3 – савол баёни: Саноати ривожланган мамлакатларнинг молия статистикасида пул массасини аниқлашда қуйидаги асосий пул агрегатлари тўпламидан (гуруҳидан) фойдаланилади:
М-1 агрегати – муомаладаги нақд пуллар (банкноталар, тангалар) ва жорий банк счётларидаги маблағларни ўз ичига олади;
М-2 агрегати – М-1 агрегати ва тижорат банкларидаги муддатли ва жамғарма қўйилмаларидан (тўрт йилгача) таркиб топган;
М-3 агрегати – ўз ичига М-2 агрегати ва ихтисослашган кредит муассасаларидаги жамғарма қўйилмаларини киритган;
М-4 агрегати – М-3 агрегати ҳамда йиллик тижорий банкларининг депозитли сертификатларидан иборат.
АҚШ да пул массасини аниқлаш учун 4 та пул агрегати, Япония ва Германияда – 3 та, Англия ва Францияда – иккита пул агрегатидан фойдаланилади.
Пул массаси таркиби ва динамикасини таҳлил қилиш Марказий банк томонидан тўғри пул-кредит сиёсати олиб боришда муҳим аҳамият касб этади.
Россия Федерацияда муомаладаги жами пул массаси ҳисоб-китоби учун қуйидаги пул агрегатлари қўлланилади.
М-О агрегати – нақд пуллар;
М-1 агрегати – М-О агрегати ва ҳисоб-китоб, жорий ва бошқа счётлар (махсус счётлар, капитал қўйилмалар счётлари, аккредитив ва чек счётлари, маҳаллий бюджет счётлари, бюджет, касаба, уюшмалари, жамоат ва бошқа ташкилотларнинг счётлари, давлат суғурта маблағлари, узоқ муддатга кредитлаш фонди) даги маблағлар тижорат банкларига қўйилмалар ва жамғарма банкларидаги талаб қилиб олинадиган депозитларнинг йиғиндисига тенг;
М-2 агрегати – М-1 агрегати ва жамғарма банкларидаги муддатли қўйилмалардан иборат;
М-3 агрегати – М-2 агрегати ҳамда депозитли сертификатлар ва давлат заём облигациялари йиғиндисидан иборат.
Пул массаси таркибини унинг ҳаракатига қараб иккига бўлиш мумкин, яъни пул массасининг актив қисми – бу пул маблағларининг хўжалик фаолиятидаги турли хил шаклдаги ҳисоб-китобларни олиб бориш билан боғлиқ қисми ва иккинчиси пассив қисм – жамғармадаги пуллар ва ҳисоб рақамлардаги қолдиқлар ҳисобланади.
Пул массаси нақд пуллардан ташқари муддатли ҳисоб рақамдаги маблағ ва жамғармаларни, депозит сертификатлари, инвестицион фондларнинг акцияларини ўз ичига олади. Пул массасининг юқоридаги эле-ментлари «квази» - “қарийб пуллар” деб ҳам юритилади. Квази - пуллар ликвид активлар бўлиб, улар тез орада пулга айланиши мумкин.
Ўзбекистонда пул массаси қуйидаги таркибий қисмлардан иборат.
М0 – нақд пуллар;
М1 – М0 + счётлардаги пул қолдиғи + маҳаллий бюджет маблағлари + бюджет, жамоа ва бошқа ташкилот маблағлари;
М2 –М1 + тижорат банкларидаги муддатли жамғармалар;
М3 – М2 + сертификатлар + мақсадли заём облигациялари + давлат заём облигациялари + хазина мажбуриятлари.
Пул агрегатлари М1 ва М2 нинг бир-биридан фарқи М2 нинг ўз таркибига яқин орада пулга айланиши мумкин бўлган «квази» - қарийб пулларни олишдадир. Саноати ривожланган мамлакатларда асосан пул айланиш тезлиги ўсишининг икки кўрсаткичи ҳисобланади:
– даромадлар айланмаси пулнинг муомалада бўлиш тезлиги кўрсаткичи. Бу кўрсаткич ялпи миллий маҳсулот ёки миллий даромаднинг пул массасига, аниқроғи М-1 ёки М-2 пул агрегатига нисбати билан аниқланади. Бу кўрсаткич пул муомаласи ва иқтисодий ривожланиш жараёни орасидаги ўзаро алоқадорликни кўрсатади;
– тўлов айланмасида пулнинг айланувчанлик кўрсаткичи. Бу кўрсаткич жорий банк ҳисоб рақамлари бўйича ўтказилган маблағлар йиғиндисининг пул массаси ўртача қийматига нисбати сифатида аниқланади.
Пулнинг айланиш тезлиги ўзгариши умумиқтисодий (иқтисодиётнинг даврий ривожланиши, иқтисодий ўсиш, нархлар суръатлари), ҳам тўла монетар (тўлов айланмаси таркиби, кредит операциялари ва ўзаро ҳисоб-китобларнинг ривожланиши, пул бозорида фоиз ставкаларнинг даражаси ва ҳ.к. лар) омилларига боғлиқ.
Пул айланишининг тезлашувига металл пулларнинг кредит пуллар билан алмашиши, ўзаро ҳисоб-китоблар тизимининг ривожланиши, банклар ишига ЭҲМнинг киритилиши, пуллик ҳисоб-китобларда электрон воситаларнинг ишлатилиши ёрдам беради. Пул қадрсизланган ҳолларда истеъмолчилар пулларининг тўлов қобилиятини сақлаб қолиш учун кўпроқ товарлар кўпроқ харид қиладилар. Бу эса пул айланишини тезлаштиради. Бошқа кўрсаткичлар ўзгармас бўлганида пул айланишининг тезлашиши пул массаси ошишини билдиради.
Одатда, нақд пуллар миқдорининг кескин кўпайиши ва нақд пулларнинг пул массаси таркибидаги салмоғининг ошиши М1 пул агрегатини назорат қилиш заруриятини юзага келтиради. Масалан, АҚШ Федерал захира тизими томонидан ХХ асрнинг 90-йилларида пул-кредит сиѐсатининг индикатори сифатида М1 пул агрегатидан фойдаланилганлиги нақд пулларнинг ушбу пул агрегати таркибидаги салмоғининг ошганлиги билан изоҳланади: “АҚШда нақд пулларнинг пул сифатида ва М1 пул агрегатининг компоненти сифатидаги аҳамияти ошди. Масалан, 1973 йилда АҚШда одам бошига 325 доллар миқдорида нақд пул тўғри келган бўлса, 1993 йилга келиб бу кўрсаткич 1050 долларга етди. Нақд пулларнинг М1 пул агрегатидаги салмоғи 1960 йилнинг охиридаги 20,5 фоиздан 1992 йилнинг сўнгида 30 фоиздан юқори даражага етди” (Миллер, Ван-Хуз, 2000).
Do'stlaringiz bilan baham: |