг шогирди тарихчи Ксенофонт иккита асар ёзган: «Суқрот мадҳияси» (апологияси) ва «Суқрот ҳақида эсдталиклар». Афлотун эса, ўзининг бутун таълимотини Суқротга мансуб деб билиб,суҳбат, савол-жавоб, мунозара тарзида ёзган асарларида ўз устози ҳақида қимматли маълумотларни келтиради.
ТАЪЛИМОТИ. Баъзи софистлар каби Суқрот фалсафасининг марказида, инсон туради. Аммо инсон Суқрот томонидан фақат маънавий мавжудот сифатида изоҳланган. Шу нуқтаи назардан, Суқрот фалсафаси-бу ахлоқий антропологизм. Бундан ташқари, унинг фалсафасини диққат марказида бошқа софистлардан фарқли ўлароқ, натурфилософия эмас, балки билиш назарияси (эпистимология) ва ахлоқий-сиёсий масалалар туради. Суқротринг билиш назариясида тортишув,суҳбат, мунозара ёрдамида тушунчаларни таҳлил қилиш, уларни таърифлаш қизиқтирган. Ахлоқий-сиёсий соҳада эса, унинг мақсади софистларнинг шубҳанома(скептицизм) фалсафасини рад этишдан иборат бўлган. Бу ерда унинг асосий тезиси умумий эзгулик ва адолат хисобланган қадриятлар ва меъёрлар мавжуд, деган қоида ҳисобланган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Суқрот этикасининг асосий тамойиллари, шартли равишда, «эзгулик» ва «билим» бирликни ташкил этади, деган фалсафий таълимотга асосланади. Адолат нима эканлигини билиб олган инсон, адолатли иш тутади, харакат қилади. Адолатни моҳиятини тушунган ва адолатли фаолият кўрсатган одам бахтли бўлади.1
Суқрот фалсафаси аниқ реал одамга қаратилган. Унга мифология ҳам, физика ҳам ёт. У мифология шарҳловчиларини меҳнати кам самара берувчилар, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, Суқротни табиат ҳам кам қизиқтирган. «Ўзингни-ўзинг бил», «Мен биламанки, ҳеч нарсани билмайман» ҳикматлар Суқрот фалсафасини моҳиятини белгилайди.
Суқрот учун ўз-ўзини билиш масаласи муайян моҳиятга эга бўлган. Ўзини ўзи билиш-демак ўзини ижтимоий ва маънавий мавжудот сифатида шу билан бирга, фақат шахс сифатидагина эмас,балки умуман инсон сифатида англаб етиш демакдир. Суқрот фалсафасини асосий мазмуни ва мақсадини ахлоқий масалалар ташкил этади. Бу хақда кейинчалик Арасту «Суқрот ахлоқий масалалар билан шуғулланган, табиатни умуман тадқиқ этмаган» деб ёзади.
Суқрот инсон масаласини ўртага қўяр экан, аввало, унинг моҳиятини белгиловчи эзгулик ва ахлоқ масаласига тўхталган. Эзгулик, яхшилик тушунчалари арете сўзи билан ифодалаган.
Яхшилик-арете инсоннинг ҳақиқий имкониятларини жамоада мужассамлашуви демакдир. Шу маънода, яхшилик ижобий моҳиятга эга бўлган. Арете сўзининг асосий моҳияти ахлоқий камолотга эришиш. Аретега эга бўлган киши ўз ишини қандай зарур бўлса, шундай бажаради. Ўқитувчи талабга мувофиқ ўқитса, у аретега эришган бўлади. Умуман олганда, Суқрот антик ва жаҳон фалсафаси тараққиётига ҳасса қўшган буюк мутафаккирдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |