www.ziyouz.com kutubxonasi
211
хом иш қилишмайди. Улар ўликни бирон эски гўрга тиқиб қўя қолишади, ёки бирон бир
меровнинг бўйнига илворишади ёинки қалқиб, юзага чиқмайдиган қилиб чўктиришади. Унинг
фикрича, бу ишни жиноят оламига эндигина қадам босган тажрибасиз одам қилган. Одам
ўлдириш айтишгагина осон. Биринчи марта ўзганинг жонини олган одам маълум муддат
телбага ўхшаб талмовсираб юради. Худди мурда таъқиб қилаётгандай ўзининг соясидан ҳам
чўчийди. Бундай қотилларнинг қўлга тушиши осон. Қийналиб юра-юра баъзан ўзлари бош эгиб
келадилар. Баъзан эса одам ўлдирилган жойга беихтиёр равишда келаверадилар,
келаверадилар... Миркаримов ўлдирилгандан бери анча вақт ўтди. Қотил аввалига қўрққан
бўлса ҳам, энди ўзини босиб олганлиги аниқ.
Зоҳид аввалига Ойсанамдан мутлақо гумонсирамаган эди. Унинг акасига қўшилиб ёлғон
гувоҳлик бериши гумоннинг уйғонишига сабаб бўлди. Дастлаб кибр билан кутиб олиб, сўнг
«акамни қўйиб юборинг», деган талаб билан келиши ҳам Зоҳиднинг диққатидан четда
қолмади. Кейинги сўроқлардан сўнг Зоҳиднинг рўпарасида ажиб сурат пайдо бўлган эди:
...бир-биридан гўзал икки жувон.
...бири қонуний хотин.
...иккинчиси... «ўйнаш» деган сўзни тан олгиси йўқ. У — бўлажак хотин.
...бирининг ёнида акаси, иккинчисининг қанотида укаси...
Жувонларнинг ўзлари Миркаримовни ўлдиришмас. Ака ёки ука-чи?
Агар Миркаримов чиндан ҳам Зарипованикига келган, шу уйда ўлдирилган бўлса, қаерга кўмиш
мумкин? Кўп қаватли уйларининг ҳовлисида бу ишни қилиб бўлмайди. Мурдани бутунича олиб
чиқиб кетишнинг ҳам иложи йўқ. Имкон бўлган тақдирда ҳам узоқроқ ерга олиб бориб
кўмилса, яна кавлаб олишга ҳожат бўлармикин? У ҳолда... ўз уйида ўлдирилганми, ўз
ҳовлисига кўмилганми?
Ойсанам Эркаеванинг уйига Зоҳидни шу муаммо олиб келди. Уни сўрайдиган муҳим гапи йўқ
эди. Ҳовлига киргач, атрофга ўғринча, аммо синчков назар ташлади. Унингча ҳовлининг бирон-
бир ерида, бирон бир дарахтнинг атрофида чўккан жой бўлиши керак эди. Ойсанам унинг
югурик назаридан хавотирланиб, чалғитиш мақсадида:
— Хўжайиним боғни яхши кўрардилар. Шу дарахтларнинг ҳаммасини ўз қўллари билан
экканлар, — деб қўйди.
Зоҳид, ўғринча қараши ошкор бўлганини фаҳмлаб, ўзини сал ноқулай сезди, бироқ, сир бой
бермаслик мақсадида, диққатини айнан шу дарахтлар тортгандай кўрсатиш учун жувоннинг
гапини давом эттирган бўлди:
— Дидлари зўр экан...
Зоҳиднинг Ойсанам билан бўлган суҳбати эски савол-жавобдан иборат бўлди. Зоҳиднинг хабар
етказилган вақт ҳақидаги саволидан сўнг яна «Винни-пух» мултфилми тилга олинди. Зоҳид
ортиқча майдаламай, суҳбатни тезда якунлаб, изига қайтди. Ойсанам эса бу қисқа ташрифдан
муддао не эканини англамай, гангиди.
3
Прокуратура терговчиси келиб-кетмасидан олдин Ойсанамнинг маҳзун кўнгли тор қафасда
нола қилаётган қуш каби эди. Ғам-аламлардан фориғ бўлармикинман, деб хориж сафарини
орзу қилган эди, бу ҳам чиппакка чиқди. Ҳамма учун йўл очиқ бўлган Японияга бориб-келишга
ижозат берилмади. «Ҳужжатларингизда чалкашлик бор экан», дейишди-ку, бироқ, бу
чалкашлик айнан нимадан иборат экани тушунтирилмади. Улар изоҳ беришмаса ҳам Ойсанам
бу монеликни эрининг ўлими билан боғлади.
Кўнглининг маҳзунлик тўрида нола чекишига яна бир сабаб бор эди. У Кесакполвоннинг
маслаҳати билан прокуратурага борди-ю, қайтиб чиқишининг ўзидаёқ адашганини фаҳмлади.
Акаси қамоққа олингани-да уйга келишиб тинтув қилишган эди. Янгасининг муҳтожликда
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |