Хожа Аҳрор мажмуаси ХV асрнинг машҳур диний арбоби, Нақшбандия тариқатининг Самарқанддаги раҳномаларидан бири Хожа Аҳрор Валий номи билан боғлиқ. Тошкент вилоятининг тоғли Боғистон қишлоғида туғилган Хожа Аҳрор 1426 йилда 22 ёшида биринчи бор Самарқандга ташриф этади. Улуғбек вафотидан сўнг, 1451 йилда бутунлай Самарқандга қўчиб келади. Бу шаҳарда яшаб турган йиллари Темурий шаҳзодаларининг бири Абу Саид Мирзо ҳукмронлик қилган йилларига тўғри келади. Унинг тарбиясини олган шаҳзода Аҳмад ҳукмронлиги йилларида эса чекланмаган даражада обрў-эътиборга, ҳоқимиятга эришиб, Самарқанднинг амалдаги энг йирик заминдорига айланган. 1490 йилда вафот этган .
Мажмуа ХV-ХХ асрлар давомида Хожа Ахрор қабри яқинида бунёд этилган ва Нодир Девонбеги мадрасаси, икки айвон, масжид, минора ҳамда ҳовузли ҳовлидан иборат. Мажмуанинг марказида саккиз ёқли ҳовуз, унинг жанубида Хожа Ахрорнинг оқ мармарли қабртоши бор, қабртошга араб ёзувида ҳуснихат билан марсия ёзилган. Шимолда Нодир Девонбеги мадрасаси, тўрт бурчак ҳовлининг атрофида ҳужралар жойлашган, ховлининг ғарбида айвон бор, безаклари ХVII асрга хос, мармар курсили устунлар муқарнасли, шифти 3 қисмга бўлиниб, юлдузсимон шаклдаги ҳовузаклар ишланган. Иккинчи мурабба тарҳли айвоннинг шарқий томони очиқ қолган уч томони қалин девор билан ўралган, деворларига чуқур равоқлар ишланган; ён томонидан масжидга кирилади. Масжид синчли бино бўлиб, тўғри тўртбурчак тарҳли, ёғоч устун-тўсинли, шифти вассали, нафис нақшлар билан серҳашам безатилган. Масжид изорасига кошинкори нақшлар ишланган, меҳроб ва равоқлари муқарнаслар билан тўлдирилган, юқоридаги ҳошия қаторлар қирма усулида бажарилган. Ҳужралар ҳовлининг шимолида жойлашган, содда, безаксиз. Ховуз ёнида таги 6 қиррали минора қад кўтарган. Таъмир вақтида томи тунука билан ёпилган.
Нодир Девонбеги мадрасаси 1630-31 йилларда Нодир Девонбеги маблағига қурилган. Хожа Ахрор хонақоҳи ёнида жойлашганлигидан баъзан халқ орасида Хожа Ахрор мадрасаси хамда равоғида қуёш ва шерлар тасвири тушурилгани учун кичик Шердор мадраса номи билан ҳам юритилади.
Нодир Девонбеги мадрасаси бир қаватли, ҳовлисининг икки томонида айвон, хужралар, масжид ва дарсхона жойлашган. Бош тарзидаги пештоқ, айвон безакларига ўзаро уйғунлаштирилиб феруза, яшил ва сариқ рангларда майда ва жимжимадор нақшлар билан нафис безатилган. Гумбаз ости тоқи ва бағаллари безагида устанинг ижодий эркинлиги кўзга ташланади.
1994 йил декабрда Самарқанд шаҳрида Шарқ мутафаккирлардан бири, аллома, йирик диний арбоб, нақшбандийлик раҳнамоси.Саид Аҳмад ёки Сайид Аҳмад Хожаги ибн Сайид Жалолиддин Косоний Даҳбедийга (1463-1542 й.) бағишланган халқаро симпозиум ўтқазилди. Юбилей муносабати билан Даҳбеддаги Маҳдуми Аъзам мажмуаси қайта тикланди. Машҳур олимнинг тариқатни бойитиш борасидаги тинимсиз саъй-ҳаракатлари уни “Маҳдуми Аъзам”, “Буюк жаноб” унвонига сазовор бўлишлигига сабаб бўлган.
Маҳдуми Аъзам илк таълимни Косон шаҳрида олган. Мадрасани битиргач, Шайх Мир Сайид Алига шогирд тушади, сўнг Тошкентга келиб Хожа Ахрорнинг шогирди Мухаммад Қозига халиф бўлади. Устози билан Ҳиротга сафар қилади, Абдурахмон Жомий билан учрашади. 1503 йилда Бухорога кўчиб келади. Бир оз вақт ўтгач, Ахсикатга бориб нақшбандийлик тариқатини тарғиб эта бошлайди. Мухаммад Қози вафотидан сўнг тариқат шайхлари Маҳдуми Аъзамни ўз пешволари сифатида эътироф этишди ва унинг шуҳрати Мовароуннахр хамда униннг атрофидаги мамлкатларга ёйилди. Бобур Маҳдуми Аъзамга бағишлаб рубоийлар ёзди. Маҳдуми Аъзам ҳам шоир ҳақидаги «Бобурия” рисоласини ёзиб, Ҳиндистонга жўнатган. Шайбоний султонлари ва ҳоқимлари Маҳдуми Аъзамни ўзларининг пири деб билганлар.
Маҳдуми Аъзам тасаввуф назарияси ва амалиёти, хусусан, нақшбандийлик таълимотини ривожлантирди. Унинг «Асрор ун-никоҳ” (“Никоҳ сирлари”), “Ганжнома (“Бойлик ҳақида рисола”), “Рисолат ун-самъиййатун” (“Самоъ рисоласи”), “Баёни зикр” (“Зикр баёни”), “Рисола-и-силсила-и-Хўжагон” (“Хўжагон силсиласига оид рисола”) каби 30дан ортиқ рисоласи бор. Бу асарларида уламолар, суфий шайхлар ва давлат арбоблари орасидаги муносабатларга ўзаро ҳурмат-иззат асосида қурилмоғи лозимлигини уқтирган. Маҳдуми Аъзам фикрича, тариқат аъзолари халққа яқин бўлиб, унинг дардлари ва эҳтиёжларига қайғудош бўлса, бу ҳам тариқатга, ҳам ҳалққа фойдалидир.
Махдуми Аъзам 78 ёшида Дахбед қишлоғида вафот этган. 1610 йилда Ялангтўш Баходир буйруғи билан унинг қабри устидан хонақоҳ ва дахма қурилган. ХVII асрда эса катта масжид қад кўтарган. Кейинчалик Махдуми Аъзам авлодлари хам шу ерга дафн қилинган. Нодир Девонбеги томонидан атрофи девор билан ўралиб, таъмир ишлари олиб борилган. Мажмуа шимолида ҳазира, жанубида кенг айвонли катта масжид, ёнида қичик масжид, шарқида дарвозахона, чиллахона ва хужралардан ташкил топган. Катта масжид-хонақоҳ, олти устунли, ўн икки гумбазли, айвони икки қаторли ўн тўрт устундан иборат. Кичик масжидга узун йўлак орқали ўтилади. Масжид икки устунли васса шифтли, айвони тўрт устунли, пой устунлари тошдан ишланган. Ҳазирадаги Махдуми Аъзам сағанаси кулранг мармар билан қопланган. Пастки қисмидаги 9-та мармар тоштахталар Махдуми Аъзам авлодлари, Ялангтўш Баходир ва унинг қизи Иқлимга тегишли бўлиб, кейинги йиллардаги таъмир вақтида ҳаммаси бир жойга тўпланган. Маҳдуми Аъзам мажмусида минора ва кенг ховуз жойлашган.
Do'stlaringiz bilan baham: |