14. Нима, элимиз шунчалар жасоратсиз ва она юртига вафосиз халқ бўлганми? Асло! Аждодларимиз ўта жанговар бўлган.
Аммо, аждодларимиз дастлаб душманга қарши курашда яхлит халқ сифатида бирлаша олмади, чунки бунга тегишли шарт-шароитлар ҳам етишмас эди. Жанглар хал қилувчи паллага кирганда (масалан, Искандарга қарши Спитамен бошлиқ курашда) бир парча ерга боғланиб қолган аждодларимизнинг ўтроқ қисми жанговор туркий отлиқ қўшинга эргашмади, аксинча, Спитаменнинг ўз хотини эрига сотқинлик қилиб, унинг қотили бўлди. Араблар босқини даврида эса, мамлакатнинг ҳамон тарқоқ ҳокимликлар асосида яшашда давом этиши боис, ўша маҳаллий ҳокимликлар орасида бирлашган қудратли ҳарбий иттифоқ бўлиб курашиш ўрнига, аҳилликнинг заифлиги туфайли, Халифалик зардуштий аждодларимизни тумтарақай қилиб, сиёсий ва маънавий ҳукмронликни қўлга киритди.
Хоразмшоҳлар давлати ҳар жиҳатдан қудратли империя бўлишига қарамай, Олий бош қўмондоннинг қатьиятсизлиги, ҳарбий машваратда қабилавий ўзаро ички келишмовчиликлар, феодал бебошлиқлар мамлакат бошига кўп кулфатлар келтирди. Сўнгги феодализм даврида Ўрта Осиёнинг уч хонликка бўлиниб кетиши, улар ўртасидаги тинимсиз талончилик ва ўзаро босқинчилик урушлари Чор Россиясига қўл келди.
Доно халқимизнинг “бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар” мақолининг ҳаётийлиги яна бир бор исботланди. Натижада, аждодларимиз яқин 850 йил босқинчилар зулми остида яшашга мажбур бўлдилар. Буларнинг барчаси бизнинг менталитетимизга хос қусурлар натижасида юз берган, айнан “ўзбекчилигимиз”нинг иллатлари туфайли содир бўлган. Булар ўзбек менталитетида табора илдиз ортиб бораётган оммавий лоқайдлик, ғаразгўйлик, ҳасад, очкўзлик, иймонсизлик, ялқовлик, ноаҳиллик каби ўта ҳавфли, кўзга кўринмас, ботиний душманларимиз эмасми? Буларни тан олишлик ҳам мардлик15.
“Пахта иши”, “ўзбек иши”ни ўз айбини хаспўшлаш учун Марказ уюштирди, деймиз. Аммо, бунда ўз айбимиз ҳам борлигини тан олгимиз келмайди. Аслида аҳиллик, қатьиятлик бўлганида эди, томошобин бўлмаганимизда эди, қийноқлар, дўқ-пўписалардан қўрқиб сотқинлик қилмаганимизда эди, Марказнинг гидлянлари, ивановлари бутун бир халқнинг бунчалар ноҳақ қоралаб кетаолмаган бўлар эди. Ўзбек менталитетидаги иллатларимиз туфайли айбсиз айбдорга айландик.
Мана энди, “ёв қочса ботир кўпаяди” заилида иш тутиб, ўзбек халқининг бу ишда айби йўқ, демоқдамиз. Тўғри, бунда бутун халқни айби йўқ, аммо унинг ичида айбдорлари, лоқайд ва қўрқоқлари, сотқин ва иймонсизлари топилади. Нега шунчалар ноаҳллик ва қолоқлик ботқоғига ботдик! Чунки, ўзбек аталмиш халқни юксак маънавият қуроли билан муттасил, изчил, мунтазам тарбиялаб боришга интилмадик, лоқайдлик қилдик, ялқовлик қилдик.
Мана яна ўша Чор Россияси босқинига қайтайлик. Таниқли устоз тарихчи Ҳ.Зиёевнинг ёзишича, ўша кезларда Бухоро амирининг 40 минг, Қўқон ва Хива хонликларининг ҳар бирида 30 минг нафардан қўшин бўлган. Ўшанда биз ўзбекларга маънавий қолоқликдан кўра, сотқинлик, қўрқоқлик, ўзаро ғаразгўйлик каби иллатлар панд берган.
“Шахсан ўзим бу иллатдан жирканаман,-дейди Юртбошимиз. “Мен ҳар қандай ёвузликни сотқинликдан кўраман. Эзгулик ва ҳақиқатга садоқатли бўлмаган, уларга ишонмаган одам қўрқинчлидир. Табиатида сотқинлик хусусияти бўлган одам раҳбарлик курсисига ўтириб қолса борми, у ерда осойишталик йўқолди, деяверинг. Иккита одамнинг, иккита мамлакатнинг ўртасидаги урушни ҳам айнан шундай одамлар бошлаб беради
Do'stlaringiz bilan baham: |