Тун оқшом бўлди-ю, келмас менинг шамъи шабистоним,
Бу андуҳ ўтидин ҳар дам куяр парвонадек жоним.
Не ғам, кўргузса кўксум порасин чоки гирибоним,
Кўринмас бўлса кўксум ёрасидин доғи пинҳоним.
Ғамидин дурри макнундек сиришким оқти Жайҳундек,
Музайян қилди гардундек жаҳонни ашки ғалтоним.
Фалак ҳам тўлди кавкабдин, қуёш ҳам тушти ашҳабдин,
Келиб тушмасму маркабдин менинг хуршиди рахшоним?
Жаҳонни зулмат этти чаҳ, бу зулмат ичра ўлгум, ваҳ,
Менга бўлсанг не Хизри раҳ, етиб, эй, оби ҳайвоним.
Дема кўктин қуёш кетмиш, фалакка тийралик етмиш,
Ул ой ҳажрида тор этмиш фалакни дуди афғоним.
Қуёш қочиб – юзин уйди, шафақ ўтқа тушуб – куйди,
Фалакка доғлар қўйди ғамингдин сўзи пинҳоним.
Навоий киби ҳижрондин бу оқшом ўлдум афғондин,
Ғамим йўқ бўйла юз жондин, етиб гар келса жононим
Do'stlaringiz bilan baham: |