¤ТМИШГА НАЗАР | ВЗГЛЯД В ПРОШЛОЕ | LOOK TO THE PAST
№4 | 2021
44
Черковда мавжуд бўлган китобларнинг асосий қисмини қадимги юнон-рим олимлари
асарларининг араб тилидаги нусхалари ҳамда ўрта аср мусулмон Шарқи мутафаккирларининг
илмий ишлари ташкил этган. Испаниялик тадқиқодчи Хосе Мария Миллас-Валликросанинг
қайд этишича, бу асарлар астрология, астрономия, математика, фалсафа, тиббиёт каби фан
соҳаларига оид [10]. Фикримизча, санаб ўтилган илмлар қаторига кимё ҳам киритилса, фанлар
мажмуаси тўлиқ ифодаланган бўлади.
Ушбу қўлёзма асарлар Толедога қирол Альфонсо VI (1069–1109)
бошчилигида
Қуртобадан олиб келинган. Қиролнинг буйруғи билан китобларни сақлаш учун шаҳарнинг
бош черкови ҳовлисида махсус бино бунёд этилади. Натижада Толедо мактабининг
яратилишига асос бўлган черков кутубхонаси пайдо бўлади. Аммо бу кутубхонанинг
дастлабки вақтдаги вазифаси китобхонларни зарурий адабиётлар билан таъминлаш эмас,
балки тўпланган нодир қўлёзма асарларни сақлашдан иборат эди.
Шунингдек, шаҳар бош черковининг араблар даврида масжид вазифасини
ўтаганлигини ҳамда Толедони мусулмон Испаниясининг фан марказларидан бири
бўлганлигини ҳисобга олиб, бу ерда узоқ йиллар давомида турли соҳаларга доир араб
тилидаги асарлар жамланиб борган, деб мулоҳаза билдириш ҳам мумкин. Бундай
дейишимизга сабаб, аслида 587 йилда вестготлар қироли Реккаред I (586–601) ташаббуси
билан бунёд этилган мазкур черков, 712 йилда Толедо мусулмонлар томонидан забт
этилгандан сўнг, шаҳарнинг бош масжидига айлантирилади ва 370 йилдан ортиқ вақт
мобайнида масжид вазифасини бажаради. Тарихдан яхши маълумки, ўрта асрларда масжидлар
нафақат эътиқод маркази, балки ижод ҳамда таълим маскани ҳам ҳисобланган. 1085 йилда
шаҳарда христианлар ҳокимияти ўрнатилгач, орадан икки йил ўтиб, яъни 1087 йилда черков
сифатида қайта тикланади.
Бироқ, бу ўринда араб тилидаги қўлёзма асарларни Толедога қирол Альфонсо VI
бошчилигида Қуртобадан олиб келинганлиги тўғрисидаги маълумотга қарама-қарши фикрлар
мавжудлигини ҳам қайд этиш зарур. Жумладан, айрим ишларда қирол Альфонсо VI 1085
йилда Толедони босиб олган чоғида шаҳар кутубхоналарида сақланган катта миқдордаги
арабча қўлёзмаларни қўлган киритганлиги таъкидланади [31]. Бироқ, бу маълумотнинг
қанчалик тўғри эканлиги бизга қоронғу. Чунки, маълумотни берувчи муаллифлар ўз фикрлари
тасдиғи учун бирор манба ёки илмий адабиётга ишора бермаганлар.
Баъзи европалик соҳа мутахассислари Толедо мактабининг ташкил этилишини фақат
Қирол Альфонсо X (1252–1284) исми билан боғлаб кўрсатишади [32], аммо бу ҳақиқатдан
анча йироқдир. Ўйлашимизча, бундай хулосага қиролнинг таржимачилик соҳасида амалга
оширган бир қанча ислоҳотлари тўғрисида манбаларда сақланган маълумотлар асос бўлган.
Бу ҳақда қуйироқда яна тўҳталамиз.
Испан қироллари ичида ўзининг маърифатпарварлиги билан донг таратган Альфонсо
X ташаббуси билан Пиреней ярим оролининг бир қанча йирик шаҳарларида илм марказларини
ташкил этилгани, ҳақиқат. Мисол учун, улардан энг машҳури Севильяда бўлган. Лекин,
Толедо мактабининг тамал тоши ундан анча аввал, архиепископ Раймондо томонидан
қўйилган эди.
Тадқиқот давомида қўлга киритилган маълумотларнинг таҳлил натижасига таяниб,
Толедо мактабининг шаклланиши ва фаолиятини 3 босқичга ажратиш лозим, деган хулосага
келдик. Чунки, ҳозирга қадар эълон қилинган мавзуга оид ишларда, ушбу масала аниқ ва
тизимли ёритилмаган. Айни вақтда бундай илмий ёндашув биздан аввал яратилган
тадқиқотларда йўл қўйилган чалкашликларнинг такрорланишини олдини ҳам олади.
Бу босқичлар қуйидагилардан иборат:
Do'stlaringiz bilan baham: |