www.ziyouz.com kutubxonasi
212
яшамаслиги буларга ойдай равшан эканини ҳисобга олмаган экан. Ойсанам бу терговчи ҳам
бориб танишар, деган фикрда прокуратурадан чиқиб акасиникига йўл олди. Кўзга ташланиши
мумкин бўлган қимматли жиҳозлар йиғиштирилиб, қудахоланикига жўнатилди. Ойсанам
аввалги келганида янгаси «Eрим сенинг эрингнинг касрига қолди, бекордан бекорга азоб чекиб
ўтирибди», деган маънода ғишава қилган эди. Ойсанам «Сенлар менинг эримнинг соясида
яйраб яшадинглар», деган гап билан узиб-узиб олмоқчи эди, лекин кичик ғалва катта
жанжалга айланиб кетмасин деб тилини тийган эди. Бу сафар ҳам янгасининг минғир-
минғирлари пичоққа айланиб, суякка қадалса-да, чидади.
Акасиникидан қайтгандан кейин кўчага чиқишлардан безиб, ўзини ўзи уй қамоғига ҳукм этди.
Ҳатто нон дўконига чиқишга ҳам оёғи тортмай, қўшни болаларни ишга солди.
Eрининг ўлимидан сўнг назарида бу уй оғзи очиқ аждаҳога ўхшаб қолган эди. Айниқса шом
қоронғулигини юрак ҳадиги билан қаршиларди. Хонадонга мавжуд барча чироқларни ёқиб
қўйса-да, қоронғулик қўрқуви чекинмасди. Онаси келиб турса ҳам, ўзи онасиникига борганида
ҳам бу аҳвол ўзгармас эди. Қоронғулик гўё гўрдаги эрини уйғотарди. Ҳаётлигида хўрсинмаган
эри ўлганидан кейин келиб ҳар тун хўрсинарди. Ойсанамнинг уйқуси келса-да, ухлолмасди.
Ширин уйқудаги ўғлига тикилиб ўтираверарди.
Бу уйда яшай олмаслигини билиб, сотишга қарор қилди, бироқ, эрининг ўлимига тааллуқли иш
бир ёқлик бўлмагунига қадар қарорини амалга оширишни кейинга сурди.
Кеча, дунё кўзларига қоронғу ва тор кўринаётган дамда Кесакполвон келиб, кўнгли янада
хуфтон бўлди. Кесакполвон аввалги сафар муддаосига етолмагач, уни ҳақорат қилиб чиқиб
кетган эди. Ойсанам бу хорликка чидолмай йиғлаган, сўнг «сўкиб, юрагини бўшатиб олди, энди
даф бўлади», деган хаёлда ўзини ўзи овутган эди. Кесакполвоннинг яна кириб келиши уни
оғир аҳволга солди. Кесакполвон ўзини меҳмон эмас, уй хўжаси каби тутиб, аввалига чой
буюрди, сўнг коняк сўради. Айтганлари муҳайё бўлгач, жувонга ёнидан жой кўрсатди. Иккинчи
қадаҳни узатиб, ичишни амр этди. Ойсанам ичмас ҳам, айрим замонавий аёлларга қўшилиб,
чекмас ҳам эди. Қайси бир зиёфатда ўша ўзларини маданиятли санаган хонимлар даврасида
сигарет тутилганда у олмаган, «вой, қанақасиз, чекмайсизми?» деган танбеҳли саволга
«яқинда ташлаганман», деб жавоб бериб қутулган эди. Ҳозир Кесакполвонга бундай дея
олмасди. Шу сабабли қадаҳни олиб, лабига теккизиб қўйди. Кесакполвоннинг шилқимлиги
бошлангач, кўкрагидан итариб, ўрнидан туриб кетди. Бу сафар ҳам қуруқ қайтишини англаган
Кесакполвон яна тилига эрк берди. Аввал Ойсанамнинг ўзини балчиққа булғаб ташлади,
кейин «еринг ундай эди, бундай эди», деб тилига келганини қайтармади. Бу гаплар орасида
Ойсанамга янгилик бўлгани — эрининг таксопаркда катта хатога йўл қўйиб Бек акаси олдида
гуноҳга ботгани, Кесакполвоннинг меҳри-оқибати туфайли афв этилгани, яна айнан
Кесакполвон марҳамати билан Ҳосилбойвачча қўлидаги заводнинг олиб берилгани эди. Бу
марҳаматлар «Мавлоннинг чиройли қошу кўзлари учун» эмас, балки Ойсанамга бўлган ишқу
муҳаббати туфайли экани ҳам шу ҳақоратлар орасида маълум бўлди. Кесакполвоннинг кетар
чоғида «Аслида ўзинг ҳам эрингнинг ёнида чиришинг керак», дегани жувонга ҳукм каби
эшитилиб, оёқ-қўллари бўшашиб кетди. Дастлаб ўзининг жони кўзига кўриниб, ташвишланган
бўлса, кейинроқ яна «ўғлимга даф қилса-я!» деган фикр уйғониб, талвасага тушаёзди. Ҳатто
«нафсинг гўрда чиригур»ни чақириб, «нафсингни қондир, аммо ўғлимга тегма!» дегиси ҳам
келди. Лекин иффат қудрати қўрқув кучидан баланд турди.
Бугун уйқусиз тундан сўнг пича мизғиб, тиниқиб тургандай бўлди. Нонушта тайёрлади. Бир
тишлам нон билан икки ҳўплам чой бу дунёда тирик яшаб юрмоқ учун кифоя қиладигандай,
томоғидан бошқа ҳеч нима ўтмади. Баъзан овунчоқдай туюлувчи, баъзан эса юракни баттар
сиқувчи телевизорни ёқди: зар дўппи кийган ашулачи қўлларини қовуштирганича хониш
қиларди. Ойсанам бунақа ашулаларни ёқтирмасди. Ўчиргиси келди. Бироқ, бир байт қулоғига
бошқача эшитилиб, аҳдидан қайтди.
Найларам, дарду алам
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |