¤ТМИШГА НАЗАР | ВЗГЛЯД В ПРОШЛОЕ | LOOK TO THE PAST №4 | 2021 41
мактаби тўғрисида») [15], Х.Гилнинг «Los colaboradores judios en la Escuela de traductores de
Toledo» («Толедо таржимонлар мактаби ва унинг яҳудий ҳамкорлари») [16] номли мақолалари
муҳим аҳамиятга молик. Уларда Толедо шаҳарида XII–XIII асрларда олиб борилган
таржимачиликнинг долзарб масалаларига тўхтаб ўтиш асносида, сўз юритилаётган мавзу
юзасидан қатор зарурий маълумотлар келтирилади. Бироқ, шунинг баробарида, мазкур
ишларда муаллифлар ўз эътиборларини асосан Толедо мактабидаги таржима ишларига
қаратиб, мактабнинг ташкил топиши, унинг таркиби ва вазифалари каби муҳим масалаларни
эътибордан четда қолдирганликларини ҳам қайд этиш зарур.
Илмий жамоатчилик орасида Толедо мактабига бўлган қизиқиш 1990 йилларга келиб
янгитдан кучая бошлади. Бунинг натижасида европалик мутахассислар томонидан қатор
илмий тадқиқот натижалари эълон қилинди-ки, улар ўз аҳамиятига кўра, ҳануз соҳадаги
эҳтиёжталаб ишлардан санаб келинмоқда. Булардан, испаниялик фан тарихчиси Симон
Ҳайекнинг «Escuela de Traductores. Toledo despensa cultural de Occidente» («Таржимонлар
мактаби: Толедо Ғарбнинг маданият ўчоғи») [17] номли рисоласида мактабнинг Ўрта
асрлардаги илмлар ривожида тутган ўрни ва роли ҳақида чуқур мулоҳазалар юритилган.
Муҳим жиҳати муаллиф ўз ишида биринчилардан бўлиб, мактабнинг ташкил топишидаги учта
асосий омил: «el factor politico» («сиёсий омил»), «el factor religioso» («диний омил»), «el factor
cientifico» («илмий омил») ларни аниқ кўрсатиб берди ва уларни тизимлаштирди. Бундан
ташқари, олим ўз рисоласида мактабда фаолият юритган таржимонларнинг дастлабки тўлиқ
ҳолатдаги рўйхатини ҳам шакллантиришга ҳаракат қилган. Бироқ, таржимонлар рўйхатини
хронологик мезонларга амал қилмаган ҳолда пала-партиш келтирилгани ва Толедо мактабига
бевосита алоқадор бўлмаган Александр Неккам (1157–1217) ва Морлейлик Даниэл (1140–
1210) каби олимларни мактаб аъзолари қаторига киритилгани, С.Ҳайек тузган рўйхатни
мукаммал деб баҳолашга тўсиқ бўлади.
Толедо мактаби ва бу марказ билан боғлиқ масалаларни ўрганишда инглиз олими
Чарльз Бернеттнинг хизматлари алоҳида ўрин тутади. Унинг 1995 йилда чоп этилган «The
Institutional Context of Arabic – Latin Translations of the Middle Ages: A Reassessment of the
School of Toledo» («Ўрта аср араб – лотин таржималарининг тартибли матни: Толедо
мактабига янгича баҳо») [18] номли мақоласида мактабда яратилган таржималарга доир
муҳим маълумотлар акс этган. Шу муаллиф қаламига мансуб «The Coherence of the Arabic-
Latin Translation Program in Toledo in the Twelfth Century» («XII асрда Толедодаги араб – лотин
таржима дастурининг аниқлиги») [19] деб номланган мақолада ўша даврда ёзилган
таржималар хусусида танқидий фикр юритилган бўлиб, унда таржимонлар йўл қўйган
камчиликлар баён этилади. Бундан ташқари, муаллиф ўзига қадар эълон қилинган соҳага оид
кўплаб тадқиқотларни назарий жиҳатдан таҳлил қилиш асносида улардаги турли
хатоликларни аниқлаб, тузатишлар киритган.
Мавзу юзасидан сўнгги йилларда амалга оширилган татқиқотлар қаторига
Б.А.Пьяццанинг «La Escuela de Traductores de Toledo: presente, pasado y futuro» («Толедо
таржимонлар мактаби: ўтмиш, бугун ва келажак») [20], А.Фидоранинг «La Escuela de
Traductores» («Таржимонлар мактаби») [21] ҳамда аввалроқ исми тилга олинган
Ч.Бернеттнинг «Two Approaches to Natural Science in Toledo of the Twelfth Century» («XII асрда
Толедодаги табиий фанларга оид икки ёндашув») [22] деб номланган илмий мақолаларини
киритиш мумкин.
Айни йўналишда сўнгги йилларда яратилган тадқиқотлар ичида Германияда ижод
қилувчи олим А.Фидоранинг «Abraham Ibn Daud und Dominicus Gundissalinus: Philosophie und
religiöse Toleranz im Toledo des XII» («Авраам Ибн Дауд ва Доминик Гундиссалин: XII асрда
Толедодаги фалсафа ва диний бағрикенглик»), «Notas sobre Domingo Gundisalvo y el Aristoteles
arabus» («Доминго Гудисальви ва Аристотел шарҳловчиларига оид қайдлар») [23–24] номли
мақолалари алоҳида ўрин тутади. Уларда аввалги тадқиқотчилари эътиборидан четда қолган
масала – Толедо шаҳрида фалсафий қарашларининг шаклланишида мактабда олиб борилган
таржимачилик ишларининг аҳамиятини очиб беришга қаратилган муҳим маълумотлар
келтирилган.