ХЎЖА ДОНИЁР мақбараси
Афросиёб тепалигининг шимолий бурчагида Сиёб анҳорининг қирғоғида Хўжа Дониёр мақбараси жойлашган.
Уни кимлардир Даниэл пайғамбар деб ҳам ҳисоблайдилар. Бошқа маълумотларда зикр қилинишича, у эрамиздан олдинги 1010-970 йилларда ҳукмронлик қилган подшоҳ Довуд билан қариндош бўлиб, зодагон оиласида 603 йилда дунёга келган. Яна бир манбада айтилишича, Сулаймоншоҳ аждодларидан бўлиб, ноёб гўзаллиги ақлу-заковати билан, олдиндан кўра олиш қобилияти билан бошқалардан ажралиб турган. Яҳудий дини ақидаларини бузмаган, шароб ичмаган, гўшт истеъмол қилмаган, фақат сабзавотлар еб, кун кечирган. Ўзининг ажойиб қобилиятлилиги боис Бобил салтанатининг уч ҳукмдоридан бирига айланган. Даниэл кексайган чоғида Суза шаҳрига кўчиб келган ва эрамиздан олдинги 532 йилда вафот этган.
Даниэл номи нозик руҳшунос, доно давлат арбоби ва буюк башоратчи сифатида тарих саҳифаларида қолган. Бу шахс ўз башоратлари билан шунчалик донг таратганки, учта энг йирик дунёвий дин тарафдорлари унинг шахсига эътиқод қилганлар. Жумладан, у юнонлар форс подшолигини мағлуб қилишлигини башорат қилиб, македониялик Искандарни ҳайратга солган. Исо пайғамбарнинг дунёга келишини ҳам олдиндан айтиб берган. Бу ҳақда христиан таълимотининг муқаддас китобида ва бошқа қадимий китобларда ҳам эслатиб ўтилган. Халқ ривоятларида айтилишича, бу шаҳснинг жасадига эгалик қилган кишига доимо бахт ва омад кулиб боқармиш. Дарҳақиқат, у яшаб турган юрт бой ва фаровон ҳаёт кечирган. Эхтимол, шу боис авлиёнинг қабри турли даврларда бир жойдан иккинчи жойга кўчирилиб турилган. Мусулмонлар уни Мухаммад пайғамбарнинг амакиси Қусам ибн Аббос розиллоҳу анхунинг издоши Хўжа Дониёр дея танийдилар. Ўз даврида Амир Темур ҳам Ироқдаги Хамадон шаҳри яқинидаги Суза (Шуш)дан авлиё қабрини Самарқандга олиб келиб, дафн қилишга буйруқ берган.
Мақбара Авлиё Хўжа Дониёр қабри устида қурилган чўзик (18 метр га яқин) тўртбурчак тарҳли пештоқ, беш гумбазли хонадан иборат. Айрим маълумотларга кўра, бу мақбара ХIХ асрнинг иккинчи ярмида, бошқа бир манбада эса, ХХ асрда қурилганлиги қайд қилинган. Пештоғи (шимолий томонда) ҳамда унинг икки ёнидаги қуббали, кўзасимон курсили гулдастлари ганч ўймакорлиги билан безатилган, ён томонларига ҳам равоқлар ишланган. Мақбара ичида чўзинчоқ дахма бор.
Манбаларда, Хўжа Дониёр қабри яқинида шифобахш сувли булоқ бўлганлиги эслатилади ва у хозирги кунда ҳам мавжуд. Х аср географи ва сайёхи Ал-Истахрийнинг гувоҳлик беришича, маҳаллий халқлар қабр атрофида диний маросимлар ўтқазиб, қабр ёнидаги анҳор сувини муқаддас ҳисоблаганлар. Бу шифобахш булоқ ҳақида Х1Х асрнинг 30 йилларида «Самария” китобининг муаллифи Абу Тохирхожа ҳам эслаб ўтган. Китобда хикоя қилинишича, 21 март Навруз байрамининг бошланишдан апрел ойининг охиригача Хўжа Дониёр мақбараси атрофида халқ сайиллари ўтказилган, одамлар дарахт гуллари билан тўлиб оқаётган Сиёб анҳорида чўмилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |