Ўқувчи - ёшларни ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш.
1.Ахлоқ, одоб ва унинг нормалари ҳақида умумий-назарий тушунча.
2.Шарқ ва Ўрта Осиё буюк мутаффакирлари ахлоқ, одоб тарбияси ҳақида.
3.Ахлоқ, одоб тарбиясининг мақсади, мазмуни, усул ва воситалари.
Ахлоқ ёки одоб деб, мазкур жамият учун характерли бўлган, ижтимоий муносабатлар системаси билан тарихан боғлиқ бўлган мазкур жамият азолари хулқ -атвор қонун –қоидалари йиғиндисига айтилади.
Ахлоқ - одоб кишилик жамияти билан дунёга келади, жамият йўқ бўлса, ахлоқ ҳам йўқолади. Ахлоқ ижтимоий онг кўринишларидан бири бўлиб, у ҳам тарихий, ҳам синфий характерга эгадир. Жамият ўз бошидан бир неча ижтимоий тузумларни (формацияларни) бошдан кечирди ва шу формацияларда ахлоқ-одоб ижтимоий тузум ўзгариши билан у ҳам ўзгариб борган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ахлоқ-одоб жамиятдаги моддий неъматлар каби тез ўзгармайди, аммо у жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётидан орқада қолади. Шунинг учун ҳам бир ижтимоий тузумдан иккинчи бир ижтимоий тузумга ўтгандан сўнг, кишилар онгида эски ижтимоий тузумга хос бўлган ахлоқий қарашлар сақланиб қолади.
Ахлоқ одамнинг бошқа одамларга ва жамиятга, меҳнатга, оилага, жамоага, хусусий ва ижтимоий мулкка бўлган муносабатларини тартибга солади. Ахлоқнинг мазмуни ва характери аввало, жамиятнинг моддий ҳаёт шароити билан белгиланади. Ижтимоий онг нормаларидан-сиёсат, ҳуқуқ, фалсафа, дин - ахлоқнинг шаклланишига таъсир кўрсатади.
Файласуф олимлар ахлоқни учта қисмга бўладилар.
1.Феодал аристократия ахлоқи.
2. Буржуазия ахлоқи.
3. Ишчилар синфи ахлоқи.
Бу уч хил ахлоқ ўз навбатида уч хил интизомга асосланади.
Феодал аристрократия ахлоқи-крепостнойлик, калтак интизомига асосланиши,буржуа ахлоқи- капиталистик очлик – яланғочликка, ишчилар синфи ахлоқи эса, онгли интизомга асосланиши билан характерланади .
Мактабда ўқувчи - ёшларга бериладиган ахлоқий тарбиянинг асосий вазифалари болаларда яхши ахлоқий тажриба ҳосил қилиш, уларни ахлоқий нормалари ва қоидалари тўғрисидаги дастлабки билимлар билан қуроллантириш, ахлоқий хислатларни ривожлантириш ҳамда уларда хатти-ҳаракат кўникмалари, ва одатларини вужудга келтиришдир.
Шундай қилиб, мактабдаги ахлоқий тарбия ўз ичига қуйидаги вазифаларни олади;
- ёш авлодни мунтазам равишда жамият томонидан қабул қилинган ахлоқий норма ва қонун-қоидаларга қатъий-риоя қилиш ва онгли суратда бажариш;
- ўқувчи - ёшлар хулқидаги ёмон хислатларни йўқотиш ва ижобий хулқ ва одатларни таркиб топтириш ва шакллантириш;.
- ўқувчиларнинг онги ва ҳиссини тарбия принциплари асосида тарбиялаб бориш;
ҳар томонлама камол топган Ўзбекистон фуқаросини тарбиялаб вояга етказиш ва ҳоказо.
Do'stlaringiz bilan baham: |