Пластификаторлар полимер таркибига эластикликни ошириш ва мўртликни камайтириш мақсадида киритилади. Пластификаторлар сифатида дибутилфтолат, камфора, олеин кислотаси, поливинилацетат, СКС-65 ГП латекси ва бошқалар тавсия қилинади.
Қотиргичлар (катализаторлар) пластмасса ва бошқа композицион полимер материаллар қотиш жараѐнини тезлаштиради ва юқори мустаҳкамликдаги маҳсулотлар олишни таъминлайди. Қотиргичлар сифатида кислоталар ва ишқорлар, оргоно-минерал комплекслар ва ш.к. ишлатилади.
Қотиргичлар (катализаторлар) полимерлар қотиши жараѐнида реакцияга киришиб янги модда ҳосил қилмасдан фақат жараѐнни тезлаштириш хоссасига эгадир. Улар қўлланилиши туфайли полимерланиш жараѐнлари атмосфера босими ва хона ҳарорати шароитида қисқа муддат ичида юз беради ва маҳсулот таннархининг кескин камайишига сабаб бўлади.
Стабилизаторлар пластмасса ва бошқа композицион полимер материалларнинг вақт бўйича эскиришининг олдини олади. Улар пластмассаларни қуѐш нури, ҳаводаги кислород ва бошқа газлар, иссиқлик ва ш.к. муҳитлар таъсирига чидамлилигини оширади.
Бўѐқлар пластмассаларга маълум ранг беради. Бўѐқлар сифатида органик моддалар (нигрозин, хриозоидин) ва минерал пигментлар (охра, мўмиѐ, ултрамарин, белила, умбра ва бошқ.) ишлатилади.
Порофорлар (ғовак ҳосил қилувчи) пластмасса таркибида полимерларни (кўпайтириш) усулида енгил материаллар олиш учун хизмат қилади.
Пластмасса ва бошқа композицион полимер материаллар таркиби учун компонентларни тўғри танлаш ва улар орасидаги мутаносибликни сақлаш улар асосида тайѐрланадиган буюм ва конструкциялар хоссаларини ва ишлатилиш соҳаларини белгилайди.
Пластмассалар қурилиш материаллари ичида конструктив сифат кўрсаткичи юқори, яъни хусусий массаси кам, мустаҳкамлиги эса юқори материал ҳисобланади. Улар алюминийдан 2 марта, пўлатдан 5-6 марта енгил. Пластмассаларнинг зичлиги 0,8-1,8 гсм3, ўртача зичлиги эса 20 дан 2200 кгм3 гача ўзгаради.
Пластмассалар мустаҳкамлиги кенг чегараларда ўзгаради. Кукун ва толасимон тўлдиргичли пластмассаларнинг сиқилишдаги мустаҳкамлиги 120-160 МПа, ѐғоч шпонли пластикларники 200-220 МПа, СВАМ ники (шиша толали анизотроп материал) эса 420 МПа. Порофорли пластмассаларнинг сиқилишдаги мустаҳкамлиги одатда 0,1-10 МПа атрофида бўлади.
Толасимон ва қатламли тўлдиргичли пластмассаларнинг узилишдаги мустаҳкамлик чегараси юқори бўлади. Масалан, текстолитники 150 МПа, ѐғоч шпонли пластмассаларники 350 МПа.
Пластмассаларнинг иссиқ ўтказувчанлиги унинг ғоваклигига боғлиқ бўлади. Ўта енгил пластмассаларнинг иссиқ ўтказувчанлик коэффициенти 0,03 Вт(м.0С).
Пластмасса турига қараб ишқор, кислота, туз эритмалари ва бошқа агрессив муҳитларга чидамли бўлади. Юқори зичликдаги ва мустаҳкамликдаги пластмассалар едирилишда ва зарбга бардошлидир.
Пластмассалар таркибига бўѐқлар қўшилиб турли рангли маҳсулотлар олиш мумкин.
Органик шиша (полиметилметакрилатлар) шаффоф бўлиб, 1% дан кам ултрабинафша нурларни ўтказади, оддий ойна эса 70% дан кўп нурни ўтказади.
Пластмассаларни арралаш, тешиш, фрезерлаш, рандалаш, чархлаш ва бошқа технологик ишлов бериш осон. Пластмасса буюмларни ўзаро ва бошқа материаллар (металл, ѐғоч, мато ва ш.к.) билан елимлаш мумкин. Бу имкониятдан фойдаланиб турли хусусиятларни ўзига мужассам қилган елимланган қурилиш буюмлари, конструкциялари ва қисмлари тайѐрланади.
Пластмасса буюмларни пайвандлаш осонлиги улар асосида мустаҳкам йиғма конструкциялар тайѐрлаш имконини беради. Механизациялаштирилган пайвандлаш усулида трубопроводлар, коррозия муҳитидан ҳимояловчи гидроизоляция қатламлари ҳосил қилиш ва бошқа ишларни амалга ошириш мумкин.
Баъзи пластмассаларнинг (полимерлар) ѐриқларисиз ўта юпқа пардалар ҳосил қилиш имконияти улар асосида коррозияга бардошли ва пардозлаш бўѐқлари ва локлари тайѐрлашга замин яратади.
Пластмассалар ва бошқа композицион полимер материаллар ўзига хос камчиликларга эга. Пластмассаларнинг иссиққа бардошлилиги юқори бўлмай, 700С дан 2000С гача бўлади.
Иссиқдан чизиқли кенгайиш коэффициенти юқорилиги пластмассаларнинг асосий камчиликларидан ҳисобланади. Одатда 25.10-6 - 120.10-6 атрофида бўлиб, пўлатнинг ушбу кўрсаткичидан 2,5-10 марта
кўпдир. Пластмассаларнинг бу камчилигини бошқа материаллар билан комбинациялашган буюм ва конструкциялар олишда, антикоррозион қопламалар ҳосил қилишда, катта ўлчамдаги конструкцияларни йиғишда (масалан, трубопроводлар, ҳавойи конструкциялар) ҳисобга олиш зарур. Пластмассаларнинг бу камчилигини таркибига имкон қадар тўлдиргичлар киритиш усули билан бартараф этиш мумкин.
Пластмассаларнинг камчиликларидан бири юклама таъсирида вақт давомида деформациянинг ортиб боришидир (ползучест). Бу камчилик пластмассалар асосида юк кўтаришга мўлжалланган конструкциялар тайѐрлашда ҳисобга олиниши керак.
Баъзи пластмассалар юқори ҳарорат таъсирида ва ѐнганда зарарли газларни ажратиб чиқаради ва атроф-муҳит ѐки хоналарда токсинлашган шароитни ҳосил қилади. Поливинилхлорид сингари термопластик полимерлар хона ҳарорати ва намлиги шароитида ҳам инсон учун зарарли хлор моддасини ажратади. Пластмассалардан зарарли газ ва суюқликлар ажралишини бартараф этиш учун таркибига стабилизаторлар қўшилади.
Пластмассаларнинг умумий камчилигига қуѐш нури ва кислород таъсирида эскириши киради.
Пластмассалардан тайѐрланган буюм ва конструкцияларнинг асосий хоссалари ва муайян муҳитларга бардошлилиги уларнинг ишлатилиш соҳаларини белгилайди. Пластмассаларнинг хоссаларини таркибига турли модификаторлар киритиб ўзгартириш, яхшилаш ва бошқариш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |