Худбинликнинг бир неча жиҳатлари бор: ўз истеъдоди ва қобилиятини ишга солиб, фикри ва режаларини ҳаётга татбиқ этиш ҳам аслида худбинлик, яъни шахс сифатида ўзликни намоён қилишдир. Буни ижобий маънодаги худбинлик деб аташ мумкин. Бундай худбинлик, индивидуал саъй-ҳаракат жамият ривожига ёрдам беради. Аммо фақат ўзини ўйлайдиган, бошқалар меҳнати эвазига бойишга интилувчи шахслар ҳам бор. Улар ўзларини энг доно, энг кучли ҳисоблаб, атрофдагиларга беписанд муносабатда бўладилар, кибру ҳавога бериладилар ва жамият ривожига наф келтирмайдилар.
Мана бундай манманлик ва ҳукмфармонликка асосланган худбинлик аслида маънавий қашшоқлик туфайли пайдо бўладиган ахлоқий қусурдир. Зеро, «ўзим бўлай» фалсафаси миллий ватанпарварлик туйғусини сўндиради. «Ўзим бўлай» деб интиладиган одам иймон-эътиқодни ҳам поймол этади. Бундай одам ҳаром-ҳалол, яхши-ёмонни ҳам фарқламайди, қандай бўлмасин, қаерда бўлмасин ўзлаштириб олса бўлгани, бошқаси билан иши йўқ.
Улуғ шоирларимиз, мутафаккир боболаримиз, авлиё-шайхларимиз ҳирс ва ҳасадга, шайтоний нафсга берилиш, бу йўлда одамларга жабр-зулм қилишга қарши чиққанлар. Халқимиз ахлоқининг энг яхши жиҳатлари шу боис ҳозир ҳам ўз кучини кўрсатмоқда. Биз тарихимиз, улуғ маданиятимиз обидалари, маънавий қадриятларни тикладик. Халқимизнинг руҳияти тикланди. Улуғ маънавий меросимиз билан фахрланамиз, улуғ Ватан фарзандлари эканлигимиз дилимизни ғурурга тўлдиради. Бунинг ўзиёқ Ватанимизнинг бугуни ва келажаги учун қайғуриш ҳиссини уйғотади. Биз чинакамига уйғоқ халқ сифатида дунёга боқмоқдамиз, дўсту душманни ажратиб, миллий манфаатларимиз учун курашмоқдамиз.
Миллий ғоя, демократия ва миллий давлатчилик. Демократия эркин фуқаролик жамияти бўлиб, унда очиқ мулоқотлар, қонун асосидаги муносабатлар қатъий асосга қўйилиб, у ошкораликни юзага келтиради ва қонун асосида ижтимоий адолат тикланишига эришилади. Инсон ҳуқуқини таъминлаш ва ҳимоя қилиш биринчи даражали аҳамият касб этади.
Бошқача, айтганда, жамият ичидан туриб фаоллашиб, мустаҳкамланиб боради, ўз-ўзини бошқариш сари дадил қадамлар қўйилади. Аммо, бундан демократия шароитида давлатнинг бошқарувчилик, ташкилотчилик роли барҳам топади, деган хулосани чиқармаслик керак. Айрим Fарб файласуфлари (чунончи, Карл Поппер) ўзининг «Очиқ жамият ва унинг душманлари» китобида мустаҳкам миллий давлат демократия тараққиётига тўсқинлик қилади, деган фикрни олға суради. Унинг назарида давлатнинг кучайиши «очиқ жамият» кишиларининг эркин фаолият кўрсатиши, фикри, иродасини ифодалаши, қобилиятини ишга солишга халақит беради. Унинг асосий сабаби давлат ҳукмрон мавқени эгаллаб ҳокимият, мансаб идеаллаштирилади. Натижада давлат раҳбарининг фикри асосий фикр бўлиб, қолган фикрлар бўғилади. Унинг фикрича, бу авторитаризмни юзага келтиради. Демак, чинакам демократияга амал қилмай қолади, дейди. Унинг назарида, шундай қилиб, миллий ғоя ҳам охир-оқибатда миллатчиликка олиб боради ва тоталитаризм хавфини туғдиради. К.Поппер Платон, Аристотел ва айниқса Гегел фалсафий қарашларини танқид қилиб, ҳар бир шахснинг фардий (индивидуал) фикри, интилиши ва дунёқарашини эътиборга олмай, балки муайян қолипдаги ғояларга ҳамманинг бўйсунишини талаб қилиб келганлар.
Одамларни «Олий ҳақиқат» тарзида тақдим этиладиган ғоялардан халос этиш керак. Шунда шахс эрки таъминланади, дейди К.Поппер. Бундай фикр билан тўлиқ қўшилиб бўлмайди. Fояларнинг мутлақлаштирилиши давлатнинг ва давлат раҳбари бўлган якка шахсларнинг мутлақлашти-рилишига олиб келади. Натижада, бундай шахслар ўзларини нуқсонлардан холи, танқиддан юқори деб ҳис эта бошлайдилар. Бу эса жамият ва давлат орасида бегоналашувни юзага келтиради. Натижада, тоталитар ғоя ҳукмронлик қилиб, турғунлик юз беради. Маддоҳлар, ахлоқий нопок одамлар мансабларни эгаллаб, соғлом фикрни бўғадилар. Бундай шароитда иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт тўхтаб қолади.
«Давлатни илоҳийлаштириш қуллик ва истибдод ҳукмрон бўлган даврлардан қолган кишилар саждапарастлигининг энг ёмон кўринишидир», деб ёзади К.Поппер.
Умуман, К.Поппернинг кўпгина фикрлари анча баҳсли. Бироқ, демократик тамойилларга амал қиладиган жамиятда бундай илоҳийлашти-ришларга ўрин қолмайди. Аммо, шуниси борки, демократия шароитида ҳам давлат ижтимоий-сиёсий институт сифатида сақлаб қолинади ва унинг функциялари тўла амал қилади. Давлатнинг обрў-эътибори, нуфузи баланд бўлиши жамият тараққиёти учун зарур. Кучли, адолатпарвар жамият давлатсиз яшай олмайди. Негаки, давлат жамият барқарорлиги, миллат осойишталиги ва иқтисодий тараққиётининг бош ислоҳотчисидир.
Ҳар бир халқ ўзининг миллий мустақил давлати билан ўзлигини кўрсатади. Халқаро ривожланиш шароитида бошқа мамлакатлар билан рақобат қила олади. Хуллас, халқ (миллат), мамлакат ва давлат тушунчалари ажралмас яхлитликдир.
Ўзбекистоннинг мустақил мамлакат сифатидаги мавжудлиги унинг миллий давлатчилиги тараққиёти билан биргаликда олиб қаралгандагина мазмун-моҳиятга эга бўлади. Ўтиш даврида давлатнинг ислоҳотчилик роли бениҳоя катта бўлиши табиий жараён. Ўзбекистон давлатининг халқи иродаси ва руҳини ифодалайдиган, унинг бирлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Давлатни шунчаки маъмурий инструмент, бошқарув аппарати, холос деб талқин этиш етарли эмас. Бу таръриф демократия шароитида ҳам миллий бирлик ва халқнинг маънавий яхлитлиги, демак, уюшиб, жипслашиб, ривожланиш йўлига чиқишига халақит беради. Қолаверса, тараққиёт ҳам, демократия ҳам ўз-ўзидан содир бўлмайди. Мамлакат хавфсизлигини, осойишталигини таъминлаш, сиёсий манфаатлар тўқнашувида дадил туриб, миллий манфаатни ҳимоя қилиш давлат зиммасидадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |