Легирланган пўлатлар. Кам легирланган пўлатлар қурилиш тизимида кўпроқ ишлатилади. Бу пўлатлар таркибида углерод миқдори 0,2% ошмаслиги шарт, акс ҳолда пўлатнинг пластиклиги ва коррозияга чидамлилиги пасаяди ҳамда пайвандланиши қийинлашади. Юқори сифатли пўлатлар кафолатланган хоссаларига кўра 15 категорияга бўлинади. Легирловчи қўшимчалар пўлат хоссасига қуйидаги тарзда таъсир этади: марганец мустаҳкамлигини, қаттиқлигини ва едирилишга бардошлилигини, кремний ва хром мустаҳкамлиги ва оловбардошлигини, мис коррозияга чидамлигини оширади; никел эса пўлатнинг зарбий мустаҳкамлигини ва қовушоқлигини оширади. Никел, хром ва мис билан легирланган пўлатлар пластиклиги юқори, яхши пайвандланадиган бўлади. Улар асосида бино ва иншоотлар конструкциялари, кўприк қурилмалари ва ш.к. тайѐрланади. Металл конструкциялар тайѐрлашда кам углеродли, кам легирланган ВСт3сп5, 10ХСНД, 15ХСНД, 09Г2С, 10Г2СД маркадаги пўлатлар ишлатилади.
Ўртача ва кўп легирланган пўлатлар таркибига хром-никел, хром-никел- марганец легирловчи қўшимчалар киритилади. Бундай пўлатлар коррозия муҳитига чидамли бўлади.
Пўлат буюмлар Пўлат буюмлар тайѐрлаш технологияси
Прокатлаш. Прокатлаш усулида профилланган пўлат буюмлар тайѐрланади. Бу усулда пўлат қуйма прокат станининг айланадиган жўвалари орасидан ўтказилиши натижасида муайян профилли шаклга киради. Пўлат совуқ ва иссиқ ҳолатларда прокатланади. Прокатлаш жараѐнида пўлат загатовка чўзилади, сиқилади ва ингичкалашади. Иссиқ ҳолатда пўлатни прокатлаб юмалоқ, квадрат, бурчаклик, қувур, швеллер, қўштавр, такрорланадиган профилли арматуралар тайѐрланади. Совуқ ҳолда прокатлаш усулида пўлат загатовка кичик тешиклардан (филерлар) ўтказиб ингичкаланади. Чўзиш усулида сим, кичик диаметрли қувурлар тайѐрланади.
Болғалаш. Болғалаш усулида чўғланган пўлат загатовкага болға зарблари билан ишлов бериб керакли шаклга келтирилади. Болғалаш усулида болт,анкер, скоба ва ш.к. пўлат буюмлар тайѐрланади. Бу усулнинг камчилиги ўта аниқ ўлчамдаги буюмларни олиш қийинлигидир.
Штамплаш. Штамплаш жуда аниқ ўлчамдаги пўлат буюмлар тайѐрлаш усули бўлиб, болғалаш усулининг бир тури ҳисобланади. Бу усулда пўлат загатовка болға зарблари остида чўзилиб, штамп шаклига киради. Штамплаш усулида кўпроқ пўлат листларга ишлов берилиб, турли шаклдаги буюмлар ва қисмлар тайѐрланади.
Пресслаш. Пресслаш усулида пўлат матрицадаги махсус тешик орқали сиқиб чиқарилиб шакл берилади. Бунда қуйма ва прокатланган загатовкалар дастлабки материал вазифасини ўтайди. Пресслаш усулида турли кесимли, фасон профиллар тайѐрланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |