Апрель 1964 йил.
«Сирдарё» газетаси 1965 йил 31 январь сонида босилган.
РОЗИ БЎЛИШДИ
(Воқеий ҳикоя)
Мен бу ҳақда ҳеч кимга, ҳеч қачон оғиз очмоқчи эмас эдим-у, ҳамон давом этаётган эски урф-одатнинг айрим ақидалари нафратимни оширди…
Ёшлигимизда кийим-бошга қарамасдик, кунимиз ўйин-кулги билан ўтарди. Фақат бир нарса менинг таъбимни хира қиларди: «Ҳой, Тўлқин, келинни қачон туширамиз?», «Оҳо, кап-катта йигит бўлиб қолибсан-ку, энди тўйга ҳаракат қилайлик», «Гулчеҳра ҳам исми-жисмига монанд қиз-да, бай-бай», «Қара, Гулчеҳра келяпти, кутиб ол» ва бошқа шу каби сўзлар билан оғайни-қариндош, қўни-қўшнилар қулоғимни қоқиб олса, тенгдош ёшлар ундан баттар тегажаклик қилишарди.
Мен Гулчеҳрани кўрсам жаҳлим чиқарди, у менинг нафсониятимга тегаётган, болалар томонидан масхара қилинишимга сабабчи бир шахсдек туюларди. Балки унга мен ҳам шундай туюлсам керак, кўрганда бурилиб кетарди. Бир оғиз ҳам гаплашмасдик.
Фақат менга эмас, икки акамга ҳам икки қизни ёшлигидан нон ушатиб қўйишган эди. Нима бўлди денг, буларнинг барчаси бефойда уриниш эди, холос.
Қиш кунларининг бири… Ташқарида қор учқунлаб турибди, ҳавони булут қоплаб олганидан қоронғилик тез тушди. «Қор ўйини»дан чарчаб-ҳориб уйга кириб, лол бўлиб қолдим. Сандалда ўтирганларнинг ҳаммасининг юзида ғам пардаси, бошлар қуйи солинган. Таажжубландим ва секингина онамнинг ёнига ўтириб, оёғимни сандалга тиқдим. Сукунатни амакимнинг солмоқли ва босиқ овози бузди:
- Биз эл-юрт орасида қандай юрамиз, ўйласанг-чи? – У бу гапларини катта акамга қарата айтаётган эди.
- Қандай юрардингизлар, шундай юраверасизлар, - акам пинагини бузмай бамайли хотир жавоб берди.
Мунозара анча вақтдан бери давом этаётгани ва бу акамнинг шахсиятига боғлиқ экани сезилиб турарди. Отам оғиз очмасди. Юзларидаги ажинларнинг бўртиб туриши жаҳли чиқаётганлигининг белгиси эди. Онам ҳам индамасди. У фақат аламини кўзидан оларди, ҳозир ҳам кўзларидан беихтиёр сизиб чиқаётган ёшларини рўмолча билан тез-тез артиб турарди.
Амаким – бир сўзлилиги билан танилган одам. У ҳозир сўзини ўтказа олмаганлигидан жуда ҳам тажанг эди.
- Ҳай, бўлмаса, сўзимиз ўтмаса нима ҳам дердик, - амаким мунозара тамом дегандек сандалдан қўзғалди.
Шу кундан бошлаб ката акам бешиккертти можаросидан халос бўлди-ю, қиз томон бувимга яқин бўлганидан оғайнилар ўртасида анча низо туғилди. Лекин улар биздан бир неча чақирим узоқда бўлганлиги сабабли гап-сўз унча чўзилмади.
Бу ғўрадан ҳолва экан… Энди буёғини эшитинг. Кичкина акамнинг бундай эски ақидадан қутилиши анча оғир кечди. Мен институтда ўқиб юрганлигимдан бу можарода қатнашган эмасман-у, лекин оқибат кўнгилсиз ҳодисага сабаб бўлганлигини эшитдим. Келин бўлмиш қўшнимиз, ўша бўйдор ва барваста амакимнинг катта қизи эди. Отам билан амакимнинг иноқлигига қишлоқдагина эмас, районда ҳам ҳамма қойил қоларди. Улар ҳеч қачон бир-бири билан ади-бади айтишмаган, ҳамма вақт иноқ яшашган. Киройи ака-ука бўлса шундай бўлсин дегувчилар сон-саноқсиз эди.
Афсуски, ана шундай иноқ оғайниларнинг ўртасига ҳам совуқлик тушди. Бувимнинг, икки ўғил фарзандининг келажаги ҳақида қайғуриб, уларнинг умрбод тотув бўлишини орзулаб қилган бешиккерттиси, тамоман бошқача бўлиб чиқди. Икки ёшнинг турмуш қуришни рад қилганлиги ака-ука оиласининг тотувлигига зарба бўлиб тушди. Амаким отам билдан юз кўришмасликка аҳд қилган. Лекин аста-секин аччиғи босилиб, улар ўртасида борди-келди давом этди. Фақат олдингидек самимий муносабат тикланмади. Ҳа, бунга ўша ўтмишнинг машъум иллати – бешиккертти раҳна солган эди. Онамнинг ҳам, отамнинг ҳам ҳафсаласи пир бўлди. Нима қилсин. Ўз ўғилларини бунга мажбур қилса, оқибати яна ҳам кўнгилсиз бўлиши турган гап. Ҳа, замон зайли бошқача. Унинг йўлига кўндаланг туриш фойда бермаслиги энди кунлан-кун ойдинлашиб боряпти.
Аввл ўз кишингдан келин қилсанг, сенинг қўлтиғингга киради, йиқилсанг ердан кўтаради деб ўз сўзини ўтказа олмаганидан неча кунлаб кўз ёш тўккан онамнинг ҳам ҳоври босила бошлади. Унинг катта ўғли яхши кўриб олган келин, келинмисан келин бўлиб чиқди. Қайнота, қайнона борса қўярга жой тополмайди, жонига жой қилади.
Бу қандай бўлди. Етти ухлаб, тушингда кўрмаган бир қиз келин бўлиб тушса-ю, сени шунча эъзозласа, уйнинг тўрини сенга берса, бундан ҳам катта бахт бормикан?
Ҳа, онамнинг ҳам, отамнинг ҳам ўз ўтмишларига ачиниш ҳислари ана шундай бунёдга кела бошлади. Уларнинг юриш-туришларида ва сўзларида ўтмишнинг айрим урф-одатларига бўлган нафрати, янги ҳаётга бўлган интилиш, миннатдорлик ҳислари ёрқин намоён бўла бошлади.
Ката акам уй-жой қилиб, бола-чақали бўлиб олганидан, кунларнинг бирида у кишининг уйида оилавий тўпланиб қолддик. Гапдан-гап чиқди-ю, онамнинг ўзи мен ва укамга насиҳат қила кетди:
- Етар энди, болаларим. Мана, икки акаларингни зўрма-зўраки уйлантирамиз деб нима бўлдик. Энди сизларнинг ихтиёрларинг.
- Нега энди, - тегишди даврада ўтирган танишлардан бири, - Гулчеҳра келин-чи?
- Гулчеҳрани ўзи топиб олсин, мени мазах қилмай қўя қолинг, ука.
- Ҳа, ўзиям ўтмишда кўп ишлар бўлар эканда, - отам оқ тушган соқолини силаб сўзга қўшилди. – Майли, энди бу иккисига ҳеч сўз айтмайлик. Њзлари ҳам билимли, тушунарли бўлиб қолишди…
Do'stlaringiz bilan baham: |