Март 1966 йил.
ИШОНЧСИЗЛИКНИНГ ТУҒИЛИШИ
Қачон Тўйчи билан учрашмасин, айтмаса-да, Тўйчининг кўз қарашларида, гапининг қовушмаслигида Хуморга бўлган ишончсизлик сезилиб турарди. «Наҳот у менга шунчалик ишонмаса, нима қилсам ишонар экан», - Хумор ана шуни ўйлаб эзилар эди.
У медицина билим юртини битириб, ўзи туғилиб ўсган қишлоғидаги туғруқхонага ишга кирди. Ўз касбига меҳр қўйган зеҳнли қиз тезда аҳоли ўртасида обрў топди. Тўғри, Тўйчи рашк қилса арзигудек, Хуморга ошиқу беқарорлар кўп. Ҳа, меҳнатда синалган, чиройда ҳам тенгсиз маъсумани ким ҳам севиб ардоқлагиси келмайди, дейсиз. Лекин кўнгил биттага берилади. Наҳот буни Тўйчи англамаса?
Қиш. Ҳамма ёқ чойшабга буркангандек. Уфқ томондан эндигина бош кўтарган тўлин ой атрофга нур таратиб, дала чиройига янги жило бера бошлади. Хумор пахта майдонларининг чеккасига экилган қатор тут дарахтини ёқалаб, гўё ер озор емасин дегандек, қор устида оҳиста қадам ташлаб борарди. Унинг кўзлари олға тикилган. Ана, ана у кутиб турган экан, Хуморни кўриб жойидан қўзғалди. «Кутдириб қўймадиммикан?» - хаёлдан ўтказди Хумор.
- Кел, Хумор! – йигит қизга ўйчан ҳолда илтифот билдирди.
- Кўп кутдингизми?
- Йўғ-е, ҳозир келган эдим.
- Тўйчи ака…, қиз дудуқланиб қолди, - Тўйчи ака…, нега ҳамма вақт хомуш кўринасиз. Ё… мен билан танишганингиздан…
- Йўқ, асло…
- Бўлмасам…
- Хумор, ҳаммасини тушунасан. Шошма, гўзалим…
«Гўзалим» сўзини илк бор эшитган Хумор йигитга мамнун боқди ва эркалангандек жилмайиб ерга қаради. Йигит қизнинг ой ёғдусида яққол сезилиб турган латофатли нигоҳини юракдан ҳис этди, шекилли, унинг қўлини секин ушлаб қисди.
- Сен умрбод қалбимда баҳор бўла олсанг бас.
- Тўйчи ака, рост айтинг, менга ишонасизми?..
- …
- Сезиб юрибман, сиз ишонмайсиз. Мен, мен сизга ҳеч ҳам… сизни ҳеч ҳам ишонтиролмайман.
- Нега ундай дейсан, Хумор!.. Хумор, бунинг сабаби бор, сабаби.
- Нима қил дейсиз, нега мендан яширасиз?
- Хўп, эшит…
Йигит энди қизга қарамай қўйиб, хаёлга чўмган эди. Қиз таажжубда: нима бирор ноўрин ҳаракат қилдимми, ахир, мен нима гуноҳ қилдим. Балки битта-яримта орага тушиб…
- Бунга анча бўлди… - йигитнинг сўзлари қизни ҳушёр торттирди. – Мен ҳаммага ҳар вақт ишонч билан қарар эдим. Ахир инсонга ишонмай бўладими. Лекин ишончинг ҳамма вақт ҳам тўғри чиқавермас экан.
Университетнинг бешинчи курсида ўқир эдим. Бу даврга қадар бирор қизга яқинлашган, ёки гап ташлаган эмасман. Балки охирги курсда ўқишни яхши тугаллаш билан бирга, келгуси ҳаёт ҳақида ширин хаёл сурганимдан бўлса керак, энди қизларга алоҳида эътибор билан қарай бошладим. Ишқ кўчасига қандай кириб қолганлигимни сезмай қолдим.Гулбаҳорни анчадан бери танирдим. У биология факультетида ўқир эди. Фақат салом-алик бўлардик, холос. Кейинчалик бу қиз мен учун қандайдир жозибали, бошқа қизларга нисбатан яқинга ўхшаб кетаверди. Дилда бори тилга чиқар деганларидек, бу сирни охири қизга айтишга мажбур бўлдим.
Дарс тугаган эди. Бироз конспект ёзишга тўғри келди. Њқиш залига кирмасдан, бирор бўш аудитория ахтардим. Ўқув хоналаридан бирини секингина очсам, Гулбаҳор бор экан. У ҳам қандайдир китобдан конспект ёзаётган эди. Қайта эшикни ёпа олмай турдим ва охири журъат қилиб:
- Мумкинми, мен ҳам шу ерда дарс тайёрласам, - дедим.
- Марҳамат, - кулимсираб жавоб берди қиз.
Саломлашиб бўлгач, иккинчи қатордаги столлардан бирига ўтирдим ва қўлимдаги китобни варақлай бошладим. Конспект ололмадим. Њқийману хаёл суриб кетаман, нимани ўқиганимни ўзим ҳам билмайман. Такрор-такрор ўқидим. Яна ҳеч нарса тушунмадим. Шу тобда бехосдан уф тортиб юборибман.
Ҳа, намунча, - деди қиз.
Мен уялганимдан, нима қиларимни билмай:
- Шунчаки, ўзим… - деёлдим, холос.
- Ҳали ҳам ўзингиз, - у менга бурилиб қаради. Кўзлари қалбимга ўтде携 қадалди.
- Гулбаҳор, конс搿е携т олиб бўлганингиздан кейин вақтингиз бўлармикан?..
- Нима эди? - эътиборсизгина сўради.
- Энди… Шундай ўзим…
- Э, қизиқ. яна ўзим дейсиз. Айтаверинг, мана, конспектимни тугалладим.
Қизнинг ўзини бундай тутиши мени яна ҳам эсанкиратиб қўйди, хаёлим чулғашиб кетди. Гапни очишга очдиму, давом эттиролмай пушаймондаман. Қиз ҳамон оғзимни пойлаб, қараб турарди, мен эса қарашга ботинолмасдим. Нима бўлса бўлди, ўзимга тасалли бердим, ҳаммасини юзига айта соламан.
- Мен сизни яхши кўраман.
- Э. сизни қаранг-у, - қиз гапимни кулгига олди, - бу нима деганингиз?
- Наҳот тушунмасангиз?!
- Аввал ҳам битта-яримта билан гаплашганмисиз? – Қиз ҳамон жилмайиб турарди. Бу туриш менга гўё мазах қилаётгандек туюларди.
- Наҳот тушунмасангиз?.. - Яна такрорладим.
- Гапингиз ростга ўхшайди-куя, хафа бўлманг, ўзим кулгим қистади.
Қиз жим қолди, мен эсам жавобга мунтазир, дард ичимни тирнайди. Охири қиз дафтар-китобини йиғиштириб сумкасига солди. У нималарнидир ўйлаётгани, қошларининг чимирилиб туришидан сезилиб турарди.
- Кечирасиз, киши бир нарсага ўйламасдан жавоб қилиши қийин.
Ҳа, у эртасига: «Њйлаб кўрдим, ихтиёр сизда», - деди. Бошим кўкка етди. Тўйни икки йилдан сўнг, мен бирор ишга жойлашгач, ўтказишга келишдик.
Гулбаҳор ўзининг жозибали рақслари ва ёқимли ашулалари билан анча эътибор топган эди. Ўзи биология факультетида ўқиса-да, санъатни жон-дилидан севарди. Бу менга ҳам маъқул тушарди, чунки иш бор жойда санъат ҳам зарур бўлади. Лекин унинг санъаткорлиги бизнинг бир-биримизга етишишимизга тўсиқ бўлди. Бунчаликка бориши менинг етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган эди.
- Тўйчи ака, - деди кунлардан бирида у, - сизга дангал айтмай иложим йўқ. Мен барибир артист бўламан.
- Бўлсангиз жуда яхши.
- Тўхтанг-чи, шу иккимиз… қандай бўларкин.
- Нима!? – шубҳа аралаш сўрадим.
- Барибир бирга бўлолмаймиз.
- Гулбаҳор, шундай дейишга қандай тилингиз борди? Ахир, артист бўлсангиз ҳамма жойда ҳам кераксиз-ку.
- Тўйчи ака, мен Тошкетга театрга кетаман. Гаплашдим ҳам.
Њйланиб қолдим. Нима дейишни билмайман, туш кўраётгангандек эдим.
- Сизга бахт тилайман, мени кечиринг.
- Гулбаҳор… Гулбаҳор, ўйласангиз-чи, ахир ҳамма ерда халқ театрлари бор-ку. Қолаверса, ўртада севги… ўйласангиз-чи…
- Тўйчи ака, ўзингизни қийнаманг, мен ўша ёққа боришга қарор қилдим, бошқа илож йўқ. Ишончингизни қозонолмадим. Энди мен тўғримда ўйламанг, фойдасиз.
Унинг бу ўгитлари чин қалбдан эмас, балки юзакилиги сезилиб турарди. Гулбаҳор ўрнидан қўзғалди. Мен уни тўхтатишни ҳам, тухтатмасликни ҳам билмай, қимирламай туриб қолдим. Ўн-ўн беш қадам чамаси узоқлашгач:
- Гулбаҳор!.. – дедим. У тўхтади. Мен унга яқинлашдим. Бутун вужудимни титроқ босган эди.
- Демак… Сиз бу ерда қолмайсиз?..
- Ҳа, кетаман.
- Билиб турибман. Лекин кеч билдим, кеч… Шунга афсусланаман… Тўхтанг, жўнаманг… Мен дард ютиб қолмай.
- Нима дейсиз?
- Ҳозир… ҳозир шошманг… Кўп эмас, икки оғиз гапим бор. Мен янглишдим. Сизни ҳар томонлама ўйлар, фаросатли қиз деган эдим. Афсус, минг афсуски, сиз фақат ўзингизни ўйлар экансиз, шуҳрат топмоқчисиз. Янглишмасам, инсон шуҳратини халқ оширади. Ҳа, халқ. Кимки халқ назаридан четда қолса…
- Менга лекция ўқияпсизми, ўзи лекция эшита-эшита…
- Йўқ, сиз лекция тинглаган эмассиз, шундай. Лекция тинглаган бўлганингизда…
- Сизнинг кетингиздан юрардим, шундайми?
- Йўқ, мен ўзимни ўйлаётганим йўқ. Халққа хизматни ўйлардингиз, демоқчиман. Сиз бўлсангиз санъаткорни халқдан ажратиб, уни устун қўймоқдасиз. Сиз… сиз… сиз… - сўзимни давом этдиролмай қолдим, бир нарса бўғзимга тиқилгандай бўлди. Айниқса, қизнинг шунча гаплардан сўнг ҳам бездек қотиб, гоҳо мағрурона илжайиши нафсониятимга тегди. Бошқа сўз демай, қиздан олдин ўзим жўнаб кетдим.
Шу учрашувдан уч кун кейин Гулбаҳорни истроҳат боғида бир йигит билан ёнма ён юрганини кўриб қолдим. Бу йигит яқингинада университетда йиғилишдан сўнг қўйиб берилган концертда иштирок этганди. Унинг номини англамасам-да, Тошкентдаги консерваториянинг талабаси деб эълон қилгани эсимда.
Балки Гулбаҳорни шу йўлдан урган бўлса, деб хаёлимдан ўтказдим. Жаҳлим чиқиб, иккисини ҳам аччиқ-аччиқ сўз билан ранжитиб, аламимни олмоқчи ҳам бўлдим. Лекин йигитлик ғурури йўл бермади. Гулбаҳорнинг охирги учрашувдаги ҳолати кўз олдимда жонланди, ички ғазаб билан индамай, бурилиб кетдим.
Кейин билсам, Гулбаҳор у билан Тошкентга ёш ҳаваскорлар кўригига борганда танишган ва шундан бери хат ёзишиб турар экан. Мен қайтиб Гулбаҳорга гап очишга журъат этмадим. У кўзимга бутунлай бегона бўлиб кўринди. Ҳа, шундай, гўзалим.
Хумор йигитнинг сўзларидан ҳаяжонланиб, кўзларига ёш олди ва унинг дардини қўзғотганлигидан ўз-ўзини койиди.
- Кечиринг, мен сизни тушунмасдан…
- Ҳа, бўлади. Ҳеч қиси йўқ. Сени ҳам ўшал ўтмишим туфайли анча ранжитиб қўйдим. Ишончсизлик ҳам рўёбга чиқар экан, азизим. Эндиликда сен дардимга анча малҳам бўлдинг.
- Тўйчи ака…
- Хумор, сен абадий йўлдош бўла олсанг бас.
- Тўйчи ака…
Меҳр тўла кўзлар сирлашар эди. Ой ҳам ҳамон икки ёш бир-бирига тўйсин дегандек, кўкдан жилмасди. Бутун коинот ошиқ қалбларга ҳалал бермай деб сукунатга чўмгандек.
Do'stlaringiz bilan baham: |