РЕГИСТОН
Ўрта Осиё шаҳарсозлик санъатининг ажойиб намунаси. Бу ерда шаҳарнинг минг йиллик ўтмиши “саҳифалари”ни ўқиш мумкин. Айнан шу ерда Ўрта аср шаҳрининг бутун тарихи ўз ифодасини топган. Айтишларича, ҳамма йўллар Рим шаҳрига олиб боради, бу ўринда Самарқанднинг барча йўллари Регистонга олиб боради, дейиш мумкин. Регистон майдонига қадам қўйган хар бир киши қалбида ажиб бир ҳиссиёт пайдо бўладики, гуё асрлар силсиласи ортидан Шарқ бозорининг шовқин-сурони, хунармандларнинг ўз молларини мақтаб, харидор чақираётганликлари, ҳукмдор фармонини ўқиб эшиттираётган жарчининг янгроқ овози қулоқлар остида жаранглаётгандек туюлади.
Амир Темур ҳукмронлиги даврида Регистон майдони Самарқанднинг асосий савдо маркази, Мирзо Улуғбек даврида эса, расмий тантаналар ўтқазиладиган жой бўлган. Бироқ Регистоннинг шаҳар ижтимоий ҳаёти, савдо-сотиқ, ҳунармандчиликда тутган ўрни бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. ХУ аср ижодий тафаккурининг энг буюк ютуғи меъморий обидаларда ўз аксини топгани сабабли, шаҳар қурилишидаги энг асосий вазифа- Регистон майдонини меъморий обидалар мажмуасига айлантириш жиддий эътибор талаб қилган.
ХV асрга оид бу ажойиб меъморий мажмуа баҳайбат гумбазли хонақоҳ рўппарасидаги Улуғбек мадрасаси, Мирзои карвон саройи, унинг ёнидаги ҳаммоми Мирзо биноси, жануб томонидаги Алике Кўкалдош томонидан қурилган Самарқанд Жоме масжиди ва дарахтзорларга кўмилган, ёғоч ўймакорлиги усулида қурилган Мажиддин Муқатнинг кичик масжиди ва ҳовузни ўз ичига олган.
Регистон мажмуасиснинг ҳозирги кўриниши Улуғбек (1417-1422 й.), Шердор (1619-1639 й.) ва Тиллакори (1647-1660 й.) масжид-мадрасаларини ўз ичига олади.
УЛУҒБЕК МАДРАСАСИ
ўз даврида Ўрта Осиёнинг энг йирик ўқув муассасаларидан бири ҳисобланарди. Бу ерда илоҳиётдан ташқари, риёзиёт, астрономия, фалсафа ва нотиқлик санъати каби фанлар ўқитилган. Ўша даврнинг энг таниқли олимлари Қозизода Румий астрономиядан, Ғиёсиддин Жамшид математикадан мадраса талабаларига сабоқ берганлар. Айрим маълумотларга қараганда, Улуғбекнинг ўзи ҳам маърузалар ўқиган, олимлар ва талабалар билан тез-тез илмий баҳслар уюштириб турган. Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий каби буюк шоирлар шу мадрасада таҳсил олганлар. Улуғбек кўрсатмаси билан Бухоро ва Ғиждувонда ҳам шундай мадрасалар барпо қилинган, бироқ Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси бу даврда қурилган ва бизгача сақланиб қолган ўзига хос усулда бунёд этилган мадраса сифатида аҳамиятлидир. ХУ асрда мадрасалар қурилишининг энг маъқул йўллари ишлаб чиқилган эди. Айнан Улуғбек мадрасасида Ўрта Осиёда қурилган бундай иншоотларнинг энг ёрқин, ҳақиқий мумтоз ечими ўз ифодасини топди. Бинонинг меъморий тархи буюк даҳо томонидан яратилганлиги шундайгина кўриниб турибди. Лойиҳа муаллифи Улуғбекнинг падари бузруквори Шоҳруҳ Мирзонинг сарой меъмори, Хиротдаги машҳур меъморий биноларнинг ва Харгирдаги мадраса тарҳи ижодкори Қувомиддин Шерозий эди. Мадрасанинг ҳажми , ҳовлиси ва улуғвор қиёфаси Темур даврида қурилган бинолардан қолишмайдиган қилиб, 1417-22 йиллар мобайнида қурилган. Регистон ансамблининг ғарбида жойлашган. Икки қаватли, тўғри тўртбурчак тарҳли (56х81метр). Бош тарзи майдонга қараган, маҳобатли пешток мужассамотида кенг тоқили равоқ (баландлиги 16,5 метр), унинг икки ёнида гулдасталар (баландлиги 32 метр) бор. Равоқ тепасидаги юлдузли осмонни акс этган қанос безаклари ўзига хосдир. Гулдаста тепаси муқарнас, шарафалар билан якунланган. Пештоқ равоғи чети “морпеч” шаклида, токчасидаги намоёнлар ўзига хос услубда пардозланган. Пештоғи, гулдастаси ва ташқи деворларида гириҳ нақшининг турли бетакрор намуналари акс этган. Ганчкори панжаралар орқали хонага ёруғлик тушиб туради. Мовий ва кўк кошин ҳамда сопол ғиштлар воситасида геометрик нақшлар билан безатилган девор сатҳи ёзувлар билан ўзаро уйғунлашиб,кўзга яққол ташланиб туради. Пештоқ орқали чорси ховли (30х30метр)га ўтилади. Ҳовли атрофи икки қаватли хужралар (48та) билан ўралган, хар бир ҳужра қазноқ, ётоқхона, умумий хонадан иборат. Мадрасанинг шимолий ва жанубий тарзлари ўртасида ташқи томондан алоҳида пештоқлари бор. Мадрасанинг тўрт томонини дарсхона ва айвон эгаллаган. Масжид (22х8метр) жануби-шарқий томонга чўзилган. Ташқи тўрт бурчагида тўртта баланд минора бор. Хонақоҳ ва баъзи хужралар ичкариси нақшин безаклар билан пардозланган. Безаклари орасида куфий ва сулс ёзувлари учрайди. Вайрон бўлган иккинчи қавати, қийшайган гулдастаси, деворларидаги кўчиб кетган безаклар қайта тикланган. (1936 й.). В.Шухов ва М.Мауэрлар лойиҳаси асосида шимоли-шарқий минораси таъмирланган (1932 й.). Э.Гендель қийшайган минорани ўз холига келтирган (1965 й.). Таъмирлашда А.Умаров, Ш.Ғофуров, К.Жалилов,И.Шермухамедов, А.Кулиев каби усталар қатнашган. Улуғбек мадрасаси меъморий шакли, тузилиши жихатидан Ўрта Осиё меъморлигида шу турдаги бинолар орасида энг мукаммал юксак санъат намунаси ҳисобланади.
Улуғбек мадрасаси қурилганидан сўнг, орадан 200 йил ўтгач, Шердор ва Тиллакори мадрасалари барпо этилган. Ўз даврининг ижтимоий буюртмаси асосида қад ростлаган бу бинолар бир-бирига ўҳшамаса –да, уларнинг ҳар бирида ўз замонасининг қиёфаси акс этиб турибди.
Do'stlaringiz bilan baham: |