www.ziyouz.com кутубхонаси
29
Туман ҳамон қалин ва ҳаракатсиз эди. Денгиз ҳамон сукунат қўйнида эди.
* * *
Туннинг қолган ярмини туман ичида аста-секин сузиш билан ўтказишди. Не мақсадда ва
қаёққа сузишаётганларини ўзлари ҳам билишмасди.
Одамлар ҳушларига келиб, қай аҳволга тушиб қолганларини англашди, энди бир жойда
туриб бўлмасди.
Шунинг учун улар сузишда давом этдилар. Эҳтимол, ерга яқинлашиб, эҳтимол, ердан
узоқлашиб боришаётгандир?
Ҳайтовур бир ерда турмай сузяпмиз, ҳаракат қиляпмиз-ку, деб ўйлашарди.
Бутун умид ҳавонинг очилиб кетишида, туманнинг тарқалишида эди. Ана шунда нима
қилиш кераклиги ойдинлашарди.
Ҳар ҳолда туман тарқаб кетса, кечаси осмонда юлдузлар кўринарди. Бор-йўқ умид фақат
юлдузларда бўлиб қолди.
Яна бир нарсадан умид бор эди — бирор оролга дуч келиб қолишса яхши бўларди-я.
Ўшанда мўлжаллаб йўл топиш мумкин эди.
Ҳозирча улар мақсадсиз сузишарди, қаёққа сузишмасин, туманга пешвоз боришарди.
Шунга қарамай, Ўрхон оқсоқол қайиқни бир оз саришта қилиб қўйиш кераклигини айтди.
Оёқ остида сув шалопламаслиги учун қайиқдаги сувни охирги томчисигача тозалашди. Чол
Кирискни қайиқнинг қуйруқ томонига, ўзининг ёнига ўтқазди — шундай қилса, бола тезроқ
исиниб, қуриниб оларди. У сувни ҳаммага тенг тақсимлади. Биринчи гал ҳаммага салкам чорак
чўмичдан сув берди. Бўронли кечадан сўнг ақалли бир марта тўйиб сув ичиб олиш керак эди.
Айни вақтда Ўрхон бобо огоҳлантириб қўйди: бундан буён фақат у айтган пайтда ва қанча
қуйса, шунча сув ичилишинигина уқтирди. У шу сўзларни айтаркан, гапининг исботи учун
ярми бўшаб қолган бочкачани чайқатиб қўйди.
Кутилмаганда бир нарса уларни жуда хурсанд қилиб юборди. Сув ичиш учун бочкани
олишаётганида унинг тагида, қайиқ қуйруғининг бир бурчида қолиб кетган, қоқ балиқ солинган
тўрвани кўриб қолишди. Тюлень тери тўрвани сафар олдида Милхуннинг хотини қайиққа солиб
қўйган эди. Озиқ-овқат солинган катта тўрвани бошқа нарсалар билан денгизга улоқтиришган,
кичкина тўрва эса Кириск авайлаб сақлаб ўтирган бочка тагида яшириниб қолиб кетган экан.
Тўғри, кичкинагина тўрвага шўртанг денгиз суви тўлиб қолган, ўзи тузланган балиқ яна
бешбаттар тузланиб қолганидан оғизга олиб бўлмасди. Шунга қарамай, ҳар ҳолда бу озиқ эди.
Мабодо ичимлик чучук сув етарли бўлганида, мана шу шўр балиқ ҳам асқатиб қоларди.
Лекин ҳозирча шўр балиқни ҳеч ким емади, ташналикни зўрайтиради, деб қўрқишди...
Ҳамма бир нарсани — туман тарқалишини кутарди...
Ҳайҳотдай сукунат ва сокин туман ичида фақат эшкакларнинг тиргаклари маъюс
ғийчиллагани эшитиларди. Буюк туман ичида бу ғийчиллаш адашган ва ҳориган йўловчининг:
«Бу ер қаер? Бу ер қаер? Қаёққа юрай?»— деб фарёд солаётган товушини эслатарди.
Ҳамма бир нарсани — туман тарқалишини кутарди...
* * *
Аммо туман тарқамас, тарқалишни хаёлига ҳам келтирмасди. Туман қилт этмасди. Гўё
қуруқликдан ташқари, ерга алоқаси бўлмаган, рутубатли ҳаводан нафас олувчи ақл бовар
қилмайдиган аллақандай махлуқ бу ёруғ дунёни — Ерни ҳам, Осмонни ҳам, Денгизни ҳам ютиб
юборгандай эди...
Туман оғушида яна кеч кирди. Кеч кирганини фақат атрофда қоронғиликнинг янада
Чингиз Айтматов. Соҳил ёқалаб чопаётган олапар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |