Ўйин технологиялари талабаларда педагогик фаолиятни самарали ташкил этиш кўникма, малакаларини ўзлаштиришга ёрдам беради. Таълим жараёнининг иштирокчилари (ўқувчи, ота-она, педагогик жамоа вакили, эксперт, ижтимоий ташкилотларнинг ходимлари ва б.ш.) сифатида турли ролларни бажариш талабалар томонидан зарур назарий билимларни пухта ўзлаштирилишига имкон яратади. Ролли ва ишбилармонлик ўйинлари ўйин технологияларининг асосий шакллари саналади.
Таълим шаклларининг ривожланиши. Жаҳон педагогик фани ва амалиётида таълимни ташкил этишнинг турли шакллари мавжуд. Айни вақтда таълимнинг қуйидаги шакллари ажратиб кўрсатилади: индивидуал, индивидуал-гуруҳли, синф-дарс, маъруза, аудиториядан ташқари ва мактабдан ташқари.
Таълимнинг индивидуал-гуруҳли шаклидан Европада ХVI асрда кенг фойдалана бошладилар. Марказий Осиё давлатларида бу усулдан қадим даврларда ҳам фойдаланганлар. Бунга Авесто даври мисол бўла олади, бу даврда ўқувчилар учун асосий ўқув қўлланма зардуштийликнинг муқаддас манбаи “Авесто” (эрамиздан аввалги VII-ХVI асрлар) бўлиб келган. Авесто даври жамиятидаги мактабларда индивидуал ўқитиш жамоали ўқитиш билан бирга олиб борилар эди. Ўқитувчи “Авесто” китобларидан бирини очади ва ўқувчилар навбатма-навбат келиб овоз чиқариб ўқийдилар, кейин ҳамма биргаликда ўқилганларни такрорлаганлар, машқларни махсус тахтачаларда ёзганлар. Ақлий машқлар ўқитувчининг ўқувчи билан эркин суҳбати давомида олиб борилган. Жисмоний тарбиялаш индивидуал ва жамоали машғулотлар шаклида амалга оширилган. Отда юриш, ов қилиш, қиличдан фойдаланишни билиш, сувда сузиш, югуриш, найза отиш ва шу кабилар ҳарбий тайёргарликнинг мажбурий турлари ҳисобланган. Таълим олиш жараёни кун чиққандан кун ботгунгача давом этган, уй вазифалари мавжуд бўлмаган.
ХI асрдаёқ Абу Али ибн Сино ўзининг “Тадбири манзил” номли илмий асарининг махсус “Амузиш ва парвариши модрасас фарзанд” (“Болаларни мактабда ўқитиш ва тарбиялаш”) бўлимида ўқувчиларга жамоали ўқитиш ҳақида қуйидаги тавсияларни беради: 1) агарда ўқувчилар биргаликда ўқисалар, улар зерикмайдилар, фанни ўрганишга қизиқиш кучаяди; уларда бир-бирларидан ортда қолмаслик учун ўзаро мусобақалашиш истаги ривожланади, улар боланинг ўқиши яхшиланишига ёрдам беради; 2) ўзаро
суҳбатларда ўқувчилар китобдан ўқиш ёки катталардан эшитган қизиқарли маълумотларни бир-бирларига айтиб берадилар; 3) болалар биргаликда йиғилганларида бир-бирилари билан дўстлашадилар ва бир-бирларини ҳурмат қиладилар; улар фақатгина мусобақалашмайдилар, балки бир-бирларига ўқув материалларини ўзлаштиришда ёрдам берадилар; бу билан болалар мағрурланадилар, бир-бирларидан яхши одатларни ўрганадилар.
Бурҳониддин Зарнужи (ХII аср) “Билим олиш йўлида ўқувчига маслаҳатлар” номли асарида мактабда дарс тахминан бир соатлар давом этиши кераклиги ёзилади. Ўқитувчи мактабда дарсга тушиниш ва ўзлаштириш мумкин бўлган ўқув материалларини танлаб олиши, дарсда ўрганиладиган материалларни тушунтириб бериши керак. Ўқув материали шундай танланиши керакки, у икки маротаба такрорланганда ўзлаштирилсин. Шунинг учун у катта матнларни қисмларга бўлиш ва бошқа дарсларда уни албатта такрорлашни таклиф этади.
ХV асрда жамоали ўқитишни ташкил этиш ғоясини Муҳаммад Тарағай Улуғбек давом эттиради. Мутафаккир ўзининг мадрасаларида индивидуал машғулотлар тизимини бекор қилади ва “жамоа” синф-дарс тизимига яқин бўлган шаклини жорий қилади. Умумий маърузани 50-70 нафар кишидан иборат катта гуруҳга одатда ўз соҳасида машҳур бўлган олим мударрис (ўқитувчи-профессор) ўқийди, амалий машғулотларни эса 10-15 кишидан иборат кичик гуруҳда кичик мударрис (ўқитувчи) олиб боради. Ўқитишнинг муҳим методлари мунозара ва тортишувлар ҳисобланган.
ХV ва ХVI асрлар давомида Европада ишлаб чиқаришнинг ривожланиши кузатилди. Ушбу ўзгаришлар болаларга таълим беришнинг оммавий шакли юзага келишига замин яратди.
Улардан бири таълимнинг гуруҳли (жамоали) шакли саналади. У Ғарбий Россия (ҳозирги Белоруссия ва Украинанинг ғарбий қисмлари) биродарлик мактабларида илк бор қўлланилган ва ўқитишнинг синф-дарс шаклининг асоси бўлиб қолган. Бу тизимлар ХVII асрда Ян Амос Коменский томонидан “Буюк дидактика” асарида назарий жиҳатдан асослаб берилди ва оммавийлаштирилди. Олим педагогикага ўқув йили, ўқув куни, дарс, машғулотлар орасидаги танаффус, ўқув таътиллари каби тушунчаларни киритди. Синф-дарс тизими гарчи 350 йил аввал асосланган бўлсада бугунги кунда ҳам кенг кўламда қўлланилиб келинмоқда.
:
Do'stlaringiz bilan baham: |