Табиатга оид мавзулар ёрдамида ўқувчилар табиатдаги ўзгаришлар, йил фаслларининг
алмашинуви, ҳайвонот оламига доир билимларни эгаллайдилар. Улар ўқувчиларни
кузатувчанликка, табиатни севишга, унга нисбатан тўғри муносабатда бўлишга ўргатади.
«Ўқиш китоби» дарсликларидаги материаллар синфдан синфга ўтган сари мавзу жиҳатидан
ҳам, мазмун жиҳатидан ҳам кенгая бориши ҳисобга олинган.
1-синфда ўргатиладиган
«Аждодларимиз-фахримиз», «Илм-ақл чироғи», «Зумрад баҳор»,
«Кумуш қиш» каби мавзулар 2-4 синфларда ҳам давом эттирилади. Натижада ўқувчиларнинг
олдинги билимлари тўлдирилади ва бойитилади.
Дарсликлардаги ҳар бир мавзу учун танланган матнларнинг жанрий ранг-баранглигига,
поэтик мукаммаллигига, ўқувчиларнинг билим даражаси ва ёш хусусиятларига мос келишига
алоҳида эътибор қаратилади.
Ижтимоий-тарихий мазмундаги мавзулар Ватанимиз ўтмиши, халқимиз ҳаёти, мардонавор
кураши, улуғ сиймолар томонидан амалга оширилган ишлар, тарихий саналар тўғрисида муайян
тасаввур беради. Беруний, Амир Темур, Алишер Навоий, Бобур ва бошқа аждодларимиз ҳақидаги
матнлар шулар жумласидандир.
Бу хилдаги асарлар ўқувчиларни фақат ўтмишимиз билан таништириб қолмасдан, Ватан
олдидаги фарзандлик бурчи ва масъулиятини теран англашга ҳам ёрдам беради. Уларда Ватанга
муҳаббат туйғуси шу тариқа шаклланади.
Ватанимиз ўтмиши ҳақида ҳикоя қилинган асарлар билан танишиш ва уларни таҳлил қилиш
жараёнида ўқувчилар ўтмиш билан бугунги кунни таққослаш имконига эга бўладилар. Жамият
тараққиёти хусусида қисқача бўлса-да, тушунча ҳосил қиладилар. Бу борада айниқса миллий
истиқлол билан боғлиқ
Ҳ. Имонбердиевнинг «Ўзбекистоним», Ж. Жабборовнинг «Истиқлол» (2-
синф), А. Рустамовнинг «Байроқ нима?», А. Обиджоннинг «Ўктам авлод» (3-синф), С.
Барноевнинг «Мангуликка татигулик кун», Уллибибининг «Эъзоз» (4-синф) мавзусидаги асарлари
яқиндан ёрдам беради.
Бадиий асарлар матни устида ишлаш жараёнида уларнинг жанрий ҳусусиятларидан
ташқари, мавзуси ҳам назарда тутилади. Масалан, табиат тасвирига оид матнлар устида ишлашда
табиат бағрига саёҳат уюштирилиб, болалар кузатувчанликка ўргатилса, ватанпарварликка оид
асарлар таҳлили ватаннинг донгдор кишилари билан учрашувлар ёки мавзуга дахлдор
кинофильмлар намойиши воситасида амалга оширилса, дарс самарадорлиги янада ортади.
Умуман «Ўқиш китоби» дарсликларидаги барча мавзулар ўқувчиларга таълим-тарбия бериш
билан бирга, уларнинг луғатини бойитишга, оғзаки ва ёзма нутқини тўғри шакллантириш, нутқ
маданиятини ўстиришга ҳам қаратилади.
Ўқувчилар дарсликлар ёрдамида ўзлаштириладиган билим, кўникма ва малакаларининг
келажак ҳаётда зарур бўлишини тушуниб етишларига эришиш ўқитувчилар олдидаги муҳим
вазифалардандир.
Ўқиш дарслари олдига қўйиладиган дидактик вазифалар қуйидагилардан иборат:
1. Ўқувчиларда яхши ўқиш сифатлари: тўғри, тез, онгли, ифодали ўқиш малакаларини
шакллантириш.
2. Ўқувчиларни китобдан фойдаланишга, ундан керакли билимларни олишга ўргатиш,
китобга муҳаббат уйғотиш; уларни оддий китобхондан чуқур мулоҳаза юритувчи, ижодкор
китобхон даражасига кўтариш.
3. Ўқувчиларнинг атроф-муҳит ҳақидаги билимларини кенгайтириш ва бойитиш ҳамда
илмий дунёқарашларини шакллантириш.
4. Ўқувчиларни ахлоқий, эстетик жиҳатдан етук ва меҳнатга муҳаббат руҳида
тарбиялаш.
5. Ўқувчиларнинг боғланишли нутқини ва адабий эстетик тафаккурини ўстириш.
6. Ўқувчиларнинг хаёлот оламини бойитиш.
7. Адабий тасаввур элементларини шакллантириш.
Шуни унутмаслик керакки, ҳар бир таълимий вазифани бажаришнинг аниқ ва илмий
методик усуллари мавжуд бўлиб, улар замонавий ўқитиш усуллари билан бойитиб борилмоқда. Бу
вазифалар бошқалари билан ўзаро боғлиқ ҳолда ва синфдан ташқари ўқиш машғулотлари
жараёнида ҳал қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: