www.ziyouz.com kutubxonasi
207
Кесакполвон ўлжасининг вужудини қандай ғам-алам куйдираётганини билиб турарди. Унинг
тилидан камдан-кам ҳолларда «Худога шукр» деган калима учарди. Агар кўнглида Яратганга
шукроналик туғилса, биринчи галда берган бойлиги учун эмас, балки бу дунёда қўрқоқларни
яратгани учун айтиш керак эди. Қўрқиб-қўрқиб тўпланган бойлик қуши қўрқув туфайли қўлдан
учарди.
— Энди сен боравер, — деб марҳамат қилди Кесакполвон. — Молдан айрилдим, деб ичинг
кетмасин. Бола-чақангнинг бош-кўзидан садақа. Садақа қилиб туриш керак-ку, тўғрими?
— Ачинган номард, акахон, менга буюрмаган экан, эгасига буюрсин.
— Вей, ғирт ўғил бола экансан, менга ёқдинг! — деди Кесакполвон суйган отанинг меҳрли
овози билан. Кейин пиёлага яна ароқ қуйди: — Жуфт қилиб кета қол. Сен хўжа, бошқа бир
иморат сол, уй тўйингга ўзим той ясатиб бораман. Отарчиларнинг хўррози ҳам менинг
бўйнимга. Қани, қўлни ташла!
Қўл ташланди. Ароқ ичилди. Уй қўлдан кетди. Жон фойдага қолди.
Маъмурхўжа кўчага чиққач, чуқур-чуқур нафас олди. Аввалига хўрлиги келди. Кейин боши-
кўзидан қилинган садақа эвазига жонлари омон қолганидан шукр қилди.
Кесакполвон Асадбекнинг сўнгги буйруғини шу тарзда, ўзининг номини ўртага қўйиб,
хамирдан қил суғургандай осон ҳал этди. «Бу ишдан раҳмат келса ҳам, лаънат келса ҳам
Асаднинг ўзига ураверади», деб ўйлади у Маъмурхўжа чиқиб кетгач.
Ишни осон ҳал қилгани билан Селимнинг ҳузурида бошлаган кўнгилғашлиги тарқамади.
Болалиги етимликда ўтган бу одам шу кунга келиб, ёнидаги энг яқинларидан ажраб яна етим
ҳолига тушганини англай бошлади. Чувриндининг ўлими, Асадбекнинг ундан узоқлашуви уни
ёлғизлик саҳросига ҳукм этди. «Асадбекни мен одам қилганман», деб юрувчи одам Асадбексиз
яшаши қийинлигини била боргани сайин бу ҳақиқатни тан олмасликка тиришарди.
Қози кўтариб кирган бир лаган мошкичирининг ҳиди иштаҳасини қитиқлаб уйғотди. Уч-тўрт
қошиқ егач:
— Дум солмадингми? — деб сўради.
Бу танбеҳни эшитган Қози оғзидаги луқмани чайнашни ҳам, ютишни ҳам билмай, бақрайиб
қолди. «Хўжайин, ўтган сафар «калланг борми, мошкичирига ҳам дум соладими?» деб
урушувдингиз-ку?» дея олмади. Чала чайналган луқмани ютиб:
— Бозорда тузукроғи учрамади, — деб қўя қолди.
— Оғзингга пашша қўндириб ётсанг, сенга яхшисини олдириб қўйишади, — Кесакполвоннинг
бу танбеҳи жавобсиз қолди.
Шоир «Ҳар нимага ғам ема — ғам кўп дурур, айш бирла ўзни овутмоқ керак», деган экан.
Гарчи Кесакполвон шоирнинг бу ҳикматидан бехабар бўлса-да, ўзни овутмоқ чорасини излади.
Ўйлай-ўйлай бу фароғатни Ойсанамнинг қўйнида кўриш мумкин, деган қарорга келди.
Ойсанамдан ёш, ундан чиройли ва ишвалиларга эмас, айнан унга кўнгли чопаверишидан ўзи
ҳам ажабланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |