www.ziyouz.com кутубхонаси
27
шунинг учун ҳам ишнинг оғири бизнинг елкамизда.
— Бунақада чўкиб кетмаймизми, аткичх?
— Чўкиб кетмаймиз. Агар чўкиб кетадиган бўлсак, майли, пешонада бори шу экан. Ке, энди,
бир қўлинг билан мени ушлаб тургин-да, иккинчи қўлинг билан сувни сепиб ташлайвер.
Яхшиси, вақтида Ўрхоннинг эсига тушиб қолган экан, оз-моз нафасни ростлаб олишгандан
сўнг қайиқдаги сувни сепиб ташлашди. Сув озайиши билан чол қайиқдаги буюмлар орасида
ётган кичкина бочкага назари тушди ва уни болага кўрсатди. Кундузи ҳам шу бочкадан сув
ичишган эдилар.
— Кириск, — деди у қоронғида боланинг қўлидан ушлаб. — Бу ерда кичкина сувли
бочкамиз бор. Топдингми? Эсингда бўлсин, ҳар қандай мушкул вақтда ҳам шу бочкачадан
айрилма. Ундан ажралганимиздан кўра ўлганимиз яхшироқ. Тушундингми? Шундан бошқа ҳеч
кимга ишонмай қўя қол... Эшитяпсанми?
Яхшики, чол бу гапни болага айтиб қўйди, яхшики, болани вақтида огоҳлантириб қўйди.
Тез, орада бу нарса жуда-жуда асқатиб қолди.
Кўп ўтмай денгиз ғалаёни аввалгидан ҳам баттар ваҳшатли тус олди. Гўё у тун ва туман
ичида ҳеч нарсани кўра олмай қолган одамларнинг ночорлигидан фойдаланиб, қайта ҳужумга
ўтган эди. Илгари бир оз бўшашган бўлса ҳам энди қутуриб, ўчини олмоқчига ўхшарди. Ўрхон
бобонинг қайиғи тўлқинлар зарбидан чирпирак бўлиб, уёқдан-буёққа бориб келарди.
Ўркачланган тўлқинлар қайиқни савалагани савалаган эди. Ўрхон тиззалаб, эмаклаб чўмичи
билан ҳар қанча ҳаракат қилса-да, қайиқ ичига келиб тушаётган сувни сепиб ташлашга
улгурмасди. Шу пайт эшкакчилар бирдан жон-жаҳди билан бақириб қолишди:
— Ташланглар ҳамма нарсани! Чўкяпмиз! Ташланглар!
Кириск қўрққанидан ҳўнграб йиғлаб юборди, аммо унинг йиғисини ҳеч ким эшитмас, ҳеч
ким унга эътибор бермас эди. Бола қайиқнинг қуйруқ томонига тиқилиб, сувли бочкага маҳкам
ёпишиб олди-да, уни остига босиб ётаверди. У шу алфозда ғужанак бўлиб, бочкага биқини
билан қапишиб олганча титраб-қақшаб йиғларди. У, нима бўлсаям шу бочкани асраб қолиш
ғоят муҳим эканлигини тушунарди. У, қайиқ билан бирга сувга чўкаётганларини англади.
Лекин бари бир шу вақтда ҳам Ўрхон оқсоқол тайинлаган ишни қилди, сувли бочкачани эҳтиёт
қила бошлади.
Ярмисигача чўкиб бораётган қайиқни зудлик билан қутқариш зарур эди. Милхун ҳамон ақл
бовар қилмас даражада эшкак эшиб, унинг ағдарилмаслиги чорасини кўрарди. Ўрхон билан
Эмрайин эса қайиқда нимаики бўлса ҳаммасини улоқтириш билан банд эдилар. Бундан бошқа
чора қолмаган эди. Иккала милтиқ, гарпун — найза, арқон ўрамлари ва бошқа нарсалар, ҳатто
Ўрхон бобонинг тунука чойнаги ҳам денгизга улоқтирилди. Тюлень танасини улоқтириш жуда
мушкул бўлди. Сувга бўкиб, оғирлашиб, шилимшиқ бўлиб колган тюлень танаси сира қўлга
кирмасди. Уни оёқ тагидан кўтариб ташлаш зарур эди. Мана шу ҳайвонни деб улар денгиз
сафарига чиқишганди, энди эса худди шуни ташлаб юбориш зарур бўлиб қолди. Улар
бақирганларича сўкиниб, тор жойда тиқилишиб, тюлень танасини қайиқнинг четига суриб
келишга муваффақ бўлишди ва ниҳоят уни денгизга ташлаб юборишди. Ҳатто мана шу киёмат-
қойимда, денгиз қутуриб турганда ҳам тюлень танасидан ҳоли бўлган қайиқ енгиллашиб, ўзини
бир оз ўнглаб олгани сезилди. Эҳтимол, худди шунинг ўзи уларни сувга ғарқ бўлишдан сақлаб
қолгандир...
* * *
Биринчи бўлиб Ўрхон бобо ҳушига келди. У ҳувиллаб ётган бўшлик орасида қаерга келиб
қолганларини, бутун атрофни ўраб олиб, бўзрайиб тошдай қотиб турган бу руҳсиз нарсалар
нима эканлигини дабдурустдан англаёлмади. Бу туман эди.
Чингиз Айтматов. Соҳил ёқалаб чопаётган олапар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |