Таълимда билимларни пухта ва мустаҳкам ўзлаштириш принципи.
Ўқувчиларга ҳар бир фандан бериладиган билим, малака ва кўникмалар, улар томонидан онгли, пухта ва мустаҳкам ўзлаштирилган бўлиши шартдир. Бунинг учун эса ҳар бир фан ўқитувчиси ўзи берадиган ўқув материалини ўқув режаси, ўқув дастури ва ўқувчиларнинг индивидуал ёш хусусиятларига мос қилиб тушунтириш, ўқувчиларнинг сезги аъзоларини кўпроқ иштирок этишига эришиш, кўргазмали қуроллардан, техника воситалардан самарали фойдаланиш, дарсда ўқувчиларни амалий фаолиятини ташкил этиш, уларни мустақил ишлашга, мустақил тафаккур қилишга, мантиқий хулосалар чиқаришга эришиши катта аҳамиятга эга. Дарсни ўқувчиларнинг ёшларига мос қилиб ўтиш, дарс давомида турли хил усуллардан, воситалардан моҳирона фойдаланиш, дарс жараёнида ҳамма ўқувчиларни онгли – фаол иштирок этишини таъминлаш, ўқув материалини илмий, системали, изчил, жонли ва образли баён қилиш, конкрет фактларни кўрсатиш орқали яхши натижаларга эришиш мумкин. Халқимизда: «Олим бўлсанг, такрор қил, деҳқон бўлсанг, шудгор қил», деган мақолга амал қилган ҳолда ўқув материали устида машқ қилиш, такрорлаш, амалий равишда ишлаш, шунингдек, билимни пухта ва мустаҳкам ўзлаштиришда талабаларга ўқув материалини кўргазмалилик асосида ўтиш алоҳида аҳамиятга эга. Буюк педагог Ян Амос Коменский: «Болага англатмасдан, кўрсатмасдан берилган билим, карғанинг устига товуснинг патини ёпиб қўйиш билан баробардир,»- деб бежиз айтмаган эди.
Таълимда ўқувчиларнинг ёш ва индивидуал хусусиятларини ҳисобга олиш ҳамда мувофиқлик принципи
Таълимда ўқувчиларнинг ёш ва индивидуал хусусиятларини ҳисобга олиш – жонли ва самарали дарс ўтиш гаровларидан биридир. Ўқитувчи ўқув материалини ўқувчилар учун тушунарли қилиб ўтиши учун, уларнинг ёши ва индивидуал хусусиятларини диққат марказида сақлаши шарт. Ўқув материаллари болаларнинг ёши ва маълумотига қанчалик лойиқ, мос бўлса, бу ўқув материали ўқувчига яхши тушунарли бўлади ва узоқ вақт хотирасида сақланади. Ўқув материалини боланинг ёшига ва индивидуал хусусиятига мос ҳолда ўтиш учун ўқитувчи қуйидаги шартларга амал қилиши лозим:
- ўқитувчи ўз ўқувчиларининг анатомик, физиологик ва психологик хусусиятларини яхши билиши;
- ўқитувчининг ўқув режаси, ўқув дастури, дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва зарур қўшимча адабиётларни қунт билан ўрганиб чиқиши;
- синфдаги ўқувчилар состави, фан ва мавзунинг мақсади ҳамда характерига, дарснинг мақсадига қараб ўқитишнинг янги – янги усулларини қўллаши;
- дарс жараёнида ўз нутқини изчил, системали ва эмоционал, таъсирли бўлишига эришиш;
- дарс жараёнида ўқувчилар диққатини марказлаштира олиши, бунинг учун эса: осондан – қийинга, оддийдан – мураккабга, маълумдан – номаълумга, конкретдан – абстрактга. яккадан – умумийга, умумийдан – жузъийга ўтиши ва хоказо.
Ян Амос Коменский бу ҳақда: «Ўқитувчи ўқувчига дарсни зериктирмайдиган қилиб, шунинг билан бирга зўрлик билан дарс ўтмаслиги; ўқувчиларга қийинчиликсиз, урушсиз, қувноқ ҳазиллар билан дарс ўтиши, у эшитиш билан кўришни, сўз билан қўл ҳаракатини қўшиб юқори савияда дарс ўтиши лозим», - деб таъкидлайди.
(Ян Амос Коменский «Буюк дидактика», «Ўқитувчи», Тошкент, 1975 й, 158 бет).
Do'stlaringiz bilan baham: |