4. Хулосалар:
Ўрта аср Европа таржима марказларида Шарқ олимлари илмий меросини
ўрганилишига оид мавзу юзасида олиб борган изланишларимиз, бу жараёнда тадқиқ этилган
кўп сонли илмий адабиётлар ва тадқиқотларнинг таҳлил натижаларига асосланиб, Толедо
мактабининг шаклланиши ва фаолияти ҳамда ушбу марказнинг номланиши бўйича қуйидаги
хулоса келинди:
1. Толедо бош черковида жойлашган таржима мактабининг асоси архиепископ
Раймондо даврида яратилди. Жумладан, архиепископ ташаббуси ва ҳомийлигида,
минтақанинг турли нуқталаридан бўлган кўплаб таржимонлар бу ерга жамланиб, марказ
фаолияти йўлга қўйилди. Архиепископлар Хуан ва Родриго саъй-ҳаракати билан эса у ерда
тўпланган таржимонларга ҳар тарафлама кўмак берилиб, марказ фаолияти анча кенгайтирилди
ва ривожлантирилди, натижада унинг фаолияти янги босқичга кўтарилди. Айни ҳолат, мазкур
масканни ўз даври учун илмий мактабга айланиши таъминлади. Альфонсо X даврида, Толедо
мактабининг фаолият кўлами минтақавий кўриниш олган бўлса-да, айни даврда таржима
соҳасида зарурий қадамлар қўйилди-ки, бу ўз навбатида Европада таржима назариясининг
шаклланишида муҳим роль ўйнади.
2. Бу масканда бир томондан, қадимги юнон-рим ҳамда ўрта аср Шарқ алломаларининг
кўплаб нодир асарлари жамлангани, иккинчи томондан жамланган асарларнинг лотин тилига
ўгирилгани ва муомалага киритилгани, учинчи тарафдан эса, мазкур асарлар таъсирида бу
ердан таниқли олимларнинг етишиб чиққани – уни ўрта асрларнинг энг машҳур илмий
даргоҳига айланиши ҳамда адабиётларда «Толедо мактаби» ва «Толедо таржимонлар
мактаби» деган номлар билан танилишига асос бўлди.
3. Ғарб фан оламида мактаб ўзининг иккинчи, яъни «Толедо таржимонлар мактаби»
номи билан машҳур. Минтақа олимларининг аксари мактаб хусусида гап борганда уни шундай
аташади. Бироқ, бу мантиққа андак зиддир. Бизнингча, мазкур номдаги «таржимонлар» сўзи
мактабнинг фаолият кўлами ва илмий салоҳиятини кескин чегаралайди. Чунки, Толедо
мактабида таржимонлар тайёрланмаган балки таржималар яратилган. Бундан ташқари, мактаб
аъзоларининг ижоди фақат таржимачиликни эмас, балки турли фан соҳаларида тадқиқотлар
олиб бориш ҳамда фундаментал асарлар ёзиш каби жиҳатларни ҳам қамрайди.
Айтилганлардан келиб чиқиб, мазкур илм даргоҳига нисбатан «Толедо мактаби» номини
ишлатиш бир вақтнинг ўзида ҳам мантиққа, ҳам мақсадга мувофиқ бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |