I Боб. ҚАДИМГИ АРАБ АДАБИЁТИДА ЖАНРЛАР ШАКЛЛАНИШИ
Жоҳилия давридаги шеърият ва унинг жанрлари
Қадимги арабларнинг ижоди оғзаки бўлиб, у бир авлоддан иккинчи авлодга ровийлар орқали ўтиб борар эди. Бу ижоднинг дастлабки ёзма нусхалари VIII асрнинг ўрталарида пайдо бўлди ва аксарияти IХ-Х асрларда ёзиб олинди. Шу ўринда савол туғилади: қайси йўл билан оғзаки шеърий ижод араб адабиётининг ўрта асрларда юксалган даврига қадар етиб келди? Жавобни шоир қабиласида эгаллаган мавқеидан топса бўлади. Умуман олганда, шеър қадимги арабларда энг ривожланган ижод тури эди. Шоир қабила “виждони” бўлиб, унинг манфаатини, шарафини ҳимоя қилар эди. Қабиладошларининг кароматлари ва фазилатларини мақтаб, уларни кўкларга кўтаришдан, душманларни эса қоралаб, уларни ер билан яксон қилишдан сира чарчамас эди. Шоирларнинг шеърлари сеҳрли куч-қувватга эга бўлиб, атрофдагиларга катта таъсир кўрсатиши натижасида “жамоатчилик” раъйини шакллантирар ва у ёки бу ҳодисага муайян муносабатни вужудга келишига сабаб бўлар эди. Бу вазифалар қабила шоири зиммасига катта масъулият юклар эди, қабила муаммоларига самимий ва холисона ёндашишни талаб қилар эди.
Қадимги араб шеърияти оғзаки ижод намунаси бўлса-да, халқ оғзаки ижоди ҳисобланмайди. Ҳар бир қабила ўз шоири билан фахрланар ва уларнинг шеърларини ёдда сақлар эди. Шунинг учун ҳам уларнинг шеърлари девон шаклида ёки алоҳида асар шаклида замонамизгача етиб келди. Араб халифалиги даврида бу шеърий мерос катта эътибор билан ёзиб олинди. Девонлар ё мавзудан ёки қабилавий сифатдан келиб чиқиб тузилар эди. Аммо Куфалик филолог Хаммад (694-772) томонидан ёзиб олинган дастлабки девон анъана бўйича VI асрга тааллуқли бўлиб, энг яхши саналган қасидаларни қамраб олган. Уларнинг сони еттита, бу қасидаларнинг муаллифлари: Имрул Қайс, Тарафа, Зухайр, Лабид, Амр ибн Кулсум, Антара ва Хорис ибн Хиллизлардир. Сўнг бу рўйхатга яна учта шоир қўшилади, улар: ан-Набиға аз-Зубяний, ал-Ааша ва Абид ибн ал-Аброслардир. Бу қасидалар “ал-Муаллақот” лар номини олди. Маъноси турлича таржима қилинган, лекин, назаримизда, уларнинг энг тўғри талқини – “Терилган дурдоналар” маъносини беради.
Қадимги араб шеърияти асосан икки шаклда намоён бўлди. 10-12 байтлардан иборат шеърий қитъа – у махсус ёзилган асар ёки катта қасидадан ажралиб чиққан бўлакдир. Қасида эса 50-100 байтдан иборат, баъзида байтлар сони ундан ҳам кўп бўлиши мумкин.
Шеърий қитъалар асосан араб шеъриятининг энг қадимги жанрлардан бўлмиш ҳижо – қабила душманини қўпол ҳажвга олиш жанридир.
И.Гольциер кўрсатишича, бу жанрнинг негизида ўткир сўзли ва сеҳрлаш санъатини эгаллаган шоирнинг ўз душманига ёки қабила душманларига йўналтирилган қарғиш ва лаънатлари турар экан1. Бу лаънатларни қофия ва муайян оҳангга солиб айтаётган шоир ўзи ҳам уларни жоду кучига эга эканлигига самимий ишонар ва бошқаларни ҳам бунга ишонтирар эди. Бадавийлар учун қадриятлар жасурлик, сахийлик, ваъдага вафо қилиш, қабилага садоқатли бўлиш бўлса, табиийки, душман қўрқоқликда, садоқатсизлик ҳамда пасткашликда айбланар эди. Қабилалараро юзага келган шоирлик тўқнашувларида шоирлар бир-бирини сира аямасдан душманни қилган ёки қилмаган ёмонликларида айблаб чиқишганида, сўзга чечан истеъдодли шоир ғалаба қилиб, қилган ҳақорати душманга катта зарба етказар эди.
Шеъриятнинг қитъа шаклида ривожланган яна бир жанри - бу рисо, яъни кишининг ўлган қариндоши ёки дўстининг тобути олдида ўз ҳис-туйғуларини йиғи сўзлари – марсияда ифодалаши. Марсияда марҳумнинг фазилатлари кўрсатилиб, агар у шаҳид кетган бўлса, қасос олишга бўлган даъватлар билан қўшилиб кетар эди. Табиийки, марсияда марҳумнинг сифатлари муболағалашиб, баландпарвоз ўхшатиш-ташбеҳлар билан безатилади. Шоира ал-Ханса (664 йилда вафот этган) рисо жанрида айниқса кўп шуҳрат қозонган эди. У ўзининг марсияларида жангларда ҳалок бўлган акалари – Сулайм қабиласининг шайхлари Сахр ва Муавияни ўлимига йиғлаб, уларнинг каромати, жасорати, ақл-заковатини ҳар томонлама мақтайди.
Рисолаларнинг тили содда ва оддий бўлиб, уларда бир хил ифодавий иборалар такрорланади.
Қасидага келсак, у мураккаб тузилишга эга кўп қисмли асар бўлиб, бу қисмлар ўзаро боғланиши анча заиф эди. Ҳар бир бўлак ўз сюжети ва услубига эга бўлиб, жанр шаклига яқинлашади, аммо фақат ўрта асрларда тўла мустақил жанрга айланади.
Қадимги араб қасидасининг композицияси ўзига хос барқарор қонун-қоидаларига эга. Биринчи қисми лирик кириш бўлиб, уни “насиб” деб аташади. Унда қабила кўчиб кетгандан сўнг тарк этилган харобаларда шоир маҳбубасининг изларини қидиради, у билан бўлган учрашувларини эслайди, бирга ўтказган дамларини қўмсайди. Бу лирик кириш, ҳатто ХХ асргача сақланиб борди. Ўрта асрларда ҳар бир қасида ёзган шоир, уни ёзишдан асосий мақсади мутлақо бошқа бўлса ҳам, ўз асарини насибдан – лирик киришдан бошлар эди. Масалан, машҳур шоир Кааб ибн Зуҳайр (662 йили вафот этган) ислом динини қабул қилгандан сўнг, Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в) ни мадҳ қилиб, ёзган қасидасининг лирик кириш қисми шундай бошланар эди:
بانت سعاد و قلبي اليوم مطبول متيم اثرها لم يجز مكبول1
Суад мени тарк этганда қалбим бонг уриб,
Ортидан интилдим ишқ ўтида ўртаниб.
Ўхшар эдим занжирбанд қулга
Озодликдан маҳрум бўлган асирга.
Пайғамбаримиз (с.а.в) қасидадаги ислом дини мадҳидан таъсирланиб, шоир елкасига ўзларининг чакмонлари – бурдаларини ташлайдилар ва бу қасида “Ал-Бурда” номи билан шуҳрат қозонади.
Аммо қасидалардаги ишқий оҳанглар оддий анъанадек қабул қилинган. Ҳатто, ХХ аср бошларида ижод қилган машҳур араб шоири Аҳмад Шавқий ҳам ўзининг Миср мустақиллиги учун курашга бағишланган сиёсий шеърини маҳбубасини жайронга ўхшатиш билан бошлайди. Асрлар оша етиб келган бундай анъанага тақлид қилиш ёш шоирларнинг танқидига учради.
Бу мисолларни келтиришимиздан мақсад, қасидада анъанавийликнинг кучли эканлиги ҳамда вақт ўтиб, қасида ўзгариб борса ҳам, ўз моҳиятини йўқотмаслигини кўрсатишдир.
Шоир лирик киришдан сўнг тавсифга ўтади ва бу жанр шакли “васф” номини олади. Тавсифга шоирнинг йўлида учраган барча манзаралар, ҳайвонот, наботот, табиат ҳодисалари, ов, жанглар баёни ва унинг ҳаётидаги бошқа воқеалар кирар эди. Васф насиб қисми каби фақат лирик кўринишда бўлмай, балки лирик баёний ёки эпик шаклда ҳам ифодаланар эди.
Исломга қадар бўлган даврда қасиданинг марказий қисми “фахр” руҳида бўлиб, унда шоир ўз қабиласи, унинг шайхи, қаҳрамониннг фазилатларини ёки ўзининг яхши сифатларини, жасурлигини, олий насл-насабдан эканлигини кўрсатиб, шулар билан фахрланар эди. Шоир ўзини қабиласининг бир қисми дея тасаввур этаркан, унинг шахсий фазилатлари қабила фазилатлари билан уйғунлашиб, яхлитлик касб этади. Кўп бўлмаса-да, фахрда кичик сюжетли ҳодисалар ҳам ўрин эгаллаган. Шунинг учун биз қасиданинг васф, фахр қисмларида лирик ва эпик турлар мужассамлашганлигини, бироқ унинг лирик жиҳати кўпроқ намоён бўлишини кузатамиз.
Фахр қасиданинг бошқа бир қисми – мадҳ билан ҳам типологик, ҳам генезис – келиб чиқиш жиҳатидан алоқадор. Мадҳ, рисо ва ҳижодан фарқланади, бироқ фахр сингари мадҳ ҳам қасидадан ажралмасдан ривожланди. Фахр ўз мавқеини йўқотиши билан эса мадҳ қасидада марказий ўринни эгаллай бошлади, ва ниҳоят, Умавийлар давридан бошлаб Аббосийлар халифалиги замонасида асосий жанрга айланди. Бу даврда у кўпроқ халифалар, амирлар, вазирлар ва бошқа ҳукмдорларга бағишланар эди. Аббосийлар халифалиги даврига келиб мадҳ ўзининг самимийлигини йўқотиб, сарой шоирларининг касби ва тирикчилик воситаси бўлиб қолди. Жоҳилия даврида ёзилган мадҳларда бундай ҳол кузатилмай, унинг объекти бўлган шахслар холис шарафланар эди. Аммо қабилавий уруғчилик тузумининг емирилиши, ғассонийлар, лаҳмийлар ва бошқа кичик амирликлар пайдо бўлиши натижасида ҳукмдорларни мадҳ этувчи сарой шоирлари кўпая борди.
Ислом даврига қадар бўлган шеъриятга назар солсак, ўша даврлардаги қасидаларнинг муайян байтлари майга бағишланиб, уларда зиёфатларнинг васфи акс этар эди. Хамриёт номини олган қасиданинг бу тури сўнгги даврларда кенгайиб, ривожланиш жараёнини бошидан кечирди.
Қасида таркибида пайдо бўлган яна бир мавзу – ҳикма яъни ибратли афоризмлардир. Улар қасидада унчалик катта бўлмаган чекиниш саналиб, дидактик характерга эга эди ва ўзида замонасининг ахлоқий масалаларини ифодалар эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |