Бемор шикоятлари: Касаллик белгиларини шартли равишда иккита катта гуруҳга бўлиш мумкин: умумий интоксикация ва бронх-ўпка. Биринчи гуруҳга иситмалаш, қалтираш, бош оғриши, умумий ва мушакларда ҳолсизлик, иккинчи гуруҳга кўкрак қафасида оғриқ, йўтал, ҳансираш, балғам ажралиши ва бошқалар киради.
Ўчоқли пневмония клиник-морфологик нуқтаи назардан бўлакли пневмониядан фарқ қилади. Унда яллиғланиш ўчоғи кичик ва бир нечта сегментларни шикастланиши билан кечади. Организмнинг гипер ёки нормергик реакцияси хос бўлиб, яллиғланиш аста-секин шаклланади ва томирлар ўтказувчанлиги бузилиши яққол намоён бўлмайди. Экссудат шиллиқли ёки шиллиқли - йирингли ва жараён майда, кам ҳолларда йирик бронхларда кузатилади ҳамда бронх ва ўпка тўқимаси зарарланиши кўринишида бўлади.Шунингдек, беморда бўлакли пневмонияга хос бўлган яллиғланиш жараёнининг аниқ босқичлари кузатилмайди.
Пневмонияларни ташҳислашда қуйидаги клиник-лаборатор ва асбобий текшириш белгиларига эьтиборни қаратиш лозим:
Касалликни тана ҳарорати кўтарилиши билан, ўткир бошланиши;
Тўсатдан бошланган йўтал билан геморрагик ёки йирингли характердаги балғам ажралиши;
Олдин бўлмаган чегараланган перкутор товушнинг тўмтоқланиши ва аускультация белгилари (сусайган нафас, бронхиал нафас, крепитация, майда пуфакчали жарангли нам хириллашлар, плевранинг ишқаланиш шовқини);
Лейкоцитоз ёки кам ҳолларда лейкопения билан нейтрофилларнинг чапга силжиши;
Рентгенологик белгилар - олдин кузатилмаган ўчоқли яллиғланиш инфильтрати;
Пневмонияга чалинган ёки унга шубҳа қилинганда беморлар қуйидаги қўшимча текширишлардан ўтишлари керак.
1. Барча беморлар учун:
♦ беморни клиник кўриги;
♦ қоннинг умумий таҳлили;
♦ қоннинг биокимёвий таҳлили (электролитлар, ферментлар);
♦ ўпкани икки проекциядаги рентгенографияси;
♦ балғамни бактериоскопияси (Грам усулида бўяш);
♦ балғамни экиш (антибиотикка сезувчанлигини аниқлаш);
♦ умумий сийдик таҳлили.
2. Кўрсатмалар бўлганда солиштирма ташҳис ўтказиш мақсадида :
♦ юқори ҳарорат ва қалтираш бўлганда қонни экиш;
♦ вентиляция бузилишида ТНФ ни текшириш;
♦ нафас етишмовчилиги бўлган оғир беморларда қондаги газ (РО2, РСО2) ва кислота-ишқор мувозанатини аниқлаш;
♦ плевра бўшлиғида суюқлик бўлганда, уни цитологик, биокимёвий, микробиологик текшириш;
♦ ўпкада ўсма ёки тўқимасида деструкцияга шубҳа бўлганда КТ;
♦ атипик пневмонияда серологик (қўзғатувчига антителани аниқлаш учун синамалар текширишлари);
♦ фибробронхоскопия-ўсмага шубҳа бўлганда, қон туфлаш кузатилганда, пневмония чўзилиб кечганда;
♦ иммун ҳолатни текшириш (иммун дефицит ва чўзилиб кечган пневмонияга шубҳа бўлганда);
♦ ўпка сцинтиграфияси ЎАТЭ га шубҳа бўлганда.
Кўрсатма бўлганда йиғилган балғамни Грам усулида бўяб бактериоскопик текшириш қўзғатувчини аниқлашга ва унга асосланиб антибиотик танлашга ёрдам беради.
Рентгенография - кўкрак қафасини рентгенологик текшириш пневмонияни ташҳислашни асосий усулларидан бири бўлиб, тўғри ва ён проекцияда ўтказилса аниқ, объектив маълумот олишга имкон беради. Рентген хулосалари ўпка майдонини қуйидагича баҳолашга асосланган:
Ўпка сурати хусусиятлари;
Ўпка илдизи ҳолати;
Ўпка майдонининг сояланиши (ўпка тўқимасининг зичлашиши);
Ўпка тўқимасининг диффуз ёки чегараланган ёруғланиши.
Бундан ташқари кўкрак қафаси скелети ҳолати ва диафрагманинг жойлашиши ҳам катта аҳамиятга эга.
Компютер томографияси (КТ) – бу кўкрак қафасини “қаватма-қават” қўшимча махсус рентген текшириш усули бўлиб, ўпка паренхимаси ва интерстицияни, трахеобронхиал дарахтлар ҳолатини, ўпка илдизини, кўкс оралиғини текширишда кўпроқ маълумот олиш учун ишлатилади. У юқори маълумот берувчи усул бўлиб, клиник амалиётда кенг қўлланилади ва пневмония ташхисини тасдиқлаш учун тахминан10% ҳолларда унга зарурат туғилади. Унинг ёрдамида пневмонияни эрта босқичларда аниқлаш мумкин . Умумий қон таҳлили – амбулатория ва шифохона шароитида албатта текширилиши керак бўлган усул ҳисобланади. Лейкоцитлар сони ва унинг формуласи, эритроцитларнинг чўкиш тезлиги кўпроқ аҳамиятга эга. Лейкоцитоз бактериал пневмония учун кўпроқ характерли. Хламидия чақирган пневмонияда лейкопения (4,0 x 109/л), микоплазмалида улар миқдори меъёрида қолади. 10-15% ҳолларда лейкоцитоз ёки лейкопения кузатилиши мумкин. Бактериал пневмонияда лейкопения кузатилиши салбий белги бўлиб, иммунитетнинг ва организм умумий қаршилигининг пасайишидан далолат беради.
Маьлумки лейкоцитлар формуласи бу унинг турларининг бир-бирига бўлган фоиздаги нисбати ҳисобланади. Уларга гранулоцитлар (нейтрофиллар - таёқча ядроли, сегмент ядроли, эозинофиллар, базофиллар) ва агранулоцитлар (лимфоцит ва моноцитлар) киради. Пневмония ва ўткир инфекцияда нейтрофилез, формуланинг таёқча ядроли нейтрофиллар ҳисобига чапга силжиши кузатилади. Эритроцитлар чўкиш тезлигининг ошиши ўпкани яллиғланиш касалликларининг асосий характерли белгисидир.
Биокимёвий қон таҳлилида оқсил ва унинг фракцияларини аниқлаш яллиғланиш жараёнининг фаоллигини аниқлашда аҳамиятга эга. Пневмонияда яллиғланиш жараёнининг ўткир фазасида фибриноген, церулоплазмин, гаптоглобулин, α2-макроглобулин, С-реактив протеин ва сиал кислота, серомукоид миқдори ошади. Қон зардобида α- ва β- глобулин, γ-глобулин, лактатдегидрогеназа ва унинг изоферменти ЛДГ3 миқдори кўпаяди.
Балғамни текширишда макроскопик (балғам характери, миқдори, рангги, тиниқлиги, ҳиди, консистенцияси), микроскопик (ҳужайра ва бошқа балғам элементлари, микроб флоралари), микробиологик (касаллик қўзғатувчилари) текширилади.Уни микроскопик текширганда фаол яллиғланиш жараёнида балғам шиллиқли ёки шиллиқ-йирингли, нейтрофиллар ва альвеоляр макрофаглар миқдори ошган бўлади. Балғамда эластик толанинг учраши ўпка тўқимасининг деструкцияси ва ўпка абсцесси шаклланишидан маълумот беради. Балғамни микробиологик текшириш пневмонияни ташҳислашда ҳамда қўзғатувчиларга текширишда муҳим усул ҳисобланади ва бу мақсадда у экилади. Ҳужайра ичи қўзғатувчилари (микоплазма, легионелла, хламидия, риккетсия) алоҳида тайёрланган махсус муҳитга экилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |