www.ziyouz.com kutubxonasi
203
салкам талвасага туша бошлади.
— Сингилгинам, ичкарида онанг билан болаларинг кутишяпти. Кичигингни бугун эмизганмисан,
ё эмчакдан чиққанми? Сен ўша хонага ўта қол. Тўхта, сумкачангни эрингга бериб кет.
Жувон буйруқни бажариб, болалари ётадиган хонага ўтди. У ерда йиғламсираган овоз
эшитилди-ю, тезгина тинди.
— Марк Абрамович, куёвим бўлганингиз учун сизга яхшилик қилмоқчиман: «Орхидея»нинг
совғасига учманг. Қани, нима совға қилган ўзи? Йигитлардан бири Маркнинг қўлидаги
сумкачани олиб, Хонгирейга берди. Хонгирей уни очиб, ичидан тилла соат билан ёқут кўзли
узукни олди-да, чироққа тутиб қаради. — Паст кетишибди. Австриядан оқиб келадиган пуллар
эвазига тузукроқ совға қилишса ҳам бўларди, — Хонгирей шундай деб совғаларни чўнтагига
солгач, сумкачани Маркнинг оёқлари томонга ташлади.
— Сиз кимсиз? — деди Марк бу сафар тобелик билан.
— Кимлигимни ҳали ҳам билмадингми? Қайноғанг-ман. «Орхидея»нинг иши билан ўртоқлар
шуғулла- нишяпти. Камида ўн йилга учиб кетасан.
— Мен уларга ҳеч қандай ёрдам қилганим йўқ. Ваъда ҳам бермаганман.
— Лекин зиёфатини единг. Совғасини олдинг. Энди сен менга айт: «Гирей хон» банкининг
ҳужжатларини нега босиб ўтирибсан?
— Бу фақат менга боғлиқ эмас. Яна хўжайинлар ҳам бор.
— Ҳаққини олдингми? Бу ёғи сенинг бош оғриғинг, кимларга боғлиқлиги билан ишим йўқ.
— Вақт керак.
— Вақтнинг бошини ўзинг еб бўлдинг, куёв. Энди бундай қиласан: эртадан қолдирмай
ҳужжатларга ҳамма қўлларни қўйдириб, биздан олган пулингни учга кўпайтириб, топширасан.
Карра жадвални биларсан-а, индинга қолса, учга эмас, ўнга кўпайтирасан. Саватдаги гулларни
кўрдингми, ўша ерда мозорга қўйиладиган гулчамбарлар ҳам бор экан. Менингча, саватдаги
гул яхши, а? Мен сендай куёвим борлигидан фахрланаман. Бугундан эътиборан энди сен билан
тез-тез учрашиб турамиз. Мен сени ҳимоямга оламан. Сен эса совғаларни арра қиласан.
Келишдикми? Довдирама, сен Бугайга ишонма, у сени ҳимоя қила олмайди.
Хонгирей ўрнидан туриб, Маркнинг рўпарасида керишди-да «Миша!» деб чақирди. Болалар
хонасидан Маматбей чиқиб келгач:
— Қара, қандай куёвим бор менинг? — деб заҳарли тиржайди. Остонага етганда тўхтаб, Марк
томонга ўгирилди: — Қара-я, куёв, тўртинчи қаватдаги кампирнинг ўлиги икки йилгача
ошхонасида ётибди-я — деб қўйди. Машинага чиқиб ўтиришгач, Маматбейга: — Ўша
кампирнинг ўлганини менга яхши айтдинг. Булар энди эрталабгача иштонларини ҳўл қилиб
чиқишади,— деб кулди.
Чиндан ҳам бу гап Маркнинг хонадони тинчлигини олди. Эрталаб эшиклари ёнига тизиб
қўйилган қора матоли бешта мотам гулчамбарини кўришгач эса, тақдирга тан беришди. Марк
оқшомга қолмай Маматбейга қўнғироқ қилиб, вазифа бажарилганини билдирди.
_______________
* Московский уголовний розиск — жиноятга доир қидирув бўлими.
* Москвадаги ресторан номи.
2
— Бу ёғи мусулмончиликдан бўлмади, — деди Кесакполвон норози оҳангда. — Ҳар ҳолда
бегона эмасмиз. Одамлар бегоналарникига ҳам фотиҳага борадилар. Битта самолетда бориб,
кейингисида қайтиб келардим. Маматбейга қойил қолмадим.
Селим нард тошларини юмуқ кафтида айлантир-ган бўлиб, тахтага ташлади. Иккита олтиликни
кўриб, Кесакполвонга «қойилмисан», дегандай тиржайди. Доналарни жойлашга шошилмай:
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |