1.Мактаб педагогик кенгаши ва унинг иш мазмуни
2.Мактаб услубий (методик) кенгашининг иш мазмуни
Мактаб педагогик кенгаши мактаб директори ҳузуридаги маслаҳат органи бўлиб, унинг қарорлари ўқитувчилар жамоасининг ягона ва умумий фикрини акс эттиради. Шунинг учун ҳам унинг таъсир кучи каттадир. Мактаб педагогик кенгашида қабул қилинган қарорлар мактаб учун ҳам, директор учун ҳам мажбурий ҳисобланади.
Мактаб педагогик кенгаши ҳар ойда бир марта, агар зарур бўлиб қолганда, навбатдан ташқари ўтказилиши мумкин.
Мактаб педагогик кенгашида ҳар хил масалалар муҳокама этилади. Масалан: Ўқувчиларни синфдан-синфга кўчириш, ўқувчиларни мукофотлаш, мактабда умумий мажбурий таълимни амалга ошириш, таълим – тарбия ишларини яхшилаш, ўқитиш сифатини ошириш, давомат масалалари, ўзлаштириш, илғор ўқитувчиларнинг иш тажрибаларини ўрганиш ва оммалаштириш, синф раҳбарларининг ҳисоботлари, ўқитувчилар ва тарбиячиларнинг ҳисоботлари, чорак якунлари, меҳнат интизоми масалалари, мактаб хўжалик ишлари, молиявий ишлар, мактабни жиҳозлаш, ремонт қилиш, ота-оналар қўмитаси, жамоатчилик ва ишлаб чиқариш жамоалари билан алоқани мустаҳкамлаш, мактабни тамомловчи талабаларга етуклик аттестати бериш, муҳтож оилаларнинг болаларига моддий ёрдам кўрсатиш, юқори ташкилотлардан келган буйруқ ва кўрсатмаларни бажариш, уларни таълим – тарбия жараёнига тадбиқ этиш ва ўқитувчиларнинг ахлоқ масалалари ва бошқалар.
Педагогик кенгаш раиси вазифасини мактаб директори, директор бўлмаган вақтда унинг ўринбосарлари бажаради.
Педагогик кенгаш аъзолари мактабдаги ҳамма ўқитувчилар ва тарбиячилар, мактаб врачи, мактаб хўжалик ишлари бўйича директор муовини, мактаб ота-оналар қўмитасининг раиси, мактабни ўз оталиғига олган ташкилот вакили ва бошқалар
Ўқув йилининг бошида кенгаш котиби очиқ овоз билан бир ўқув йилига сайланади...
Мактаб услубий (методик) бирлашмаси мактабдаги таълим- тарбия ишларининг сифатини оширишга қаратилган энг муҳим воситадир. Мактаб методик бирлашмаси 3 йўналишда ўз фаолиятини бошлайди:
- I-IV синфлар методик кенгаши
- Предмет V-IX –XI синф ўқитувчиларининг методик кенгаши
- Синф раҳбарлари методик кенгаши.
Методик бирлашмага узоқ йиллар давомида ишлаган, тажрибали ўқитувчилар бошчилик қилади ва у бирлашма йиғилишида очиқ овоз билан сайланади.
Мактабда синф раҳбарларининг услубий бирлашмаси.
Мактабдаги методик бирлашмалар асосан ўқитиш шароитини оширишга қаратилган бўлади. Тажрибали ўқитувчиларни ёш ўқитувчиларнинг дарсларида иштирок этиши ва уларга методик йўл – йўриқлар бериши, шунингдек, тажрибали ўқитувчиларнинг очиқ намунали дарсларига ёш ўқитувчиларнинг иштирок этиши ва ибрат олиши, дарс ўтиш маҳоратини эгаллаш ва х.о.
Мактаб методик кенгаши қуйидаги режа асосида иш юритади:
- Ўқув йилининг I-II яримида синфлар бўйича ўтказиладиган очиқ дарслар тематикасини ишлаб чиқиш.
- Ҳар ойда ўқитувчилар томонидан кузатиладиган дарслар.
- Ҳар қайси фан бўйича методик маърузалар мавзулари
- Ўқитувчиларга тавсия этиладиган айрим топшириқлар мавзулари
- Ўқувчилар билимига қўйилган баҳолар сифатини текшириш юзасидан контрол ёзма ишлар ўтказиш
- Синф журналлари, ўқитувчиларнинг юритган рейтинг дафтарларини ўрганиш .
- Ўқитувчиларни кузатган дарсларини таҳлил этиш ва таҳлилни муҳокама қилиш
Метод бирлашмалар ва фанлар бўйича комиссиялари режа асосида ойда бир марта йиғилиш ўтказиб туради.
Методик бирлашмага мактабнинг илмий бўлим мудири раҳбарлик қилади ва унинг иш фаолиятини кузатиб боради. Қайси бир мактабда методик бирлашма яхши ишласа ва айрим илғор ўқитувчиларнинг иш тажрибаларини оммалаштириш лозим бўлса, бундай ўқитувчиларни туман, шаҳар, вилоят, конференцияларига ёки республика “Педагогик ўқиш”ларига тавсия этилади.
Мавзу юзасидан савол ва мустақил топшириқлар:
1. Мактабда педагогик кенгаш ўз ишини қандай давлат меъёрий хужжатлар асосида амалга оширади?
2. Мактаб педагогик кенгашига ким раислик қилади?
Унинг аъзолари кимларни ташкил қилади?
3. Педагогик кенгашда қандай масалалар муҳокама этилади?
4. Мактабга раҳбарлик қилишда директор «Яккабошчиликка» ва «демократик централизмга» асосланади деган тушунчасини изоҳланг?
5. Мактабда ўқув – услубий ишлар қандай ташкил этилади?
6. Ўқув – услубий бирлашманинг асосий вазифаси нималарда кўринади?
7. Ўқув – услубий бирлашма қайси йўналишларда ўз ишини амалга оширади?
8. Ўқитувчи кадрлар малакасини ошириш системаси қандай ташкил этилади?
Do'stlaringiz bilan baham: |