“Халқаро молия ва ҳисоб” илмий журнали. №4, август, 2021 йил. ISSN: 2181-1016 10
тўлаш ўрнига айланмадан олинадиган солиқ (бундан буён ушбу бўлимда
солиқ деб юритилади) тўлашни назарда тутадиган махсус солиқ режимини
танлашга ҳақли” деб кўрсатилган. Ушбу банд айланмадан олинадиган солиқ
тўловчиларини қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини тўлашга
ихтиёрий равишда ўтиши мумкинлигини акс эттириши керак. Бизнингча,
Солиқ кодексининг 462-моддаси биринчи қисми “Ушбу Кодекснинг 461-
моддаси биринчи қисми 1-бандида кўрсатилган солиқ тўловчилар
айланмадан олинадиган солиқни тўлаш ўрнига қўшилган қиймат солиғини ва
фойда солиғини тўлашга ўтишга ҳақли” деб ўзгартирилиши мақсадга
мувофиқ.
Айланмадан олинадиган солиқнинг давлат бюджети даромадларини
шакллантиришдаги аҳамиятини оширишда тадбиркорлик субъектларининг
товарлари (хизматлари) реализациясидан тушумни яширишни олдини олиш,
бунда улар томонидан онлайн назорат-касса машиналари, виртуал
кассалардан тўлиқ фойдаланишни таъминлаш бўйича тизимли назорат
ўрнатилиши муҳим ўрин эгаллайди.
Хулоса ва таклифлар Айланмадан олинадиган солиқ механизмида ягона солиқ тўловининг
айрим элементлари сақланиб қолган бўлсада, моҳиятига кўра ягона солиқ
тўловидан кескин фарқ қилади. Ягона солиқ тўлови барча солиқлар ва бошқа
мажбурий тўловлар ўрнига жорий қилинган бўлса, айланмадан олинадиган
солиқ қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи ўрнига жорий қилинган.
Ягона солиқ тўловини тўловчиларнинг бир нечта гуруҳлари амал
қилгани ҳолда, асосий мезон сифатида микрофирмалар ва кичик корхоналар
(ишловчиларнинг чекланган сони) ҳамда муайян фаолият турлари (савдо ва
умумий овқатланиш корхоналари) қаралган бўлса, айланмадан олинадиган
солиқни тўловчилари тадбиркорлик субъектларидан қатъий назар (юридик
шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор) солиқ даврида товарларни
(хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадига боғлиқ ҳолда
белгиланади.
Айланмадан олинадиган солиқнинг давлат бюджети даромадларини
шакллантиришдаги аҳамияти сезиларли даражада юқори эмас. Бу ҳолат
мазкур солиқни тўловчиларни белгилаш мезонининг муайян даражада
чегараланганлиги билан ифодаланади.
Солиқ қонунчилигида айланмадан олинадиган солиқни қўллашга доир
нормаларда мураккабликлар ва ноаниқликлар мавжуд. Шундан келиб чиқиб,
солиқ тўловчилар учун тушунарли бўлиши учун солиқ кодексининг айрим
моддаларига ўзгартиришлар киритиш лозим.
Айланмадан олинадиган солиқнинг давлат бюджети даромадларини
шакллантиришдаги аҳамиятини оширишда тадбиркорлик субъектлари
томонидан онлайн назорат-касса машиналари, виртуал кассалардан тўлиқ
фойдаланишни таъминлаш бўйича тизимли назорат ўрнатилиши мақсадга
мувофиқ.