Таълим тамойиллари (принциплари.)
Таълим тамойиллари (принциплари) ҳақида умумий тушунча.
Таълим тамойиллари классификацияси ва уларнинг қисқача мазмуни.
Таълим тамойилларини амалга оширишда ўқувчининг етакчилик роли.
Таълим тамойиллари тарбиянинг мақсад ва вазифаларини амалга оширишга қаратилган ўқиш ва ўқитиш жараёнининг характери, йўналиши, ўқувчилар томонидан илмий билимларнинг ўзлаштирилиши, тегишли кўникма ва малакалар ҳосил қилишнинг асосий қонун ва қоидаларини ўз ичига олади. Шу билан бирга таълим принципи иккита фаолиятни, яъни ўқитувчи ва ўқувчининг фаолиятини ҳам ўз ичига олади. Шунга кўра, ўқитиш тамойили таълимнинг энг муҳим масалаларини назарий ва амалий жиҳатдан тўғри ҳал қилишнинг асосий негизи ҳисобланади.
Таълимнинг мақсади объектив ҳаёт талабларига мувофиқ ҳолда ўзгариб боргани каби таълимнинг характери, йўналиши ҳам тарбиянинг мақсадига қараб ўзгариб боради.
Дидактиканинг принциплари мактабларимиз олдида турган вазифалар асосида белгиланади ва ўзаро бир – бирига мустаҳкам боғланган ҳолда амалга оширилади.
Таълим тамойиллари деб - ўқитувчи томонидан таълим жараёнида ўқувчиларга ўқув режаси ва ўқув дастурлари талаблари асосида у ёки бу фандан билим бериш, малака ҳосил қилдириш ҳамда иқтидорли қилишга қўйиладиган асосий қоидалар мажмуига айтилади.
Буюк педагоглар Ян Амос Коменский, Ж.Ж.Руссо, Ч.Р.Песталоцци, Вильгельм Дистерверг, К.Д.Ушинский ва бошқалар ўз асарларида таълим (дидактика) тамойилларини асослаб берган эдилар. Дидактик принципларнинг системаси ўқитиш жараёни қонуниятларини ифодалайди ва тарбия мақсадлари билан белгиланади. Шунга кўра, ўқитиш тамойили таълимнинг энг муҳим масалаларини назарий ва амалий жиҳатдан тўғри ҳал килишнинг асосий негизи ҳисобланади.
Таълим тамойиллари классификацияси ва уларнинг қисқача мазмуни.
Сўнгги йилларда олимлар томонидан нашр қилинаётган адабиётларда дидактик (таълим принциплари) турлича гурухлаштириб берилмоқда. Ана шуларга асосланган ҳолда таълим тамойилларини қуйидагича изоҳлаш мумкин:
- Таълимда илмийлик тамойили
- Таълимда системалилик ва изчиллик тамойили
- Таълимда онглилик ва фаоллик тамойили
- Таълимда билимларни пухта ва мустаҳкам ўзлаштириш тамойили
- Таълимда ўқувчиларнинг ёш ва индивидуал хусусиятларини ҳисобга олиш тамойили
- Таълимда кўрсатмалилик тамойили
- Таълимда назарияни амалиёт билан боғлаб олиб бориш тамойили
- Таълимда тарихийлик тамойили
- Таълимда тарбия билан таълимнинг бирлиги тамойили
- Таълимдаттабақалаштирув (дифференциллаштириш) тамойили ва х.к.
ТАЪЛИМДА ИЛМИЙЛИК ТАМОЙИЛИ.
Таълимда илмийлик тамойили – ўқитувчидан ўқувчиларга у ёки бу фандан ўқув дастури (ДТС) талаблари асосида илмий, дунёвий билимларни, табиат, жамият ва инсон тафаккури тараққиёти ҳақидаги қонун ва қоидаларни диалектик асосда баён этишни талаб этади. Мактабларда ўқувчиларга бериладиган билимлар ҳозирги замон билимлари даражасида бўлиши, ўқувчиларга уларни муайян системада беришни талаб этиши лозим, ўқувчиларга бериладиган ҳамма билимлар (ўқув фанлари) бир – бири билан узвий боғланган бўлиши керак.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, XXI аср фан ва техника революцияси асри бўлиб, фан ва техника ривожи ўрта умумтаълим мактабларида бериладиган маълумот мазмуни ва умуман мактабларимизнинг имкониятларига нисбатан маълум даражада олдиндан илгарилаб бормоқда. Олимларнинг таъкидлашича, мамлакатимиздаги илмий ахборотлар (информациялар) геометрик прогресс билан ўсиб бориб, ҳар 8 – 10 йил давомида 2 баробар ортиб бормоқда. Бу ҳол мактаб таълимининг мазмунини яна ҳам кенгайтириш ва чуқурлаштиришни, ўқувчиларни ҳозирги замон XXI аср фан ва техника ютуқлари, унинг тарихий ривожи, шунингдек, ўқувчиларни мустақил равишда илмий билимларни ўрганишга бўлган қизиқишини тақозо қилади. Шунинг учун ҳам мустақиллик муносабати билан мактабларимизни қайта ислоҳ қилиш, ўқувчиларга илмий билимлар бериш мақсадида 1997 йил 31 августда «Таълим тўғрисида» ги янги Қонун ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» қабул қилинди. Президентимиз И.А.Каримов таъкидлаганидек: «Эски қолипта, мустабид даврда ёзилган дарсликлардан фойдаланиб, эски мафкуралардан ҳалос бўлмасдан туриб, болаларимизни янгича илмий фикрлашга ўргата олмаймиз».
Do'stlaringiz bilan baham: |