16-семинар материали
ЎЗБЕК МИЛЛИЙ МЕНТАЛИТЕТИ ВА УНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ
Ҳар бир халқнинг ўзига хос, ўзига мос миллий менталитети бор. Унинг таркиб топиши ҳам узоқ давом этадиган ижтимоий-психологик жараён бўлиб, у жамият, миллат, жамоа ёки алоҳида олинган шахснинг тарихан таркиб топган тафаккур даражаси, маънавий салоҳияти, инсоний қадр-қиймати, уларнинг ҳаёт қонунларини таҳлил этиш кучи, муайян ижтимоий шароитларда шаклланган ақлий қобилияти, руҳий қиёфаси ва қувватидир.
Менталитет халқнинг миллат даражасига кўтарилган ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва этномаданий ҳаёти давомида, унинг ижобий ва салбий сифатларини мужассамлаштирган ижтимоий-психологик ҳолати ва характер йиғиндиси сифатида, ўзига хос тарихий, этномаданий ва табиий-иқлимий шарт-шароитлар доирасида шаклланади. Миллий ўзига хослик эса узоқ тарихий жараёнларга муносабатда, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнлар, ўзаро этномаданий алоқалар, диний мансубликлар асосида таркиб топади.
Юртбошимиз И.А. Каримов мустақиллигимиз истиқболлари ва унинг ривожлантириш йўлларига бағишланган нутқларида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этар экан, миллатимизнинг жуда бой ва мураккаб тарихи, маънавий ахлоқий ва фалсафий дунёқараши, муомила муносабатлардаги ўзига хос хусусиятлар ва бетакрор ёндашишлар асрлар давомида халқ онги, тафаккури, хулқ-атвори ҳамда урф-одатларига сингиб, миллатимизнинг ўзини намоён этиш тарзига айланиб кетган жиҳатларини ўзбек миллатининг асоси деб билади1. Юртбошимиз минг бор ҳақлидирлар, чунки ўзбек халқининг ноёб миллий менталитети бўм – бўш жойда, ғойибдан пайдо бўлган эмас. Миллий удум ва урф-одатларимиз минг-минг йиллар давомида ҳаёт аччиқ-чучукларини тотиб, ўт-оловда тобланиб, машаққатли турмуш имтиҳонларидан ўтиб муқим топган2. Шунинг учун ҳам ўзбек миллий менталитети серқирра ва мустаҳкамдир.
Ўзбек миллатининг босиб ўтган тарихий йўли, жуғрофий яшаш шароити: қуёшли кунлари, ҳосилдор замини, сер сув дарёлари, боғларининг тотли мевалари, халқининг меҳнатсевар одамохун фазилатлари шу халқнинг ақлий салоҳияти ва руҳий қувватининг юксакликка олиб келган.
Халқимизнинг ҳаётга, жамиятга, табиатга ва шароитга муносабати кўп минг йиллар давомида унга яратувчилик, меҳр-шафқат, мулоҳазалик ва осойишталик ато этган, ҳар бир кескин шароитда ҳам мулоқотдошига, каттага ҳурмат, кичикка иззат, муросаю мадора, андишаю мулоҳазага ўрин ва вақт топиш шароитида унинг менталитети шаклланган ва сайқал топган.
Узоқ тарихий жараёнлар давомида ўзбек миллий менталитети 4 та йирик диний-мафкуравий босқични босиб ўтди ва улар (диний мафкуралар) миллат феъл – атворида ўчмас из қолдирди.
Аждодларимизга хос биринчи диний-фалсафий мансублик зардуштийлик бўлиб, бу диннинг ахлоқий фалсафаси одамларни эзгуликка чорлаш, бошқаларга яхшилик қилиш юксак инсоний фазилатларнинг маънавий камолат чўққиси эканлигига ишонтиришдан иборат. Зардуштийлик фалсафасида ёвузлик жамиятни парчалашга, одамлар ўртасидаги инсоний муносабатларни бузишга қаратилган ҳайвоний ҳаракатлар эканлиги тараннум этилади. Бу диний-фалсафий қараш, авволам бор, суғорма деҳқончилик маданиятига мансуб ўтроқ аҳоли орасида кенг тарқалган. Чунки, зардуштийлик фалсафасида табиатнинг тўрт унсури муқаддаслаштирилган: қуёш (олов), ер (унумдор тупроқ), сув-инсон ҳаётининг қон томири сифатида жамиятга ҳаёт бағишлайди; ҳаво-инсон саломатлигининг бетакрор булоғи сифатида руҳан ва жисмонан тетиклик бахшида этади.
Эзгулик ёвузликнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашда ғолиб чиқади, одамлар фароғатда яшайди, дейилади зардуштийлик фалсафасида. Зардуштий диний мансублик инсон учун, унинг келажаги учун зарурий табиат унсурларини муқаддаслаштириб, тўрт буюк табиат неъматларини авайлаб асрашга, уларни қадрига етиш ва ифлос қилмасликка, тўғри фикр, тўғри сўз, тўғри амал инсон ботиний дунёсининг кундалик ҳаёт амали бўлишлигига чорлайди.
Ўзбек халқи миллий менталитетининг шаклланишида муҳим роль ўйнаган иккинчи диний мансублик-буддавийликдир. Тарихдан маълумки, қадимги аждодларимиз ҳеч қачон биқиқликда, ўзга халқлар билан иқтисодий ва маданий алоқаларсиз яшамаган. Шундай даврлар бўлдики, туркий дунёнинг жанговор қабилаларидан ҳисобланган юечжилар мамлакатимиз жанубий сарҳадларида кушонлар империясига асос солиб, унинг буюк ҳукмдори Канишка даврида миллий мустақилликка хос дадил қадам қўйилган ислоҳотлар ўтказилди: Канишка Юнон-Бақтрия давлати тангаларига тақлид қилмай, ўз пулларини зарб эта бошлади, яъни юнон ҳукмдорлари ва худолари акси туширилган тангалар ўрнига Кушон подшолари ва уларнинг самовий тулпорлари акси туширилган танга-пуллар зарб эта бошлади, грек тили ва ёзувини бекор қилиб, маҳаллий боҳтарий тил ва ёзувига давлат мақоми берилди. Канишка диний бағри кенгликка амал қилган ҳолда, милодий 100 йилда диний қурултой ўтказиб, империя ҳудудларида буддавийлик динига давлат мақоми берилиб, унга атаб мамлакат ичра маҳобатли буддавийлик ибодатхоналари, чиллахона ва ступалар қурдира бошлади. Масалан, Сурх-Катал, Рабатак, Хадда ибодатоналари, Зурмала ва Фаёзтепа меъморий комплекслари шулар жумласига киради.
Буддавийликка хос фазилатлар хотиржамлик, ҳар бир инсон ўз ҳаётида жуда кўп эзгулик қилиши ва бу эзгулик амаллари унинг ҳаёт мазмунига айланиши керак. Буддавийлик бошқа динлардан фарқли ўлароқ, дунёда ҳеч бир ўзгармас нарса йўқ, ҳаёт доимо ривожланишда, ўзгарувчан, деб уқтиради. Ҳаётда фақат он ва лаҳзалар силсиласи мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири йўқолиб, кейингисига ўрин беради, дейди. Будда таълимотига кўра, инсон доимо азоб-уқубатга маҳкум ва бунга унинг ўзи сабабчи. Зеро у, гарчан бефойда бўлса ҳам, ўз ҳаёти ва фаровон турмушини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Азоб-уқубатдан қутилиш учун кўнгил хушлик қилади, булардан у ўзини тийиши керак. Мунтазам равишда маст қилувчи ичимлик ичмаслик, ёлғондан, ўғирлик, таъмагирлик, юлгичлик, зино қилишликдан сақланиш керак, деб уқтирилади.
Буддавийлик таълимоти Ўрта Осиёга, жумладан, она диёримизнинг жанубий сарҳадларига милодий эра бошларида кириб келди ва ислом динига қадар аждодларимиз эътиқодидан жой олди. Сурхондарё вилоятидан топилган Айртом, Қоратепа, Зурмала, Далварзинтепа, Фаёзтепа, Куёв қўрғон ва бошқалар ҳамда Фарғона водийсининг қадимги Кува шаҳридан топиб ўрганилган Будда ибодатхонаси аждодларимизнинг ана шу буддавийлик эътиқодидан далолат беради. Бу ёдгорликларнинг диний-фалсафий ва меъморий шаклланиши буддавийликнинг Ганхара санъати йўналишида ривож топди.
Ўзбек халқи миллий менталитетининг шаклланишида жуда муҳим маънавий ва ғоявий роль ўйнаган учинчи диний мансублик ислом дини ва унинг ахлоқидир. Халқимиз эътиқодидан жой олган зардуштийлик ва буддавийликнинг инсон фазилатига хос энг яхши ибратли ахлоқ ва одоб нормалари-эзгулик йўлидаги инсон камолоти: эзгу ният, эзгу сўз ва эзгу амал ислом маънавий дунёсида ҳам тарбия ва таълим мактабининг асоси сифатида янада ривожланди. Ислом ахлоқи асосида қурилган жамият илмий тараққиёт билан уйғунлашгандагина инсон фаровонлиги таъмин этилиши таъкидланди. “Ҳозирги маданият даврида диёнат билан тараққиёт бирга яшай олмайди, деб хато фикр юритадилар,.....ҳақиқатда эса дин покликка қурилган ахлоқдир. Динимизнинг асли ақлдир, қуроли эса илмдир”
Do'stlaringiz bilan baham: |