6. Шу боис, жамоатчилик фикрининг шахс турмуш тарзи, тақдирини белгилашдаги устуворлик мавқеи беқиёсдир. Шу ўринда “ғарб қонунлари, шарқ урф-одатлари билан бошқарилади” деган ибора Шарқ халқлари лексиконидан жой олган. Дарҳақиқат, Шарқда, шу жумладан ўзбекларнинг турмуш тарзида ҳам кўплаб урф-одатлар қонунлар даражасида бажарилади. Масалан, оила даврасида, кенг жамоатчилик ўртасида ўтказиладиган барча маросимларимизда маҳалланинг бош-қош бўлиб туриши, қўни-қўшничилик анъаналаримиз, оила-турмуш маросимларимиздаги кўплаб урф-одатлар қонун даражасида бажарилади.
Ғарбда шахс жамоага ўзлигини юзага чиқариш, истеъдоди ва имкониятларини намойиш этиш, муайян мақсадларга эришиш воситаси сифатида қарайди. Жамоа инсоннинг ички, ботиний дунёси, руҳияти ва шахсий ҳаётига мутлоқ аралашмайди7. Шарқда эса жамоага асосий эътибор берилади. Шарқда, жумладан ўзбек миллий менталитетида жамоа инсонни ижтимоий назорат остида тутиб туриш, шахснинг жамоадаги мунтазам иштироки унинг умумий ахлоқий меъёрлари доирасида иш тутаётганининг исботи сифатида талқин қилинади. Жамоадан ажралган ҳолда иш тутиш инсоннинг ижтимоий бегоналашуви сифатида баҳоланади.
Ўзбек менталитетига хос ана шу жиҳатни юртбошимиз И.А. Каримов “Ўрта Осиёда биз бутун тарих давомида жамоа бўлиб яшаб келганмиз. Баъзи Ғарб мамлакатларида эса якка яшашга интилиш кучли. Бу бизнинг республикамиз учун мос эмас. Айтайлик бизда маҳаллачилик анъанаси жуда кучли.... Мен хусусиятлар тўғрисида гапирар эканман, Америкада шахс демократияси устувор бўлса, бизда бошқача меъёрлар асосида, яъни жамоа манфаатларига мос яшаш устунлигини айтмоқчиман8. Дарҳақиқат, ўзбек халқи жамоа манфаатлари, жамоачилик фикри доирасида, анъана ва урф-одатларга содиқлик негизларида бирлашишга мойил ва шунга интилувчи халқдир. Зеро, анъаналарнинг ўзи ҳам жамоатчилик фикрининг барқарорлашган ифодасидир9.
Анъаналар ва урф-одатлар халқни бирлаштирувчи миллатимизнинг энг яхши сифатлари. Бу ҳақда бошқа гап бўлиши мумкин эмас. Аммо, миллий хислатлар иқтисодиёт ва ишлаб чиқариш билан узвий боғланмаса у халқнинг келажаги кўринмайди, халқ миллат сифатида ҳалокатга учраши мумкин. Ундай миллатдан Берунийлар, Аҳмад Фарғонийлар, Муҳаммад Хоразмийлар, Амир Темур ва Улуғбеклар, Навоий ва Бобирлар, Машраб ва Нодиралар, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Абдулла Қодирийлар, Ҳабиб Абдуллаев ва Яҳъё Ғуломовлар етишиб чиқмайди. Миллат иқтисодияти қанча мустаҳкам бўлса, унинг “оила иқтисодиёти” ҳам шунча мустаҳкам бўлади. Иқтисодиёт оилада бола дунёга келиши билан бошланади. Оилада ўғилдир, қиздир туғилдими, ота-она ўртасидаги оила ришталари, оила занжири мустаҳкамланиб боради, яъни янги мустаҳкам оила туғилади. Ўзбек оиласи кўп болажонли бўлади. Шунинг учун халқимиз “болали уй бозор, боласиз уй мозор” деб беъжиз айтмаган. Оилада ўғил туғилдими, чорбоғда мевали дарахтлар ва тераклар сони ортади, қўшимча иморатлар солиш бошланади, қўрада хисори қўйлар, новвослар боқилади. Чунки, ҳа демай, тўйлар бошланади
Do'stlaringiz bilan baham: |