www.ziyouz.com kutubxonasi
209
Ҳамдам Толипов гапни ортиқча чўзмаслик мақсадида «На илож, турган-битганим шу менинг»,
дегандай елка қисиб жилмайди.
Солиев истагини унга айтганидан афсусланиб, «Зоҳид бўлганида мени тушунарди», деб ўзига
ўзи танбеҳ берди.
Орадан икки кун ўтиб, Зоҳид йўқлаб келганида шу истагини унга айтди. Зоҳид Ҳамдамга ўхшаб
дарров қайириб ташламади. Бир оз ўйлангандек бўлди-да:
— Сиз буни ўйламанг, тезроқ тузалиб чиқишнинг ҳаракатини қилинг, — деди.
— Истагимнинг саломатлигимга ҳеч бир дахли йўқ. Очиғини айтавер, илтимосимни бажаргинг
келмаяптими?
Зоҳид устозининг ранжиганини сезиб, вазиятни юмшатиш ниятида кулимсиради.
— Сиз айтасизу мен йўқ дейманми... Лекин...
— Ҳа, сенда ҳам, Ҳамдамда ҳам ана шу «лекин»лар кўп. Оналаринг сенларни ана шу
«лекин»лар устига туққан.
— Бўпти, «лекин-пекин»сиз бажараман, — деди Зоҳид яна кулимсираб.
— Йўқ, энди «лекин»инг ичингда қолмасин, айт, мен билай.
— Менинг устозим, — Зоҳид «устозим» сўзига алоҳида урғу берди, — доно одамлар. Устозим
«Касбимиз нозик, жиноятчининг оҳ-воҳига қулоқ солиб, раҳминг келса, унга шафқат кўзи
билан қарасанг, ундан жабр кўрганга хиёнат қилган бўласан», деб қулоғимга қуйганлар.
Ўзининг гапларини шогирдининг тилидан эшитган Солиев кулимсираган бўлди.
— Сенларнинг қулоқларинг ҳам ўз фойдаларингга ишлайди. Менинг у гапим жиноятчига
нисбатан айтилган. Мен «одамгарчиликни биратўласи йиғиштириб қўй», демаганман. Менга
қара, сенам бу касалимга бекатдаги ўша воқеа сабаб деб ўйлайсанми?
— Билмадим... ҳар ҳолда...
— «Ҳар ҳолда»нгни қўй. Ҳамма шунақа ўйлаяпти. «Бомбадан қўрқиб инфаркт бўлган», деяпти.
— Бунақа ўй умуман хаёлимга келмади, бошқалардан ҳам эшитмадим. Ўзингиз ҳам
эшитмагансиз, илтимос, шунақа гумон қилманг.
— Эшитмаган бўлсам ҳам одамларнинг кўнглидан қандай гаплар ўтишини ҳис этаман. Кўл
томчилардан тўпланадими? Тўпланиб-тўпланиб кейин тўғонни суриб ташлайдими? Менинг
касалим ҳам шунақа. Тўғри, қўрқдим, тан оламан, лекин...
— Келинг, бошқа гаплардан гаплашайлик.
— Бошқа гапларни бошқа одамлар билан гаплашаман. Ҳамма ҳам мени тушунавермайди. Сен
юраги сиқилиб қолади, деб қўрқяпсанми? Ё инфарктдан кейин мияси айниб қолган, деб
ўйлаяпсанми?
Зоҳид ўзини оқлаш мақсадида эътироз билдиргиси келса ҳам сукут сақлашни маъқул кўрди.
— Мени ишимиздаги адолатсизлик еди. Ҳали у катта тоғанинг, ҳали бунисининг қўнғироғи
билан қанча «иш»ни ёпганимни сен билмайсан. Ҳар ёпганимда жабр-ланувчига хиёнат қилдим.
Ҳар ёпганимда юрагимнинг бир томири узилаверди. Буйруқ берган одамни ҳеч ким билмайди.
«Пора олиб, «иш»ни ими-жимида қилди», деб мени қарғайди. Мен шу қарғишларга қолдим.
— Қарғишлар ўша буйруқ берганларга тегади, — деди Зоҳид.
— Йўқ, — деди Солиев, қатъий тарзда. — Ижро- чи — менман. Иймоним ожиз эканки,
бўйсунибман. Одамлар адолатни севишлари учун уларга адолатсизликнинг оқибатларини
кўрсатиб туриш керак, деб ўзимни алдаб юрдим. Ким айтгани эсимда йўқ, бир донишманд
«Адолат кучли, куч эса адолатли бўлиши керак», деган экан. Менинг ишларим бошқачароқ
бўлди: кучсиз адолат ва адолатсиз куч — икки даҳшат муроса қилди. Сенинг ҳам бошингдан
ўтяпти бу. Лекин бу даҳшатларнинг ҳам ўладиган куни бордир, а? Биз энг катта раҳбарнинг
турли тоифаларини кўрдик. «Хўжа-йин бизни гипноз қилиб қўйди», деганини ҳам, «жанжал
қулупнайдан чиқди» деганини ҳам кўрдик. Ҳозирги янгимиз бошқача эмиш. Кеча юқорига
тааллуқли ошнам келиб умидли гапларни айтди. Қайси бир мажлисда каттамиз вазиримизни
тик турғазиб қўйиб: «одамларнинг осойишталигини таъминлай оласизми, жиноятчига
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |