Мактаб билан оиланинг ҳамда жамоат
ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги.
Бола мактаб рўйҳатига олинган кундан бошлаб, ҳар бир ўқувчининг ота-онаси мактаб билан алоқа боғлайди. Ўқитувчи ота-оналарга уларнинг болалари билан йилнинг биринчи ярмида мактаб қандай таълим-тарбия ишлари олиб боришини ва шу вазифаларни бажаришда ота-оналар қандай ёрдам бериши кераклигини тушунтирадилар. Ўқитувчилар болалар билан муомала қилишда муштарак йўл тутиш тўғрисида ота-оналар ва ижтимоий ташкилотлар билан келишиб оладилар.
Мактаб маъмурияти ота-оналарга педагогик маслаҳатлар, йўл-йўриқлар бериб туриши мактабнинг оилага берадиган энг муҳим ёрдамидан биридир.
Иккинчидан, болаларнинг дарсдан бўш вақтларини нималар билан ва қандай банд қилиш мумкинлиги тўғрисида ота-оналарга маслаҳатлар бериб туришлари шарт. Учинчидан эса, мактабнинг ота-оналар йиғилишини ташкил этиб туриши, бир йилда икки-уч марта ўтказиладиган умуммактаб йиғилишларида чорак якунлари, болаларни фанлардан ўзлаштириши, давомат, интизом ва шу каби масалаларни ҳал этиши яхши натижалар беради.
Шунинг билан бирга, ўқитувчи ва тарбиячиларнинг, ота-оналар ва болаларнинг яшаш жойларида, маҳаллаларда, микрорайонларда педагогик тарғиботни яхши йўлга қўйишлари: Масалан,”Ёлғиз фарзанд тарбияси ҳақида”, “Оилада ахлоқий тарбия” , “Дарс тайёрлашда 1- синф ўқувчисига қандай ёрдам бериш керак?,” “Қандай қилиб болалар ўртасидаги ичиш, чекиш, наркоманияга қарши курашиш керак?” ва шунинг каби мавзуларда маърузалар олиб бориш, савол- жавоб ва мунозаралар ташкил этиш лозим.
Мамлакатимизда болаларни тарбиялаш иши умумхалқ иши бўлиб қолди. Мамлакатнинг кўпгина ишлаб чиқариш корхоналарида ва муассасаларида мактабни бошқариш, унга раҳбарлик қилиш ва кўмаклашиш мақсадида комиссиялар тузилган ва шунинг билан бир қаторда Президент фармони билан маҳалла қўмиталарининг масъулияти, жавобгарлиги, уй бошқармалари қошида тузилган болалар клублари, болалар кенгашлари, ота-оналар комитетлари ва ниҳоят, “Камолот»ёшлар ижтимоий ҳаракати ёшлар тарбиясида ўзаро ҳамкорликнинг ёрқин далилидир.
Кўпгина клублар ва маданият саройлари ҳузурида болалар билан ишлаш бўлимлари бор; улар маданий томошалар, байрамлар, спорт машғулотлари ва мусобақаларни уюштириш, бадиий ҳаваскорликни ривожлантириш, болаларни экскурсия ва маданий сайрларини ташкил этиш, уларга моддий, маънавий ёрдам бермоқдалар.
Айниқса, милиция хузуридаги болалар хоналари орқали мактабларга болалар тарбиясида ёрдам бериш ишлари ҳам яхши йўлга қўйилмоқда.
Мавзу юзасидан савол ва мустақил топшириқлар:
1. «Мактаб, оила ва жамоатчилик» концепциясининг асосий йўналишларида ўрта махсус ва касб – ҳунар таълими муассасалари, оила ва жамоатчиликнинг бола тарбиясидаги ўзаро алоқаси нималардан иборат?
2. Ота – оналарнинг ўз фарзандларини тарбиялашдаги жавобгарлиги нималардан иборат?
3. Оила тарбиясида шарқона миллий қадриятлар ва анъаналарнинг тутган ўрни ва унинг ўзига хос хусусиятларини изоҳланг.
4. Бола – тарбиясида ота – оналар обрўсининг аҳамияти нимада?
5. Ёшларни оилада тарбиялашда ҳозирги долзарб муаммолар ҳақида батафсил сўзланг.
6. Мактаб педагогик жамоасининг ота – оналарга берадиган ёрдами нималардан иборат?
7. Бола тарбиясида, айниқса, тарбияси қийин, интизомсиз ёшларни тарбиялашда маҳалла оқсоқоллар кенгаши, маҳалла участка нозири ва ёшлар ташкилоти ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни шарҳлаб беринг.
Do'stlaringiz bilan baham: |