Respublika ilmiy-o'quv konsalting markazi” самарқанд шаҳри меъморий ёдгорликлари



Download 309 Kb.
bet2/13
Sana24.02.2022
Hajmi309 Kb.
#220277
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   13
Bog'liq
1 Самар анд ша ри меъморий ёдгорликлари збекча

Тарихдан бизгача шаҳар номи, у ерда яшаган одамларнинг машғулотлари, қадимий Шарқ каҳрамонларининг номлари билан боғлиқ бўлган кўплаб афсона ва ривоятлар етиб келган. «Китоб ал-канд фи тарихи Самарқанд”-“Самарқанд тарихи ҳақида ширин китоб” (Қандия)да ёзилишича, Бобилда маълум бўлган шарқлик ҳукмдор Тубба ибн ал-Мутабиянинг укаси Шамар ибн Харис бу ерда ўз номига “Шамар” деган шаҳар қурдирган. Бунга қўшилган суғдча сўз “қанд” шаҳар маъносини билдиради. Кейинчалик бу “Самар” ва “Канд” сўзларига айланиб кетган. Асардаги яна бир ривоятда, афсонавий Самар номли ҳукмдор ер юзини кезиб чиқиб, ниҳоят унга суви ва ҳавоси ёқиб қолган гўзал бир маскан топади ва бу ерда қудуқ қазишни буюради. Атрофда серунум ерлар кўп бўлиб, тез орада қудуқ атрофида аҳоли уй-жой қура бошлашади ва шаҳарга асос солинади. Ўрта асрлик муаллиф Абу Тоҳирхожа ўзининг “Самария” асарида Самарқанд қалъаси деворларини қурилиши билан боғлиқ бўлган бир неча маълумотларни келтиради. Уларнинг бирида бу қалъа деворлари афсонавий Эрон шоҳлари Кайковус, Қайқубод ёки Куршод томонидан қурилган дейилса, бошқа бирида уни Йаман ҳукмдори Малик Туббо қурдирган дейилади. Яна бир афсонада эса, бу ерларни ота мерос қилиб олган Фардун ўғли Самар (Саме) исмли киши ўз номи билан аталадиган шаҳар қурдиргани ҳақида ривоят қилинади. Табарий ўзининг “Пайғамбарлар тарихи” асарида ёзишича, бу шаҳарга Самар исмли подшоҳ асос солган. “Қанд” сўзи эса бу ерда ўтроқ бўли б яшаб қолган турк қабилаларининг бирининг номидир. Шаҳар номининг лингвистик изоҳи санскрит тилида хам ўз аксини топган “Самария” сўзи “йиғилиш жойи, тижорат аҳлининг тўпланадиган жойи”, деган маъноларни англатган. У дастлаб “Смараканса” деб аталган ва уни юнонлар “Мароканда” деб номлаганлар. Машҳур “Девони лўғатит турк” асарининг муаллифи Маҳмуд Қошғарий эса, ўз асарида туркча талқинини беради. “Семизкент-семиз, бой шаҳар”, деган маънони англатади. Бундай этимология тасодифан бўлмаса керак.
Нафақат афсоналарда, балки шаҳар таърифларида, шоирларнинг мадҳияларида, географ ва тарихчиларнинг илмий тилида ёзилган талқинларида, саёҳатчиларнинг эсдаликларида ҳам Самарқанд ерининг саховати, ажойиб табиати, санъати ва аҳолисининг очиқ кўнгиллиги ҳақида ҳайратли тавсифларга дуч келиш мумкин. Ўтмиш қаъридан эшитилаётган мана бу нидоларни тинглайлик: “Самарқанд ери семиз ва серунум, у мўл ҳосил беради. Бу ерда гуллар ва мевалар мўл-кўл. Бу юртда ажойиб асл зотли отлар етиштирилади. Бу ерда яшовчи аҳоли ўз кўшниларидан ҳунармандчиликдаги уддабуронликлари билан фарқ қиладилар. Бу ернинг иқлими ёқимли ва мўътадил». Бу маълумотлар VП асрда яшаган хитойлик буддавий миссионернинг кундаликларидан олинган. Шарққа танилган, Х асрда яшаган араб географи Истаҳрий Самарқандни “Ер юзининг энг роҳатбахш жойи, Оллоҳ томонидан яратилган дунёдаги энг ажойиб шаҳарлардан бири”, деб таърифлаган. ХII аср тарихчиси ал-Идрисийнинг ёзишича, самарқандликлар юраги гўзаликка ошифтадир. Улар орасида “дунёни безашга арзийдиган ажойиботлар ясовчи усталар кўп». ХV асрда яшаган Озарбайжон географи Абду Рашид ал-Бакувийнинг ёзишича, “Дунёда бундан яхшироқ, бундан ёқимлироқ шаҳар йўқ”.
Самарқанд шарқ гўзалликларини ўзига мужассам этган, ўзига хос қадимий қалъаси билан оламни лол қолдирган, афсонавий шаҳардир. Бу ерда ўрта аср меъморчилигининг ажойиб ёдгорликларини, тоборо ўсиб бораётган замонавий меъморчилик кошоналарини кўплаб учратиш, минг йиллардан бери ривожланиб келаётган шаҳар маданияти цивилизацияси изларини кўриш мумкин. Самарқанднинг дастлабки истеҳкомлари эрамиздан олдинги VIII-VII асрлардаги қадимий Шарқ ҳаётини ўзида акс эттирган.
Айни шу даврда Суғдда давлатчилик анъаналари шакллана бошланди. Самарқанд ҳудуднинг марказий шаҳарларидан бирига айланди. Давлатни ҳарбий зодагонлар бошқарар, улар учун эса ички ва ташқи томондан мустаҳкам муҳофаза деворлари бўлган махсус маҳобатли қаср керак эди. “Авесто”нинг муқаддас сахифаларида айнан мана шундай жамият ҳақида гап боради, унда бу жамиятга икки ғилдиракли жанг араваларида юрган энг ботир ўғлонлар бошчилик қилганлиги баён қилинади. “Авесто”да Суғд Ахурамазда томонидан “Олий кенгликлар”да барпо этилгани қайд қилинган. Бу ўринда (Бактрия) Бахди ва Моуру (Марғиёна) давлатлари ҳам тилга олинган. Ўша пайтлар Суғд Бақтрия билан биргаликда ягона Аҳмонийлар ҳокимлиги қўл остида бўлган. Айнан шу даврда жанубий савдо йўлларига асос солинган бўлиб, Самарқанд мустаҳкам мудофа қалъалари, ички кўшклари ва истеҳком қўрғонлар билан салоҳиятли шаҳарга айланди.
Шаҳарнинг ҳарбий бошқарув маркази эса қалъада жойлашган бўлиб, шаҳар ичида турар жой бинолари, ҳунармандлар маҳаллалари юзага кела бошлаган. Самарқанд атрофида эса темирчилар, тўқувчилар, кулолларнинг “йўлдош шаҳарчалари” қад кўтарган. Айнан ана шундай турар жой қолдиқлари, шунингдек, кўплаб меҳнат қуроллари, тайёр маҳсулотлар, бронзадан, тошдан, суякдан ясалган турли буюмлар, зеб-зийнатлар ҳозирги Самарқанднинг Университет ҳиёбонидан, Сартепа мавзесидан, Афросиёб харобаларидан, шаҳар тайёрагоҳига олиб борадиган йўлдан топилди. Кулолчилик буюмлари икки камерали улкан қўраларда пиширилар ва улар сифати билан Бақтрия, Марғиёна, Хоразмда тайёрланган буюмлардан қолишмас ва узоқ мамлакатларга олиб бориб сотиларди. Шаҳар ва қишлоқларни сув билан таъминлайдиган мураккаб каналлар тармоғи ҳам ана шу даврлардан меросдир. Эрамиздан олдинги IV асрнинг учинчи чорагида Ўрта Осиёга македониялик Искандар қўшинлари бостириб келди. Искандар Самарқандга эрамиздан аввалги 329 йилда Бақтрия тарафдан, тоғлардаги савдо йўллари орқали кириб келган. Лекин юнонлар томонидан йўл қўйилган талон-тарожликлар Суғдиёна ҳалқининг озодлик қўзғолонларига сабаб бўлган. Бу қўзғолонларга суғдлар сардори Спитамен бошчилик қилиб, Самарқанд истеҳкомларида шаҳар мудофаасини ташкил этган. Бу пайтда ўзининг асосий кучлари билан Сирдарё ҳавзаларида турган Искандар қамалдагиларга ёрдам учун отлиқ ва пиёдалардан иборат катта қўшин юборди. Лекин Спитамен ўзини чеккинган қилиб кўрсатиб, уларни Зарафшон (Политимет) бўйлари томон олиб кетди ва ёв қўшинлари тор-мор килинди. Бу енгилмас македонияликнинг Шарқда олиб бораётган урушларидаги биринчи йирик мағлубияти эди. Искандар ташвишларини бир чеккага йиғиштириб қўйиб, ўзининг асосий қўшинлари билан Самарқанд томон йўл олди. Бу уруш уч йил 327-йилдан Спитаменнинг фожиали ҳалокатигача давом этди. Искандар Самарқандни қўлга киритиб, бу шаҳар ҳақида ўз фикрини билдирди: “Самарқанд хақида нимани эшитган бўлсам, ҳаммаси ҳақиқат экан, фақат у мен тасаввур қилганимдан ҳам гўзалроқ экан”,- деб айтган эди.
Тез орада Искандар маҳаллий амалдорлар билан муросаю-мадора йўлига ўтди ва бу худудларда янги шаҳарлар, ҳарбий истеҳкомлар қуриш ҳақида буйруқ берди. Милоддан аввалги 327-йилда у Ўрта Осиёни тарк этиб, ўз ҳарбий юришларини Ҳиндистон томон йўналтирди. Унинг вафотидан сўнг улкан салтанат парчаланиб кетса-да, бу ҳудудларда Салавкийлар, Юнон-Бақтрия давлатлари юзага келди, Шарқ маданияти юнон маданияти элементлари билан қўшилиб кетди. Хитойдаги йирик Хан империясининг вужудга келиши, Европадаги Рим империясигача бўлган ҳудудларга чўзилиб кетган қитъалараро савдо алоқаларининг ўрнатилишига олиб келди. Милоддан аввалги II аср бу савдо йўли ( йўл кейинчалик немис олими Фон Рихтгофен томонидан киритилган атама–“Буюк ипак йўли” деб атала бошланди) нафақат қуруқликда, балки денгизлар оша энг қимматбаҳо молларни ўзаро айирбошлаш имкониятини яратди. Ўша даврда ипак ёки шойи газламалар Римда энг қимматбаҳо совға, кардиналларнинг обрўли кийим ибодатхоналардаги муқаддас совғаларга табаррук ёпқич ҳисобланарди. Ипак олтин мисоли қадрланган. Ипак газламалар эвазига иттифоқчиларнинг садоқати, ёлланма қўшинларнинг каҳрамонона хатти-харакатлари таъминланар, кўшни кўчманчи қабилаларнинг хавфли босқинларининг олди олинар эди.
Шундай қилиб, бу даврда икки дарё оралиғида жойлашган Самарқанд бу шаҳар Европа ва Осиёнинг энг муҳим савдо марказига айланди. Бу ерда ишлаб чиқарилган хунармандчилик маҳсулотлари: бурама дастали нафис ва хушбичим қадаҳлар, юпқа қилиб ишланган, қизил ва қора лаклар билан бўялган коса ва пиёлалар юнон ва римликларнинг маҳсулотларига ўхшаб кетади. Айниқса, куйдирилган гилдан ишланган юнон юпқа тахтачалар шарқий эллинизм маданиятининг аниқ белгиларини ўзида акс эттирган. Самарқанд теварагида шаҳарлар, истеҳкомлар, гуллаб-яшнаётган қишлоқлар пайдо бўлди, танга пул зарб қилиш йўлга қўйилди. Суғд ёзуви шаклланди ва унинг намуналари бизгача тангалар, сопол буюмлардаги битиклар орқали етиб келган.
Эрамизнинг IV-V асрларида халқларнинг буюк кўчиши юз берди, кўчманчиларнинг бир қисми Ўрта Осиёга Қозоғистоннинг чўл ҳудудларидан кириб кела бошладилар. Улар турли тилларида гаплашувчи этник гуруҳлар бўлиб, уларни ҳуннлар, кидарийлар, хионийлар, эфталийлар деб аташган. Бу қабилалалар, хатто Рим империяси чегараларигача бўлган ерларга етиб бордилар. Бир қисми Ўрта Осиёда ўтроқлашиб, кейинчалик турк халқларининг шаклланишига сабаб бўлганлар.
VI асрнинг ўрталарида Хитойдан бошлаб жанубий рус даштларигача чўзилган қудратли кўчманчилар империяси - Турк ҳоқонлиги вужудга келди ва йирик антик давлатлар парчаланиб, кичик-кичик мулкларга айланиб кетди. Улардан энг йириги Ўрта Осиёда марказий ўринни эгаллаган, пойтахти Самарқанд бўлган Суғд эди. Бу даврга келиб сўғд савдогарлари фаолияти ривож топди ва улар савдо карвонлари билан узоқ мамлакатларгача етиб бордилар, “Буюк ипак йўли” нинг қуруқликдаги энг муҳим қисмларини ўз назоратларига олиб, Буюк Хитой девори яқинларида ҳам ўзларининг савдо колониялари қурдилар, Шарқий Туркистонда эҳромлари билан янги шаҳарлар барпо қилиб, Қорақум, Шимолий Ҳиндистоннинг энг баланд ва хавфли довонларидан ўтиб, ҳинд савдогарлари билан товарлар айирбошлашни йўлга қўйдилар. Булар ҳақида маълумот суғд хужжатлари ва диний машқларда ўз аксини топган. Ҳозирда топилган муқаддас ҳайкалчалар, тоғ қояларига ўйиб чизилган турли расмлар бундан далолатдир. Хитойдан ўлпон сифатида келтирилган ипак газламаларни тезроқ сотишдан манфаатдор бўлган савдогарлар мулкдорларнинг хайрихоҳлиги ва қўллаб-қувватлашларидан фойдаланиб шаҳарлар ва карвон саройларни боғловчи янги–саҳролар ўртасидан ўтувчи савдо йўлларини очдилар. Эрон шоҳи “Буюк ипак йўли”нинг жанубий чегараларини биргаликда назорат қилишни таклиф этган турк ҳоқони элчиси Маниахни қабул қилсада, у олиб келган ипак газламаларни шаҳар майдонида намойишкорона ёқиб юборади. Эрон шоҳининг Суғд савдо карвонларини ўз ҳудудидан ўтказмаслик учун қилган бу ҳаракати “Ипак йўли”да янги йўналиш очилишига туртки бўлди. Савдо карвонлари Хоразм орқали Каспий денгизига, Турк хоқонлиги Византияга қатнай бошлади. Натижада Эрон шоҳига қарши бўлган Византия, ўртасида янги ҳарбий иттифоқ тузилиб, у давлатлар ўртасида савдо-сотиқ ривожи учун янги имкониятлар яратди.
Ўша даврлардан қолган ноёб ёдгорликлар - Хитойдаги Дунхуандан топилган суғдий кўҳна хатлар, Турфон ва Кашмирдаги ёзув намуналаридир. Суғдийлар нафақат хитой шойилари билан савдо-сотиқ қилар, балки бу қимматбаҳо маҳсулотни ўзлари ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлар. Бетакрор нақшлар билан тўқилган суғд шойилари Византия, Эрон, Хитойда тўқилган газламалар билан рақобат қилган. 629 йилда Самарқандда бўлган хитойлик сайёҳ Сюань Цзян уни “мўл ҳосилли, бошқа мамлакатлардан келтирилган молларга бой, бошқа ўлкаларга нисбатан ҳунармандчилик ва санъат билан шуғулланувчи кишилар кўп бўлган, гуллаб-яшнаган ўлка”,- дея таърифлайди. Ўша пайтлари Суғд шаҳарларидан бири жойлашган ҳозирги Челак атрофидан топилган қадимий суғд кумушидан тайёрланган, зиёфат, ов–жанг тасвирлари туширилган коса ва товоқлар бу ўлкада ҳунармандчилик муайян даражада ривожланганлигидан нишонадир. Ям-яшил боғлар билан ўралган шаҳар бинолари орасида, олди айвонлик меҳмонхоналари, гумбазли оилавий эҳромлари бўлган шаҳарлик аслзодаларнинг саройлари кўзга ташланиб турар, улар оқ ганчга ўйилиб тайёрланган ажойиб нақшлари, монументал ёзувлари ва расмлари билан кишига завқ бағишларди. Идишлардаги, тангалардаги ёзувларнинг услуби, матнлари бу ерда яшаган аҳолининг саводхонлигидан ҳам дарак беради.
Зарафшон дарёсининг бошланишида, баланд тоғлар ёнбағрида жойлашган Муғ қалъасидан Суғд таркибидаги Панч вилояти ҳукмдори Деваштичнинг ноёб архиви топилди. Пергамент, тери, ёғоч тахтачаларда қора туш билан ёзилган хужжатлар ҳукмдорнинг юридик ҳужжатлари ҳўжалик юритишга оид қайдномалар рўйхатлари қўшни мамлакатлар билан олиб борган музокоралари ва дипломатик алоқалари ҳақида маълумот беради. Бу ерга келган савдо карвонлари, элчилар орқали суғд ёзуви, мусиқа, рақс ва қўшиқ санъати турли мамлакатларга кириб борди.
Даврнинг маданият даражаси ҳақида гап кетганда, Афросиёбдан топилган фил суягидан ясалган қадимий ва ноёб шахмат доналарини ҳам эслаб ўтиш жоиздир. Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, самарқандликлар кўп жиҳатлари билан қўшни мамлакат одамларига намуна бўлганлар. Суғд ўлкаси эса турмуш ва ҳарбий ишларда ўзаро ҳамкор ва иттифоқдош сифатида Икки дарё оралиғидаги ўлкаларга бошчилик қилган. Самарқанд атрофидаги карвон йўлларида янги савдо марказлари- Панжикент, Кушания, Дабусия шаҳарлари, савдо йўлларини қўриқлайдиган қалъалар ва подшоҳ қароргоҳлари қурилган.
VII асрнинг иккинчи ярмида мамлакатга араб халифалигининг босқини бошлангач, Суғд ҳукмдорлари уларга қарши курашнинг раҳномаларига айланди. 712 йилда шаҳар Қутайба ибн Муслим қўшинлари томонидан ишғол қилинди. Лекин бир йил ўтмаёқ шаҳар аҳолиси араб босқинчиларига қарши мардоновор бош кўтарди. Бу ўринда суғд ихшиди – подшоси Гурак бошчилигидаги халқ ҳаракатини, Панч ҳокими–Диваштичнинг кўп йиллик курашини, Муқанна қўзғолонини эслаш кифоя. Курашларда ўзининг каҳрамонликлари билан араблар томонидан “Абу Муззаҳим”- “сузағон” лақабини олган турк ҳукмдори ва маҳаллий аҳоли бу озодлик ҳаракатларида фаол қатнашдилар. Жангларда Самарқанд шаҳри шунчалик кўп зарар кўрди-ки, VIII асрда яшаган Абу Токи Тархон афсусланиб, куйидаги сатраларни ёзганди: “Самарқанд! Вайронага айланган Самарқанд! Сенинг нақшларинг кўчиб тушди! Энди сен Чочдан гўзалроқ эмассан, сен энди вайроналикдан мангу чиқмайсан!”. VIII асрнинг ўрталарига келиб Самарқанд Аббосийлар халифалигининг йирик ҳарбий бошлиғи Абу Муслимнинг муҳим ҳарбий марказларидан бирига айланди. Шаҳар халифанинг Самарқандаги ноибининг қароргоҳи деб эълон қилинди ва қайтадан тикланди. Мовароуннаҳр йирик савдо-ҳунармандчилик ва маданият марказига айлана бошлади. Шарқ ва Ғарбдан келаётган энг муҳим савдо карвонларининг бу шаҳарга қатнови яна тикланди.
Х аср араб географи Истаҳрий шаҳарни “дунёнинг турли бурчакларидан келаётган савдогарларнинг қуруқликдаги муҳим бандаргоҳи, бу ерда улар ўзаро мол айирбошлашиб, давлатга катта фойда келтираётир”, – дея эътироф этганди. Суғд савдогарларини Мисрдан тортиб Хитой ва Ҳиндистонда ҳам учратиш мумкин эди.
Самарқандлик ҳунармандларнинг маҳсулотлари: рангли шишадан тайёрланган мафтункор қадаҳлар, муқаддас оятлар ёзилиб, мураккаб геометрик шакллар билан нақшланган кулолчилик маҳсулотлари, ҳарбий кийимлар ва қурол-яроғлар, олтинранг кимхоб ва жун газламалар, қимматбаҳо тақинчоқлар ва тошлар, муҳрлар, бошқа кўплаб савдо моллари халифалик бозорларида машҳур бўлиб кетганди. Самарқанд қоғозининг донги эса Ўрта Осиёдан ташқаридаги ўлкаларга ҳам тарқалди. Қиймати жуда баланд бўлган Самарқанд кумуш дирҳамлари Европада, ҳусусан, ҳозирги Италия, Германия, Швеция, Норвегия, Готланд ороллари ҳудудларида ва қадимги Киев Руси князликларида ҳам юқори баҳоланган.
Бу даврда Ўрта Осиё шаҳарлари арк, шаҳристон ва работдан иборат бўлган. Самарқанддан шаҳар ҳаётининг ривожланиши натижасида, шаҳар IХ-ХП асрларда Шаҳристон ташқарисида ҳам кенгайиб борди. Зарафшон водийсининг кенг майдонларида, Чўпон ота қирларида, Дарғом каналининг қирғоқларида янги турар жой манзиллари, қишлоқлар пайдо бўлди. Манбаларда эслатилишича, Самарқанд ўзининг доимо яшил боғ-роғлари билан машҳур эди. Истахрийнинг тасвирлашига кўра, “қасрлар ям-яшил боғлар ичида кўзга кўринмай кетади, боғларнинг соялари кўм-кўк зилол сувли ҳовузларда акс этади”. Сув шаҳарга махсус қўрғошин қувурлар орқали етказилган., “Жуи арзиз” деб аталувчи бу қувур шаҳар деворлари остидан “Растаи тақа” марказий бозорига олиб келинган ва бу ердан маҳсус қувурлар орқали шаҳар марказига ва Жоме масжидига тарқалган.
ХI асрга келиб шаҳар Қорахонийлар ихтиёрига ўтади ва кейинчалик пойтахтга айлантирилади. Худди шу даврда гўзал ва маҳобатли Тамгачахон Иброҳим саройи, кўп устунли Жоме масжиди, касалхоналар, мадраса ва карвонсаройлар, гумбазли бозорлар ва ҳаммомлар қурилади.
IХ-ХП асрларда Самарқанд Шарқнинг энг йирик маданият марказларидан бирига айланиб, шаҳар маданияти Эрон, Ироқ ва Хуросон шаҳарлари маданияти билан уйғунлашиб кетди. Маҳаллий амалдорлар халифалик нуфузли аёнлари ҳисобланиб, турклардан тузилган маҳсус қўшин халифанинг энг ишонган таянчи эди. Халифага бўйсундирилган давлатлар аҳолиси ягона диний эътиқод исломга киритилди. Ислом ғояси шаҳарликлар, қишлоқ ва кўчманчи аҳоли ўртасида ҳам кенг тарқалди. Шайхлар, илоҳиятчи олимлар Самарқанд шон-шуҳратини бутун оламга ёйдиларки, улар қаторига бутун Шарқда энг обрўли илоҳиятчи олим, “Қуръон карим”дан кейинги иккинчи ўринда турувчи “Ас-Саҳиҳ”-хадислар тўпламининг муаллифи Имом ал-Бухорий, олимларнинг сардори, тўғри эътиқод йўлини кўрсатувчи, “суннийлар мазҳабининг раиси” Абу Мансур Мотрудий, Абдул Хасан Самарқандий, тарихчилар-Муҳаммад ал-Насафий, ас-Самарқандий, ас-Сомоний, шоирлар Хурайим Суғдий, Абу Хафз Суғдий, Абу Саид Самарқандий, Боҳовуддин Каримий ва бошқаларнинг номларини таъкидлаш мумкин, 960-970 йилларда Самарқандга ташриф буюрган тарихчи Ибн Хавқалнинг фикрича, “Самарқанд Мовароуннаҳр ақл пешволари йиғилган шаҳардир ва улардан кўпчилиги айнан шу шаҳарда камол топганлар”.
ХШ аср бошида шаҳар Хоразмшоҳлар салтанати тасарруфига ўтаркан, унинг деворлари мустаҳкамланади ва Жоме масжиди қайта таъмирланиб, шоҳ саройига айлантирилади. Самарқанд меъморчилигида биринчи бор сирланган кошин бўёқлар кенг ишлатилади.
Бу даврдаги анча ривожланган савдо алоқаларидан, шаҳардан топилган Хитой чинни идишлари, Суриядан келтирилган ойналар, Хоразмдан келтирилган қурол-яроғлар ва олтин идишлар, товоқлар гувоҳлик беради.
ХШ аср бошида Самарқанд шаҳри тепасига мудҳиш кулфат ёғилди. 1220 йилнинг март ойида Хоразшоҳни мағлуб этган Чингизхоннинг беҳисоб қўшинлари шаҳарга ёпирилиб кирдилар. Тўрт кунлик каҳрамонона қаршиликдан сўнг, шаҳар таслим бўлди. Номаълум тарихчининг ҳикоя қилишича, икки мингтача энг ботир жангчилар Жоме масжиди ичига кириб олиб, қаршиликни давом эттирдилар. Мўғуллар ёнар ўқ-ёйлар билан бинони ўққа тутдилар ва уни ҳимоячилари билан бирга қўшиб ёқиб юбордилар”. Шундан сўнг шаҳар талон-тарож қилинди, ўт қўйилди ва вайронага айлантирилди. Машҳур ва ноёб “Жуи-арзиз” сув қувури бузиб ташланди ва сув таъминоти тўхтатилди. Шундан кейин шаҳар маркази Афросиёбда ҳаёт қайта тикланмади. Лекин шаҳар атрофидаги рабодларда ҳаёт давом этди, улардан қолган ҳаробалар яна 150 йилча сақланиб қолди.
Шаҳар хаётининг қайтадан гуллаб яшнаши Амир Темур фаолияти билан боғлиқ. У ўз олдига парчаланиб кетган барча худудларни ягона, мустаҳкам салтанатга бирлаштириш вазифасини қўйди ва 1370 йилдан бошлаб 35 йил жараёнида у Шарқдаги энг кудратли давлатни вужудга келтиришга муваффақ бўлди.
Буюк саркарда ва давлат арбоби соҳибқирон Амир Темур ўз марказлашган қўшинларини уюштириш, уларни жангларга тайёрлаш борасида кўплаб ишларни амалга оширди. Амир Темур юритган ижтимоий-иқтисодий сиёсат янги ерларни ўзлаштирилишига шарт-шароитлар яратди. У ҳалқнинг иқтисодий ҳолатининг яхшиланиши давлатнинг гуллаб-яшнашига олиб келишини яхши тушунарди. Унинг “Тузуклар”ида фуқаролардан солиқ йиғиш бобида бундай дейилган: “Меҳнат аҳлини ночор аҳволга солиб қўйиш давлат ғазнасини бўшаб қолишига олиб келади, бу эса ҳокимиятни заифлашишига сабаб бўлади”. Шу сабабли янги ерларни ўзлаштирган деҳконларга жуда кам миқдорда солиқ белгиланар, бу тадбир деҳқончиликнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатарди. Савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришнинг муҳимлигини англаган Амир Темур турли мамлакат ҳукмдорларини беғараз савдо муносабатлари ўрнатишга чақирган, улар билан кенг миқёсда дипломатик ёзишмалар олиб бориб, савдо йўлларининг тикланиши, ободончилиги ва хавфсизлиги учун тинимсиз ғамҳўрлик қилган.
“Буюк ипак йўли”нинг муҳим қисми Темур салтанати ҳудудларидан ўтганлиги боис у карвонсаройларнинг ободончилиги, карвонларнинг бехатар йўл босишлари учун кўпгина чора-тадбирларни белгилаб қўйганди. Амир Темур, айниқса, карвон йўлларида работ, бозорлар қурилишига кўпроқ аҳамият берарди. Испания элчиси Клавихо Самарқанддаги қайта таъмирланаётган марказий бозорни ҳайратланиб тасвирлайди. У ташриф буюрган кунларда Самарқандда Темурга хос шижоат билан кўплаб янги гумбазлар, савдо йўлаклари қурилаётган эди. Соҳибқироннинг фикрича, Самарқанд умумбашарий салтанатнинг биринчи марказига айланиши лозим эди. Шаҳарда энг машҳур меъморлар, қурувчилар, ҳунармандлар, заргар ва темирчилар, олимлар, мусаввирлар, шоирлар, илоҳиятчилар, раққос ва мусиқачилар тўпланган эди. Бу ерга Европа ва Шарқ давлатларидан элчилар кела бошлади. Мовароуннаҳрнинг қадимий маданияти негизида Самарқанд Ўрта Осиё ва яқин Шарқдаги ижодий кучларнинг асосий марказига айланиши бадиий тафаккур, меъморчилик ва санъатнинг беқиёс даражада ривожланиб кетишига туртки бўлди. Бу давр тарихда Темурийлар Ренесанси даври сифатида муҳрланиб қолди.
Темур даврида Самарқанд Шаҳристони баланд ҳимоя деворлари ва миноралар билан ўралиб, деворлар устида кунгуралар қурилди. Шаҳар ичидаги майдон ва кўчалар ободонлаштирилди, янги суғориш каналлари ва ҳовузлар қурилди, шаҳар кўкаламзорлаштирилди, янги қурилишлар, бетакрор меъморчилик мажмуалари бунёд этилди. Регистон майдони энг йирик жамоат ва савдо марказига айланди. Заргарлик дўконлари, шаҳар маркази, ҳукмдор қароргоҳи ва ғазна қуролсозлар устахонаси жойлашган Кўксарой ва Бўстонсаройга туташиб кетганди. Шаҳар ва унинг атрофида барпо этилган 14 та боғ пойтахтни яшил мунчоқдек безар ва об-ҳавосининг мўътадиллигини таъминларди.
Самарқанднинг умумбашарий марказ сифатидаги ўрни ундан ташқарида қурилган. Шарқ мамлакатлари пойтахтлар номлари билан аталувчи Бағдод, Дамашқ, Миср, Шероз, Фориш каби қишлоқлар номларида ҳам ўз ифодасини топган эди.
Темур вафотидан сўнг Самарқанд Мирзо Улуғбек даврида янада ривожланди. Самарқанд Темур ва Улуғбек ҳукмронлиги даврида Шарқнинг йирик илмий ва маданий марказига айланди. Шоирлар, мусиқачилар, мусаввир ва олимлар йиғилиб турадиган бу шаҳарда мунажжимлар мактабига асос солинди. Улуғбек расадхонаси барпо этилди. Улуғбек ҳақида Алишер Навоий қуйидагича ёзади: “Улуғбек-дунё чироғи”, унинг ҳамма аждодлари боқий дунёга кетдилар. Улар ҳақида бугун ким ҳам эслайди! У эса илм бўстонига панжа урди ва кўп нарсага эришди. Осмон унинг пойига тушди ва яқин бўлиб қолди».
Самарқандда машҳур тарихчилардан Мирхонд, Хондамир, Хофизи Абру, машҳур табиб Мавлано Нафис, файласуф Файзуллоҳ Абдуллайс, лирик шоирлар Сирожиддин Самарқандий, Хаёлий, Бухорий, Дурбеклар фаолият кўрсатганлар, ижод қилганлар. Айнан шу ерда Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий каби машҳур шоирларнинг ижодий фаолияти шаклланди. Улуғбек асос солган Шарқ мунажжимлик мактабининг йирик юлдузлари Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид, Мавлоно Муҳаммад ва Али Қушчи сингари олимлар етишиб чиқди.
Темурийлар даври цивилизациясига Ўрта асрнинг йирик мусулмон илоҳиятчиси Хўжа Аҳрор Валий фаолияти ҳам чамбарчас боғлиқдир. У Тошкент вилоятида туғилган бўлиб, ХУ асрнинг иккинчи ярмида Самарқандда фаолият кўрсатган. Нақшбандия тариқатининг йирик вакили сифатида у сиёсий муаммоларни тинч йўл билан бартараф этишга катта ҳисса қўшди. Бир неча Темурий шаҳзодалар унинг муридлари эдилар. У томонидан шаҳарларда мадраса ва хонақоҳлар қурдишган. Ҳозирги пайтда бу машҳур алломанинг қабри жойлашган муқаддас қадамжо шаҳарнинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган.
Самарқанднинг улуғвор қиёфасини барпо қилишда меъморчилик ва бинокорлик муҳим роль ўйнайди. Меъморлар фаолиятининг намунаси сифатида Самарқанднинг кўплаб жамоат ва диний мажмуалари масжидлар, мадрасалар, хонақоҳлар, мақбаралар ва серҳашам саройларни санаб ўтиш мумкин.
Улуғбек вафотидан сўнг Темурий шаҳзодалар ўртасида ҳокимият учун ўзаро кураш авж олиб кетди. Бу бесамар курашлар шаҳар ва мамлакат тараққиётини ривожланишига салбий таъсир кўрсатди, натижада 1501 йилда ҳокимият тепасига Дашти Қипчоқ хони Муҳаммад Шайбонийхон келди. Шайбонийлар даврида мамлакатда бир неча бинолар қурилди, кўплаб вақф хўжаликлари (вақф диний муассасалари ёки дин пешволари ихтиёрига фойдаланиш учун берилган мулк) барпо қилинди, бироқ хонлик тизимидаги ижтимоий ҳаёт, ҳокимият учун олиб борилган тинимсиз курашлар бу тизимнинг иқтисодий қудратини заифлаштириб қўйди ва Абдуллахон II даврида пойтахт Бухорога кўчирилди. 1599 йилдан бошлаб олий ҳокимият янги бир шажара-Аштархонийлар сулоласига ўтди. Бу даврда Самарқанд пойтахт шаҳар бўлмаса-да, хонликнинг энг муҳим иқтисодий ва маданий марказларидан бири саналарди. Олий хокимиятнинг заифлигидан фойдаланган ўзбек зодагонлар вакили бўлган Ялангтўш Баҳодир Самарқанднинг ҳақиқий мустақил ҳокимига айланди. У шаҳар ва унинг атрофида йирик қурилишларни бошлаб юборади. Регистон майдонида қурилган, шаҳарнинг маданият ва савдо марказини безаб турган «Шердор” ва “Тилла-Қори” мадрасалари мажмуаси айнан шу даврда қурилган. Машҳур Хўжа Аҳрор мақбараси ёнида хон вазири Нодир Девонбеги буюртмасига биноан улуғвор мадраса бунёд этилди. Самарқандда вужудга келган мусаввирлар, миниатюрачилар, мусиқашунослар мактаблари фаолияти ривожланиб, янги шеърий ва тарихга оид асарлар яратилди.
ХVII асрнинг иккинчи ярми ва ХVIII аср бошларида турли ҳукмдорлар, амалдорлар, уруғлар ўзаро келишмовчиликлар етмагандай, устига-устак хиваликлар, қозоқлар ва эронликларнинг босқинлари қўшилди ва шаҳарнинг таназзулга юз тутишига олиб келди, унинг аввалги кўркига путур етди. Фақат ХVIII асрнинг охирига келиб Самарқанд қайта қад ростлай бошлади, Ургут, Зомин, Жом шаҳарларидан ва бошқа ҳудудлардан аҳоли кўчиртириб келиниб, шаҳар баланд деворлар билан ўради. Бу деворлар тепасига шинаклар, миноралар қурдириб, шаҳарга кириш ва чиқиш учун 6-та дарвоза ўрнатишди, шаҳар қалъаси мустаҳкамланди. Маркази Чорсу бўлган бозор таъмирланиб, “ношаърий” қонунлар бекор қилиниб, ислоҳотлар ўтказилди. Буларнинг ҳаммаси шаҳар иқтисодини бироз кўтарилишига, унинг Сибир, Оренбург ва Россиянинг бошқа марказлари билан савдо алоқаларининг тикланишига олиб келди.
1868 йилда Самарқанд Россия империяси томонидан босиб олиниб, у Россия таркибига киритилди ва Каттақўрғон беклиги билан биргаликда Зарафшон ҳарбий округининг марказига айлантирилди. Бу округга Панжкент ва Зарафшон водийсининг тоғли ҳудудлари ҳам кирар эди.
1887 йилда округ Самарқанд вилояти деб аталиб, унинг таркибига ғарбдан Каттақўрғондан тортиб, шарқда Хўжандгача бўлган 4-та уезддан иборат ўлкан худуд киритилди. Туркистон ўлкасини асосий пахта хом ашё мустамлакаси деб ҳисоблаган Россия империяси ҳарбий-маъмурий бошқариш тизимини жорий қилди. Янги усулда ўқитиладиган мактаблар очилди. Шаърий қозилик тизими, натура солиғи ва диний таълим мактаблар фаолияти эса ўзгармади.
Аср охирида вилоят аҳолиси нуфузи 860 минг кишини ташкил этиб, улардан 55 минг киши Самарқанд шаҳрида яшар эди.
Шаҳарга Россия капитали ва товарлари оқиб келиши муносабати билан анъанавий ишлаб чиқариш усулларининг аҳамияти пасайиб борди. Маҳаллий саноат, асосан, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашга йўналтирилган бўлиб, пахта тозалаш, шаробчилик, ёғ ишлаб чиқариш заводлари, тўқимачилик фабрикалари, шунингдек пахта, каноп, боғ-сабзавот маҳсулотлари, майиз савдоси анча ривожланди. Жумладан, мавжуд 34 та шароб ишлаб чиқариш заводларидан 28 таси Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатарди. Фойдали қазилмаларни топилиши, мис, темир, нефт қазиб олиш саноатини шаклланишига туртки бўлди. Бироқ саноатнинг бу тармоқлари асосан рус корчалонлари, саноатчилари ихтиёрида эди. Капиталистик саноатнинг ривожланиш жараёни 1888 йилда Самарқандга темир йўл келтирилиши билан янада жонланиб кетди. 1898 йилда Самарқанд темир йўли Тошкент билан, 1906 йилда Оренбург шаҳри билан туташтирилди.
1870 йилда тузилган режага асосан Самарқанддан бироз ғарбда, Амир Темур замонларидан бери ривожланиб келаётган ҳудудда, янги шаҳар- йўлдош шаҳарчанинг қурилиши бошланди. Бу шаҳарча асосан рус ҳарбий бошқаруви вакилларнинг ва кичик амалдорларнинг, савдогар ва саноатчиларнинг яшашлари учун мўлжалланган эди. Турар жой иморатларнинг Европача усули айрим элементларини ўзида акс эттиргани ҳолда маҳаллий иқлим шароитини ҳисобга олиб, анъанавий маҳаллий пишган ғиштдан ва хом-ашёлардан фойдаланишни кўзда тутарди. Янги шаҳарда кўчалар, ҳарбий бошқарув ва жамоат бинолари, казарма, меҳмонхоналар, банклар, савдо марказлари, гимназиялар, православ ва католик черковлари қурилди. Янги парклар ва яшил ҳиёбонлар барпо этилди. Ўлканинг бой ва ўзига хос тарихи, табиати бу ерга маҳаллий ва хорижий олимларни ҳам жалб қилди.
Шаҳарга рус олими В.Л.Вяткин бўлса, яна бири профессор Н.И.Веселевский, академик В.В.Бартольд, географ-тадқиқотчи А.П.Федченко, меъмор А.В.Цеусевлар ҳам ташриф буюрдилар. Тез орада хаттот Абу Саид Маҳсум тўплаган хужжатлар асосида В.Вяткин қадимий Самарқанд шаҳри қолдиқлари ўрнида қазиш ишларини бошлаб юборди ва Улуғбек расадхонасининг ўрни очди. 1904 йилдан “Самарқанд” газетаси чиқди. Дунёвий таълим мактабларининг очилишига, янги зиёлиларнинг шаклланишига ёзувчи, маърифатпарвар, олим ва жадид сиёсатчилардан Садриддин Айний, Хамза Маҳмудҳўжа ва бошқалар муҳим ҳисса қўшдилар. Уларнинг асарлари Самарқандда нашр қилиниб, халқ томонидан севиб ўқилди. Самарқандга тили ўзбек халқга яқин бўлган татар ва озарбайжон театр гуруҳлари келиб, томошалар кўрсатди. 1913 йилда Беҳбудий ташаббуси ва раҳбарлигида биринчи миллий театр группаси тузилди ва у нафақат Самарқандда, балки Туркистон ўлкасининг бошқа шаҳарларида ҳам томошалар уюштирилди.
Шу пайтда Биринчи Жаҳон урушининг бошланиши билан солиқларнинг ўсиши, маҳаллий халқ вакилларини фронт орти ишларига жалб қилиниши, халқнинг моддий аҳволининг оғирлашуви ўлкадаги ҳарбий бошқарувдан норозилик кайфиятларини туғдирди. Шу боис Санкт-Петербургда Россия империяси ҳукуматининг ағдарилиши мустамлакачилик зулмидан бутунлай қутулишни орзу қилиб юрган ўлканинг илғор фикрли кишилари томонидан тўла қўллаб-қувватланди. Бироқ барча демократик ишораларга қарамасдан, Туркистон улкаси Совет давлати таркибига автоном республика сифатида киритилди.
1924-1930 йиллардаги миллий чегараланиш даврида Самарқанд Ўзбекистон Республикасининг пойтахти бўлиб турди. Пойтахт Тошкентга кўчирилса-да, (1930й) у республиканинг йирик иқтисодий ва маданий маркази сифатидаги аҳамиятини йўқотмади. 1938 йил 15 январдан бошлаб шаҳар вилоят марказига айланди. Шаҳарда нафақат енгил саноат, балки янги технологиялар асосида хомашёни, темирни қайта ишлаш, чинни маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналар, қишлоқ хўжалиги, чорвачиликка йўналтирилган ишлаб чиқариш муассасалари бунёд этилиши жадаллашди.
Самарқанд таълим, фан ва маданият маркази сифатида хам анча ривожланиш сари юз тутди. 1927 йилда очилган Педагогика институти 1930 йилга келиб кўп тармоқли Ўзбекистон Давлат Университетига айлантирилди. Кейинги даврларда тиббиёт, савдо, қишлоқ-хўжалик ва архитектура қурилиш институтлари ташкил этилди. Амир Темур даври Шарқ Реннесанснинг маркази ва шарқ меъморчилик ёдгорликларининг ноёб хазинаси сифатида шаҳар Ўрта Осиёдаги энг йирик туризм марказига айланди.

Download 309 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   13




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish