Коҳинлар нутқи. Жоҳилия даврида бадавийлар орасида келажак ҳақида башорат қилувчи одамларнинг гуруҳи коҳинлар деб аталган. Улар қадимги арабларнинг санам ва илоҳларига хизмат қилган бўлиб, ўзлари учун ажратилган турар жойларда истиқомат қилганлар. Жоҳилия даврида коҳинларга сиғиниш диний эътиқод тусини олганлиги сабабли коҳинларнинг шахсияти ҳам муқаддаслаштирилган эди. Араблар уларнинг башорат қилиш қобилиятларига ишонганликлари сабабли, барча ишларида, хусусан, қурбонлик қилиш, рақиблари билан тортишувлари, бирор бир нарсани талашишда ҳақларини талаб қилишда ҳам коҳинларга мурожаат қилиб, уларнинг ҳукмини кутишар эди, сўнгра уларнинг қандай башорат қилганликларидан келиб чиқиб, баҳс-мунозараларга киришар эдилар. Коҳинлар кўп ҳолларда тушларни шарҳлаб, башорат қилар эдилар. Қадимги араб жамиятида коҳинларнинг мавқеи шу даражада катта бўлганки, уларнинг башорати туфайли у ёки бу шахснинг тақдири ўзгариб кетиши, ҳаттоки уруш ҳам бошланиши мумкин эди. Мисол учун, Исфаҳонийнинг “Китаб ал-ағани” асарида келтирилган воқеа айнан шундай ҳолатга мисол бўла олади. Ҳира амирлиги ҳокими ал-Ҳариснинг ўғли, машҳур шоир Имрул Қайснинг отаси Ҳужр ва у бошқарган Бану Асад қабиласи ўртасида низо келиб чиқади ва у қабила устига юриш қилиб, уларни тор-мор қилади ҳамда қабила аҳлининг бир қисмини ўлдириб, бир қисмини Тихамага сургун қилади. Шоир Абид ибн Ал-Аббос Ҳужр олдида уларга шафқат сўраб, чиройли шеър ўқиганидан кейин Ҳужрнинг кўнгли юмшаб, уларни кечирди ва ўтлоқларига қайтишларига ижозат берди. Шу билан низо тўхташи мумкин эди. Аммо коҳин Авф ибн Робиа Бану Асадликларга мурожаат қилиб, шундай деди: “Эй, менга ибодат қилувчилар”. Улар дедилар: “Лаббай, эй раббимиз!”.
" قال: من الملك الأصحب، الغلاب غير المغلب، في الإبل كأنها الربرب، لا يعلق رأسه الصحب، هذا دمه ينثعب، و هذا غدا أول من يشنق".
У деди: “Ким экан бу малла подшоҳ? Ғалаба қилмасдан бўлган ғолиб. Туялар ичида у гўё бир кийик. Боши бўшдир унинг мутлақо, чунки ундан зирқираб оқмоқда қон. Эртага у биринчи бўлиб осилар дорга”.
Улар сўрадилар: “ Ким у раббимиз”. У жавоб берди: “Агар юрагимда жўш урмаганда туғён, айтармидиму – Ҳужр бўлганда қурбон”. Коҳиннинг айтган сўзлари таъсирида улар, ҳали тонг отмасидан, от ва туяларига миниб йўлга чиқдиларда, Ҳужрнинг аскарларига етиб бориб, Ҳужрни ўлдирдилар. Коҳин сўзларига назар ташласак, улар лўнда ифодаланган бўлиб, башоратининг замирида қандайдир ёвузлик бор, унинг сажъда битилганлиги шу ҳиссиётни янада кучайтирмоқда1.
Ал-Қазвиний ўзининг “Ажойиб ал-махлуқат” номли асарида “коҳинларнинг сони ҳатто ҳикоя айтувчилар сонидан ҳам ўтиб кетган”, деб ёзади2. Коҳинларнинг кўриниши ҳақида афсоналар ҳам тўқилган. Уларда айтилишича, коҳин Шиққа ибн ас-Сааб ярим жинсли инсон бўлиб, унинг кўз, оёқ ва қўллари биттадан бўлган; Сатих ибн Рабиа аз-Зиъбийнинг эса бош суягидан ташқари мутлақо суяги бўлмаган ва ҳоказо. Эътиборга молик жиҳат шуки, коҳинлар орасида аёллар ҳам бўлган. Аёл коҳинлар ўзларини қадимги арабларнинг аёл илоҳларига бағишлаб, уларнинг санамларига хизмат қилар эдилар. Ал-Майдоний ўзининг “Мажмаъ ал-амсал” асарида ана шундай аёл коҳинларнинг номларини келтириб ўтади, уларнинг энг машҳурлари эса аш-Шааса, аз-Зарқа Ямама бинт Зуҳайр, Забра ва бошқалар. Зарқа ал- Ямама номи билан кўпгина афсоналар тўқилган бўлиб, унинг образидан ҳаттоки, янги араб адабиётида ҳам фойдаланадилар. Кўзлари кўр бўлган бу аёл қабиласига душман келаётганлигини башорат қилади, бироқ унга ҳеч ким ишонмай, мазах қиладилар. Душман эса кесилган дарахт шохлари орқасига беркиниб, секин-аста қабила томон яқинлашиб келадида, кутилмаганда унга ҳужум қилади. Адиблар ўз асарларида тўғри гапириб балога қолган қаҳрамонларга нисбатан бу образни қўллайдилар.
Коҳинлар ўзларининг башоратларида жуда кўп мақолларни қўллаб келганлар, бу мақолларнинг барчаси Жоҳилия давридан етиб келганлиги аниқ эмас. Бироқ ровийларнинг хотирасида муҳрланиб қолгани – коҳинларнинг ўз башоратларини сажъ воситасида ифода этганликлари аниқдир. Масалан, Бану Риъам қабиласи коҳини Забра ўз башоратини қуйидаги сажъдан бошлайди:
و اللوح الحافق و الليل الفاسق و الصباح الشارق و النجم الطارق و المزن الوادق...
Шамол ёмғир олиб келмоқда, тун қоронғулигини қилмоқда, аммо тонг отмоқда, тонг юлдузи ботмоқда, ёмғир ерни ҳўлламоқда…1.
Коҳинларнинг одамларга таъсири кучли бўлганлиги сабабли Қуръонда улар бир неча бор зикр қилинади:
Бас, (эй, Муҳаммад,) (инсонларга) эслатма бераверинг, чунки Сиз Раббингизнинг неъмати сабабли коҳин (фолбин) ҳам, мажнун ҳам эмасдирсиз. (Тур сураси, 29-оят)
إنه لقول رسول كريم، و ما هو بقول شاعر قليلا ما تؤمنون و لا يقول كاهن قليلا ما تذكرون
У (Қуръон), албатта, мукаррам Пайғамбарнинг (Аллоҳ номидан айтган) сўзидир! У бирор шоирнинг сўзи эмасдир. Сизлар (ушбу Қуръонга) камдан-кам имон келтирурсизлар. (У) бирор коҳин (фолбин)нинг сўзи ҳам эмасдир. Сизлар камдан-кам эслатма олурсизлар. (Ал-Ҳаққа сураси, 40-, 41-, 42- оятлар).
Коҳинлар ўзларининг нутқларида нафақат сажъдан фойдаланар, балки уни мумкин қадар ноаниқ мавҳум жумлалардан тузиб, уларни тингловчига ўзининг фаҳми ва шароитидан келиб чиқиб, талқин қилиш учун қолдирар эдилар. Бундан ташқари улар ўз нутқларида рамзлар, маъновий ишоралардан ҳам кенг фойдаланар эдилар. Коҳинларнинг ўз фикрларини очиқ-ойдин изҳор этиши башоратчилик қоидаларига зид келар эди, чунки уларнинг башоратлари ноаниқликка, тахайюлга ва ёлғонга асосланар эди. Коҳинлар юлдузларга, шамолларга, булутларга, зулматли тунга, ёрқин тонгга, дарахтларга, денгизларга ва қушларга эътиқод қилган ҳолда, уларнинг номи билан қасам ичар эдилар. Уларнинг нутқи кўп ҳолларда баландпарвоз, таъсирчан, бутпараст Жоҳилия даври одамларининг кўнглида из қолдирувчи кучга эга эди.
Шундай қилиб, арабларда оғзаки наср турли жанрларда намоён бўлди, булар: ҳикматли сўзлар – афоризмлар, мақол ва матал (масал)лар, нутқий санъат – хитаба ва баёний жанр – ҳикоя (қисса)лардир. Бу жанрлар турли вазиятларда турли мақсадларда қўлланган бўлиб, улар кўнгилочар, ижтимоий ва сиёсий ҳаётда ибрат вазифасини бажарар эди. Жоҳилия даври насри ўз даврининг тирик ёдгорлиги саналиб, у бадавийларнинг ҳаёти ва ахлоқи ҳақида тасаввур уйғотади. Коҳинларнинг нутқидан фарқли ўлароқ, бу наср ўзининг ифодавийлиги, қатъий шаклга эгалиги, лўндалиги, фикрнинг аниқ ифодаланиши, оҳангдорлиги билан ажралиб туради. Бу жанрларнинг баъзилари кейинги даврларда янада ривожланиб борган бўлса, баъзилари ўзгача кўриниш олди.
Do'stlaringiz bilan baham: |