Монолит темирбетон конструкциялар
Ривожланган мамлакатлар қурилиш мажмуасида бино ва иншоотларни монолит темирбетон асосида барпо этиш долзарб масаладир. Монолит қурилиш тизими темирбетон буюм ва конструкцияларни аввалдан тайѐрланган исталган шаклдаги унификациялаштирилган йиғма қолипларга қуйиш билан характерли.
Монолит усулда бино ва иншоотлар қурилганда қурилиш вақти қисқаради, монтаж ишлари кескин камаяди, иморатнинг мустаҳкамлиги ошади, қурилиш майдонидаги омборхонага зарурат бўлмайди.
Ҳозирги кунда оғир металл қолиплар ўрнига енгил пишиқ металл ва шишапластиклардан йиғиладиган универсал қолипларнинг ишлатилиши монолит қурилиш тизимининг янада ривожланишига сабаб бўлмоқда.
Монолит темирбетон конструкциялар асосан оғир ва ғовак тўлдиргичлардан тайѐрланади. Тураржой бинолари деворлари ячейкали бетонлар асосида қурилиши мумкин. Махсус иншоотлар монолит қурилишида ўта оғир, иссиқликка бардошли, агрессив муҳитларга чидамли ва бошқа турдаги бетонлар ишлатилади.
Монолит темирбетон учун арматура заводда ѐки бевосита қурилиш майдони яқинидаги арматура цехида йирик каркас блоклари ва тўрлари кўринишида тайѐрланади.
Бетон қоришмаси темирбетон заводида ѐки қурилиш майдонидаги бетон қориш марказида тайѐрланади.
Заводда тайѐрланган бетон қоришмаси автобетоновозлар, масофа қисқа бўлганда автосамосвалларда ташилиши мумкин. Бетон қоришмаси ташилаѐтганда қатламланмаслиги, атмосфера муҳити омиллари таъсирида таркиби ўзгармаслиги шарт. Айниқса, Ўзбекистоннинг қуруқ иссиқ иқлимида бетон қоришмасини ташишда сувсизланишининг олдини олиш долзарб масаладир.
Ҳозирги вақтда қурилиш тизимида бетон қоришмасини қуруқ ҳолда ташилиб ва бевосита объектнинг ўзида сув билан аралаштирилиб ишлатиш жуда яхши натижалар бермоқда.
Қурилиш майдонида бетон қоришмасини узатиш кран, транспортер, бетоннасос ѐки сиқилган ҳаво воситасида ишлайдиган қувурлар орқали амалга оширилади.
Сиқилган ҳаво воситасида ишлайдиган қувурсимон транспорт ѐрдамида бетон қоришмасини 150 м гача масофага узатиш мумкин.
Монолит темирбетон конструкциялар узлуксиз ѐки даврий усулда алоҳида блоклар ѐки бўлмалар кўринишида қуйилади. Узлуксиз усул бино ва иншоотда чоклар бўлмаслиги ва бетон таркибига махсус талаблар қўйилганда ишлатилади.
Бетон қоришмаси қатлам-қатлам ҳолда қуйилади ва ички титраткичлар ѐрдамида зичлаштирилади. Бетон қоришмаси қолипга қуйилгач, токи бетон лойиҳадаги мустаҳкамликка эришгунча парваришланади. Бунда цемент гидратацияси таъминланиши учун ҳарорат ва нисбий намликни зарур кўрсаткичларда ушлаб туриш зарур.
Монолит бетонлаш ишлари ѐзда амалга оширилганда янги қуйилган бетон юзаси қуришидан ва ѐғин-сочиндан сақланиши керак. Бунинг учун намни сақлайдиган ѐғоч қипиғи, қум, шлак кукуни сепиш ѐки полимер плѐнкалар, каноп тўқималар билан ѐпиш тавсия этилади. Қолиплар ечилган бетоннинг вертикал қисмига сув сепилиши рухсат этилади.
Ўзбекистоннинг қуруқ иссиқ иқлим шароитида монолит бетон қуйиш алоҳида тадбирларни амалга оширишни тақозо қилади. Бунда бетон қоришмасини ташиш, қолиплаш, айниқса парваришлаш ишларига алоҳида аҳамият бериш зарур. Автомобил йўллари, аэродром қопламалари ва шу каби юзаси катта темирбетон монолит конструкцияларни қуришда бетонни парваришлаш учун тўшалма материаллар (полиэтилен, полипропилен плѐнкаси ва ш.к.) ѐки плѐнка ҳосил қилувчи полимерлар (этинол лаки, гелполимерлар) ишлатилади.
Монолит бетонлаш қишки даврда бажарилганда бетон қоришмасини ва қотаѐтган бетонни музлашдан сақлаш асосий масаладир. Монолит бетонни музлашдан асрашнинг турли усуллари мавжуд. Бетонни иссиқлик изоляцияси материаллари билан вақтинчалик ўраб қўйиш, бетон қоришмаси таркибига сувнинг музлаш ҳароратини пасайтирувчи қўшимчалар (натрий хлорид, калций хлорид ва ш.к.) киритиш, ―термос‖ усули шулар жумласидандир. Иссиқлик изоляцияси материаллари сифатида ярим бикр минерал плита, шишапахта матлари (тўшамалар), гидроизоляция қопламали арболит, кселолит плиталари, ғовак тўлдиргичлар ва ш.к. ишлатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |