1-жадвал
Ўспиринлик даврида иродавий сифатларни шаклланиши
курслар
|
масъулиятлилик
|
ташаббускорлик
|
журъатлилик
|
мустақиллик
|
матонатлилик
|
қатъиятлилик
|
ғайратлилик
|
эътиборлилик
|
мақсадга интилувчанлик
|
3-босқич
|
65%
|
52%
|
43%
|
58%
|
38%
|
49%
|
62%
|
37%
|
39%
|
3-босқич
|
82%
|
78%
|
69%
|
78%
|
56%
|
72%
|
44%
|
43%
|
67%
|
1-расм. Хулк атворни намоён бўлиш даражаси
Тадқиқот натижаларидан кўзланган асосий мақсад ўспиринлик даврида иродавий сифатлар ўртасидаги ўзаро алоқадорликни ўрганишдан иборат.
Методика натижаларига кўра, синалувчилар гуруҳида масъулиятлилик 1-курс ва 3-курс ўқувчиларида 65% паст ва 82% юқори даражани ташкил қилади. Масъулиятлилик ҳам ироданинг муҳим шартларидан ҳисобланиб, иродавий хусусиятлар таркибида муҳим аҳамиятга эга. Демак, ўспирин ўзида масъулиятлилик сифатини намоён қилиши учун унда мустақиллик, матонатлилик, эътиборлилик, мақсадга интилувчанлик каби иродавий сифатлар шаклланган бўлиши муҳим аҳамиятга эгадир. Шунингдек, масъулиятли инсон атрофда рўй бераётган нарсаларга, воқеа-ҳодисаларга ўзида кечаётган турли ҳолатларни баҳолашга ҳамда ўзининг хулқ-атвори, хатти-ҳаракатларини адекват равишда бошқариш, назорат қилиш имкониятига эга бўлади. Бу шахс ўз зиммасига вазифа ва топшириқларни олиши ҳамда ўз вақтида бажариши, жавобгарликни ҳис қилиши билан боғлиқ сифатдир. Ушбу масала юзасидан фикр юритган В.П.Тугаринов масъулият деганда, одамнинг ўзи томонидан бажарган фаолияти жамиятга қанчалик наф ёки зиён келтиришини олдиндан кўра билиши ва уни ташкил эта олишини тушунади
Ташаббускорлик хусусияти синалувчилар орасида 52% ва 78% ни ташкил қилади. Ташаббускорлик мустақил фаол ҳаракатларни бажаришга нисбатан мослик ҳамда қобилиятида намоён бўладиган ижобий характер хислати ҳисобланади. Ўспиринлар бирор бир фаолиятда муваффақиятга интилишларида ўзидаги мавжуд имкониятлардан фойдаланади. Натижанинг қандай бўлиши уларнинг характер ва нерв тизими хусусиятлари, шунингдек, шахс хислатлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Ўз навбатида ташаббускорлик мустақил фаол ҳаракатларни бажаришга нисбатан мойиллик ҳамда қобилиятда намоён бўладиган ижобий характер хислати ҳисобланади. Ташаббускорлик фаолият шакли ёки ҳаёт тарзини ўзгартиришга қаратилган бир шахс ёки гуруҳнинг янги ҳаракатига асос бўлувчи фаоллик. Ташаббускорлик тушунчаси рус олими А.И. Шчербаков томонидан киритилган.
Ташаббускорлик бирор-бир ишни шахсан бошлаб юбориш демакдир. Ташаббускорлик кўрсатиш маълум кўрсатмани кутиб ўтирмай, бирор мақсадни илгари суриб, уни енгиш учун йўл ва воситаларни танлаш ҳамда шу мақсадга мустақил равишда эришиш демакдир. Ташаббускорлик одатда теварак-атрофдаги шароит ҳамда ижтимоий ҳаёт талабларини тез ва моҳирлик билан ҳисобга олиш, келажакни, янгиликни олдиндан кўра олиш ҳамда қўйилган вазифаларни амалга ошириш учун йўл ва воситаларни танлаш ҳамда бу вазифаларни бажаришда бевосита фаол иштирок этиш ҳисобланади. Шахс сифатига айланган ташаббусга интилиш унинг ҳаракатларини аниқлаштирувчи ташаббускорликдир. Ташаббускорлик ахлоқий жиҳатлардан жасурлик, яъни одамнинг ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликни ўзига олишида намоён бўлади. Шу боисдан, ташаббускорлик мотивацион хусусият ҳисобланади. Шу билан бирга шахс хулқ-атворининг иродавий сифатида ҳам кўриб чиқилади.
Синалувчилар орасида журъатлилик хусусияти 43% ва 69% ни ташкил қилиб, журъатлилик тушунчаси турли муаллифлар томонидан турлича таҳлил қилинади. Аксарият ҳолларда, журъатлилик вазиятнинг аҳамиятли даражаси ва сарфланадиган вақтни кўрсатилган ҳолда қарор қабул қилиш жараёни сифатида кўрсатилади. Баъзи муаллифлар томонидан журъатлиликни ҳеч бир иккиланиш ва шубҳасиз қарор қабул қилиш деб тушунтириладилар. Бироқ, бундай ҳолат фақатгина шахсда янгилик бўлса ёки содир бўлган вазият юзасидан тўлиқ маълумотга эга бўлсагина юз бериши мумкин. Кўп ҳолларда агар инсонда қарор қабул қилишда қарорларга ва омадга эришишга нисбатан ишончсизлик юзага келгандагина журъатлилик намоён бўлади. Кузатишларга кўра, журъатлиликни вужудга келишида шубҳаланиш туйғуси катта аҳамиятга эга. Журъатлилик айни шубҳа ва иккиланишларни бартараф этиш учун намоён бўладиган иродавий кучдир.
Натижалардан кўринадики, ўз олдига мақсад қўйиб, унга томон интилишда юзага келадиган қийинчиликлар ҳамда фаолиятда, турли ҳаётий вазиятлардаги тўсиқларни енгиб ўтишда ўспирин шахсидан журъатлилик (мардлик) талаб қилинади. Шу туфайли ўспиринда журъатлиликнинг намоён бўлиши унда мустақиллик, матонатлилик, қатъиятлилик, эътиборлилик каби иродавий сифатларнинг юқори даражада ривожланишини тақозо этади.
Журъатлилик сифати ўспиринлик даври учун хос бўлиб, у турли фаолият, хатти-ҳаракатларни амалга ошириш, зиммага юклатилган вазифани сидқидилдан бажаришда намоён бўлади. Шунингдек, уларда журъатлилик вазиятга боғлиқ равишда икки хил кўринишга эга, яъни, ҳақиқий журъатлилик ва ёлғон журъатлилик. Буни қуйидаги фикрлар асосида изоҳлаш мумкин. Биринчи ёндашув бўйича ўспирин фикрича, “журъатлилик ёки дадиллик –бу ҳаётни хавф остига қолдириб ҳаракат қилиш нима учун бўлишидан қатъи назар, бари бир одамнинг энг хавфли ишга киришишидан иборатдир”. Иккинчи ёндашувга кўра, “мақтанчоқлик юзасидан қилинадиган ва ҳеч кимга кераги бўлмаган мардликдир”. Айрим пайтларда ўспирин атрофдаги инсонлар орасида танилиш, дўстлари, тенгдошлари орасида ўз ўрнига эга бўлиш учун инсон ҳаёти учун аҳамиятсиз бўлган хатти-ҳаракатларни қилишга интиладилар. Лекин улардаги бу хатти-ҳаракатларни мардлик деб бўлмайди.
Журъатлилик тушунчаси кўпгина муаллифлар томонидан турлича тавсифланади. Аксарият ҳолларда журъатлилик вазиятнинг аҳамиятлилик даражасини англаш ва қарор қабул қилишга сарфланадиган вақтга боғлаб таърифланади. Е.П.Ильиннинг таъкидлашича, айрим олимлар журъатлиликни ҳеч бир иккиланиш ва шубҳаларсиз қарор қабул қилиш, деб тушунтирадилар. Бироқ, бундай ҳолат фақатгина муаммога нисбатан осон бўлса, ёки содир бўлган вазият юзасидан тўлиқ маълумот мавжуд бўлсагина юз бериши мумкин. Кўп ҳолларда инсонда қабул қилинган қарорларга ва омадга нисбатан ишончсизлик юзага келганда журъатсизлик намоён бўлади. Кузатишларга кўра, журъатлиликнинг вужудга келишида шубҳаланиш туйғуси катта аҳамиятга эга. Журъатлилик айнан шубҳа ва иккиланишларни бартараф этиш учун намоён бўладиган иродавий кучдир. Психологик луғатда журъатлилик ўз вақтида қарор қабул қилишдир, деб таърифланади. Бунда қарор қабул қилишнинг тезлиги муҳимдир.
Е.П.Ильиннинг таъкидлашича, журъатлилик-бу шахснинг ўзи учун муҳим бўлган вазиятда тезкор қарор қабул қилиш қобилиятидир. Журъатлиликнинг асосий тавсифномаси натижа қандай бўлишидан қатъи назар, ўйлаб кўрган ҳолда қарорни қабул қилишдир.
Кўпинча журъатлилик танлаш имконияти мавжуд бўлган муқобил вазиятларда қарор қабул қилиш вақти билан боғлиқдир. Агар инсон нима қилиши кераклигини аниқ билса, журъатлилик муқобил бўлмаган вазиятларда ҳам юзага келиши мумкин. Шунга кўра, журъатлилик зарурий ҳаракатни бажаришга тайёрланиш вақти билан боғлиқ.
Иродавий хусусиятлар орасида мустақиллик хусусияти 58% ва 78% кўрсаткични ташкил қилиб, у шахснинг муайян ақлий ахлоқий ёки амалий масалаларни ҳал қилишда айниқса мураккаб вазиятни баҳолаш ва мақсадга мувофиқ йўлни танлашда ўзининг мустақил фикрлари тамойиллари ҳамда эътиқодига эга бўлишдан иборат иродавий характер хислати ҳисобланади.
Ироданинг мустақиллиги яна бошқа кишиларнинг фикр маслаҳат ва таклифларига танқидий кўз билан мулоҳаза қилиб чиқишда ҳам кўринади. Инсон бошқа кишиларнинг берган маслаҳат ва таклифларига мувофиқ иш кўрар экан, шу маслаҳат ва таклифларнинг тўғрилигига ишониб ҳаракат қилади. Бу маслаҳат ва таклифлар жамият манфаатларига, ахлоқ талабларига мос эканлигини тушунади ва шу билан бирга ўз мустақиллигини намоён қилган бўлади.
Бундан кўринадики, мустақилликнинг шаклланиши ўспириннинг ўз олдига қўйган мақсадлари ва уларни амалга оширишга нисбатан унинг эътиборли муносабатда бўлиши билан боғлиқдир. Таъкидлаш жоизки, мустақиллик ўспириннинг ижобий хислати бўлиб, у фаолиятга нисбатан кучли интилишда намоён бўлади.
Психологик луғатда мустақиллик шахснинг муайян ақлий, ахлоқий ёки амалий масалаларни ҳал қилишда, айниқса, мураккаб вазиятни баҳолаш ва мақсадга мувофиқ йўлни танлашда ўзининг мустақил фикрлари, тамойиллари ҳамда эътиқодига эга бўлишидан иборат иродавий характер хислати сифатида тавсифланади.
П.П.Зимняянинг фикрича, мустақиллик қилинаётган ёки қилинган иш-ҳаракатларнинг бажарилиши учун жавобгарликни сезишда кўринади. Жавобгарликни сезиш айни хатти-ҳаракатларнинг тўғрилигига, мақсадга мувофиқ эканлигига ва зарурлигига ишонч ҳосил қилиш демакдир. Жавобгарликни сезиш кишининг мустақиллигини кўрсатадиган типик характер хислатидир. Мустақил шахс топшириққа кўра, ўз ташаббуси билан қилган ёки қиладиган ишлари учун жавобгарликни ўз зиммасига олади, унинг бошлаган ишни охирига етказиши мустақил, саботли эканлигидан далолат беради. Мустақиллик яна бошқа кишиларнинг маслаҳат ва таклифларига мувофиқ иш кўриш, шу маслаҳат ва таклифларнинг тўғрилигига ишониб ҳаракат қилиш даражасида намоён бўлиши мумкин. Бу маслаҳат ва таклифлар жамият манфаатларига, ахлоқ тамойилларига мос эканлигини тушуниб ҳаракат қилган шахс ўз мустақиллигини намоён қилган бўлади.
К.Н.Корниловнинг таърифича, мустақиллик бу шахсда мустақил қарор қабул қилишдан қўрқишнинг мавжуд эмаслиги ёки ўзи мустақил қарор қабул қилишда ўз қарашларини баён этишга мойиллигини билдиради. Унга кўра, мустақиллик, бир томондан, мустақил қарор қабул қилишга интилиш ташкилотчилик билан ҳамоҳанг ҳолда намоён бўлади, бошқа томондан, бу шахсий қизиқиш, интилиш тамойилларида собитқадамликни кўрсатади. Ўспиринлар эса ўз ҳуқуқларини, ўз ўринларини тасдиқлаш учун мустақил хатти-ҳаракатларни содир этадилар. Шу билан бирга, улар ўзларида максимализмни намоён қиладилар, яъни, ўз мустақиллигини имкон қадар намоён қилишга уринадилар. Шунингдек, ўспириннинг мустақиллигини уларда юзага келадиган катталик ҳисси билан ҳам боғлаш ўринлидир. Шу нуқтаи назардан, улар ўзларига нисбатан катталар томонидан кўрсатилаётган таъсирларга турлича жавоб реакцияларини кўрсатадилар.
Ўсмирлардаги мустақиллик белгилари сифатида қуйидагиларни ажратиб кўрсатиш мумкин:
-бирор-бир фаолиятни ўзгалар ёрдамисиз бажариш;
-машғулотлар ва фаолиятни мустақил ташкил қилиш;
-шахсий нуқтаи назарни ҳимоя қила олиш;
-янги фаолият шароитларига ўзининг мустақиллиги билан мослаша олиш.
Е.П.Ильиннинг таъкидлашича, аксарият инсонларда ирода мустақиллиги баъзан қайсарлик каби алоҳида ҳолатларда кўринади. Бу ҳолат шундан иборатки, инсон бошқа кишиларнинг айтган ҳамма гапларига, маслаҳат, илтимосларига, қоида ва бошқа йўл-йўриқларига қаршилик кўрсатади. Қайсарлик қилаётган одам буюрилган ишни қилмайди-да, ўз билганини қилаверади ёки буюрилган ишнинг тескарисини қилади.
Қайсарлик – бу исталган ёки зарурий, айни пайтда ишдаги муваффақиятлар, қийинчилик ва омадсизликлар билан курашишда “шу ерда ва ҳозир” тамойилига эришишга интилишдир. Бу хусусият нима бўлишидан қатъи назар, мақсадга эришишга интилиш билан боғлиқдир. П.А.Рудикнинг таъкидлашича, қайсар одам омадсизлик олдида таслим бўлмайди.
Е.П.Ильиннинг таъкидлашича, шахсда қайсарлик сифатини кўриб чиқишда иккита хатолик юзага келади: биринчидан, бетгачопарлик иродасизлик сифатида кўриб чиқилиб, салбий хусусият, деб баҳоланади. Бироқ, қайсарлик қатор вазиятларда инсоннинг қўйилган мақсадларга эришиши мумкинлигига қаттиқ ишонишга асосланган бўлиши ҳам мумкин.
Иккинчидан, кўпинча қайсарлик қатъиятлиликнинг салбий кўриниши сифатида талқин қилинади. Айрим олимлар қайсарлик ва қатъиятлиликни бир нарса деб тушунадилар. Аслида, улар бир-биридан фарқланувчи иродавий сифатлар ҳисобланади.
Ўспирин фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, қайсарлик сифатлари вазият, ҳолат тақозоси билан юзага келиши билан тавсифланадиган шахснинг салбий хислатидир. Аксарият ҳолларда ўспиринлар қайсарлиги ўз эҳтиёжларини қондириш, англанмаган мақсадлар сари интилишларида намоён бўлади. Қайсарликка ижобий баҳо беришнинг ўспиринлик даврида жуда кенг тарқалганлиги, ўспиринларнинг қатъиятлилиги, қарам бўлмаслик мустақиллик сифатларини нотўғри тасаввур қилишлари билан боғлиқдир. Ўспиринлик даврида қатъиятлилик шахснинг ўз олдига қўйган мақсадлари сари оғишмасдан дадил ҳаракатланишида намоён бўлади. Шунингдек, қатъиятли ўспирин ўз фикрига, қарашларига эга бўлади.
Методика натижалари таҳлилидан шуни хулоса қилиш мумкинки, матонатлилик хусусияти синалувчилар орасида 38% ва 56% ни ташкил қилади. Матонатлилик шахснинг ўзини салбий эмоцияларини барқарор равишда ушлаб туриш, ташқи таъсирларга нисбатан кутилмаган эмоционал реакцияларни, низоли вазиятларда агрессив хатти-ҳаракатларга бўлган итоаткорликни қондиришдан иборат хусусиятидир.
Психологик луғатга кўра, матонатлилик бу – шахс ўзининг салбий эмоционал ҳолатларини бошқариши, импульсларни, ўйланмаган эмоционал реакцияларни, низоли вазиятларда агрессив хатти-ҳаракатларга бўлган истакларни босиб туришдир. Матонатлилик жисмоний, билвосита вербал кўринишларга ҳам ажратилади.
Е.П.Ильиннинг таъкидлашича, матонатлилик қандайдир аниқ бир мақсадни кўзлаб мунтазам равишда иродавий зўр бериш демакдир.
Қўйилган мақсадга эришишда катта қийинчиликлар ва енгиб бўлмайдиган тўсиқлар мавжуд бўлса, киши шу мақсадга етиш учун зарур йўл, восита ва усулларни қидириб топиши мумкин. Катта тўсиқларни бартараф қилиб, узоқ вақт қунт билан мақсадга етишда кўринадиган ирода кучи матонатлилик деб аталади. Мустаҳкам ирода сифатига эга бўлган шахс эса матонатли, кучли иродали, қатъи характерли инсон деб аталади.
Ҳар қандай фаолиятнинг, жумладан, ўқиб-ўрганишнинг муваффақияти ўспириннинг матонатлилик сифатига боғлиқ. Матонатлилик характернинг энг қимматли хислатидир. Бу хислат ўспириннинг мақсадга етиш йўлида қандай қийинчилик ва тўсиқлар бўлишидан қатъи назар, шу мақсадга эриша олишида ўз ифодасини топади.
Баъзи ўспиринлар фаолиятнинг барча соҳаларида характер хислати бўлган матонатлиликни намоён қилсалар, бошқаларида бу хислат уларнинг манфаатлари билан боғланган қандайдир айрим фаолият соҳаларида кўринади.
Қатъиятлилик хусусияти синалувчилар орасида 49% ва 72% даражани ташкил қилади. Қатъиятлилик - бу шахснинг қийинчиликлар ва тўсиқларга қарамасдан узоқни кўзлаган мақсади сари интилишида юзага келувчи “ирода кучининг” узоқ вақт тизимли равишда намоён бўлишидир.
Қатъиятлилик – бу шахснинг қийинчилик ва тўсиқларга қарамасдан узоқни кўзлаган мақсад сари интилишида юзага келувчи “ирода кучи”нинг узоқ вақт тизимли равишда намоён бўлишидир. Қатъиятлилик турли бошқа шахс сифатларидан кўра, инсон собитқадамлигини акс эттиради. У Макдугаллнинг таъкидлашича, “қатъиятлилик мақсадга йўналтирилган хатти-ҳаракатларнинг объектив сифатларидан биридир”.
Шахсда чидамлилик ва қайсарликнинг кўп маротаба намоён бўлиши орқали қатъиятлилик юзага келади. Муҳими шундаки, бу икки иродавий сифатларнинг айнан бир нарса эканлигини таъкидлаш қўлланилаётган тестларда ҳам учраб туради. Кўпгина америкалик психологлар томонидан таклиф этилган қатъиятлиликни аниқлашга қаратилган тестлар аслида қайсарликни ўрганишга мўлжалланган.
Ўспиринда қатъиятлиликнинг намоён бўлиши мақсадга эришишга нисбатан ўзида мавжуд бўлган ишончнинг даражасига, унинг мотивациясига, қийинчиликларни бартараф этишдаги иродавий установкаларига боғлиқ бўлади. Шу билан бирга бу ҳодиса нисбатан оз даражада нерв тизимининг хусусиятига боғлиқдир.
Тадқиқот натижаларидан кўринадики, ғайратлилик хусусияти синалувчилар орасида 62% ва 44% даражани ташкил қилиб, у шахснинг зиммасидаги топшириқ ва вазифаларни бажаришда куч имкониятларини тўла намоён қилишдан иборат иродавий хусусияти ҳисобланади. Шунингдек, ғайратлилик ҳам иродавий сифатлар орасида ўзига хос ўринга эга бўлиб, улар билан ўзаро алақадорлиги нисбатан суст бўлган мустақил компонентлардан саналади. Ғайратлилик шахснинг зиммасидаги топшириқ, вазифаларни бажаришда куч имкониятларини тўла намоён қилишдан иборат иродавий сифатдир.
Эътиборлилик хусусияти синалувчилар орасида 37% ва 43% кўрсаткични ташкил қилади. Эътиборлилик шахснинг атрофдаги нарса ва ҳодисаларга бошқа кишиларга ҳамда ўз шахсий кечинмаларига таассуротларига нисбатан фаол муносабатда бўлиш қобилияти ҳисобланади.
Бу ҳолат мақсад сари интилишда ўспириндан бажарилаётган ҳар бир ишга нисбатан синчков, эътиборли бўлиш талаб қилиниши билан изоҳланади. Шу боис, ўспиринларда ўзлари томонидан бажараётган ишларига нисбатан жавобгарлик ҳиссини, бошлаган ишини охирига етказиш каби хусусиятларни шакллантириш лозим.
Психологик луғатда келтирилишича, эътиборлилик – шахснинг атрофдаги нарса ва ҳодисаларга, бошқа инсонларга ҳамда ўз шахсий кечинмаларига, таассуротларига нисбатан фаол муносабатда бўлиш қобилияти ҳисобланади. Шахс ўзининг хатти-ҳаракатларини тўла назорат қилиши жараёнида ҳар бир ташқи таъсир, ўзгаришларга нисбатан эътиборли бўлиши талаб этилади.
Навбатдаги мақсадга интилувчанлик хусусияти синалувчилар орасида 39% ва 67% ни ташкил қилади. Мақсадга интилувчанлик иродавий хусусиятлар таркибида муҳим аҳамият касб этади. Мақсадга интилувчанлик шахснинг ўз хатти-ҳаракатларининг барқарор ҳаётий мақсадларга бўйсундира олишида, мақсад йўлида ҳамиша тайёр қатъиятли бўлишида ифодаланадиган характер хислати ҳисобланади.
Олинган натижалардан кўринадики, ўсмирда мақсадга интилувчанликнинг намоён бўлиши, аввало, масъулиятлилик билан, яъни зиммасига юклатилган вазифаларни ўз вақтида, талаб даражасида бажариш билан чамбарчас боғлиқ. Бу ҳолатни фаолият давомида бериладиган топшириқни бажаришда фаолликнинг зарурий даражада сақлаб турилиши масъулиятлилик даражасига боғлиқлиги билан тушунтириш мумкин. Шунингдек, ўсмир шахси мақсад сари интилиш жараёнида юзага келадиган қийинчилик ва тўсиқларни енгиб ўтишида юксак даражадаги матонатлилик кўрсатиши, айниқса, ўқув ва меҳнат фаолиятидаги ҳаракатлари ва ўзгаришларини эътибор билан кузатиб бориши лозим.
Психологик манбаларда келтирилишича, мақсадга интилувчанлик шахснинг ўз хатти-ҳаракатларини барқарор ҳаётий мақсадларга бўйсундира олишида, мақсад йўлида ҳамиша тайёр, қатъий бўлишида ифодаланадиган характер хислати ҳисобланади. Мақсадга интилиш жараёнида инсон маълум бир хатти-ҳаракатлар ва хулқ-атвор меъёрларига риоя этади. С.И.Ожеговнинг кўрсатишича, мақсадга интилувчанлик деганда аниқ мақсад сари интилиш тушунилади. Н.Д.Левитов мақсадга интилувчанлик яқин (яқин келажакдаги мақсадга интилиш) ва узоқни кўзлаган бўлиши мумкин деб ҳисоблаган. Е.П.Ильиннинг фикрича, мақсадга интилувчанлик – бу шахснинг бир ёки бир неча мақсадлар сари интилишга онгли йўналганликдир.
Олинган натижалар асосида шуни таъкидлаш керакки, ўсмирлик даврида иродавий сифатлар ўртасида ўзаро алоқадорлик мавжуд бўлиб, улар фаолият жараёнида ўзаро бир-бирини тақозо қилади. Шунингдек, айрим иродавий сифатлар мустақил компонент сифатида намоён бўлиб, шахс характерига хос кўплаб хусусиятлардан ортогонал хислат кўринишида гавдаланиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |