www.ziyouz.com kutubxonasi
201
чертмайман.
— Княз, уйида қайнонаси билан иккита боласи ҳам бор.
Хонгирей «бўлса нима?» дегандай қараб қўйди-ю, жавоб бермади.
Хўжайиннинг амри билан йўл-йўлакай бир сават гул олволишди.
Ёши элликдан ошиб, пардозга зўр берган аёл гул кўтариб келган одамлардан ҳадиксирамади.
Қимматбаҳо совғалар қабул қилиб олишга кўниккани учун саватдаги ноёб гулларга
менсимайгина қараб олиб, кийимилгич томонни кўрсатди-да, «шу ерга қўйинг» деб буюрди.
Маматбей гулни қўйиб:
— Шарлотта Моисеевнани туғилган кунлари билан табриклаймиз, — деб қандай мақсадда гул
келтирганини яна такрорлади. Остонада турган Хонгирей эса аёлдан кўз узмай тикилиб турди.
Ундан «Ие, қизимнинг туғилган куни эмас-ку», деган гапни кутди. Аёл киприк қоқмай тикилиб
турган Хонгирейга қараб-қараб қўйди-ю, Маматбейга:
— Бораверинг, гулларингизни бериб қўяман, — деди.
Шундан сўнг Хонгирей остона хатлади. Унинг изидан икки йигит ҳам кириб, эшик ёпилгач,
аёлнинг кўзлари жавдираб, тисланди.
— Сизга нима керак? — деди. Кейин овозини кўтариб, қичқирди: — Саня, милитсияга қўнғироқ
қил!
Маматбей Хонгирейдан буйруқ кутмаёқ, тезлик билан ичкари хонага ўтди.
— Маргарита Иосифовна, сизни болалигингизда яхши тарбия қилишмаган экан. Биров гул олиб
келса, аввало «раҳмат» дейиш керак, — Хонгирей аёлдан кўзларини узмаган равишда
бостириб кела бошлади. Аёл эса беихтиёрлик билан тисланиб, чекинди. — Ундан ташқари, «Бу
ажойиб гуллар кимдан совға?» деб сўраш керак, шундайми? Сиз қўрқманг.. Мени...
танимаяпсиз шекилли, а?
— Танимадим... — деди катта хона ўртасида тўхтаган аёл, сўнг болалар ўтирган хона томонга
хавотир билан қараб қўйди-да, титроқ овозда «Болаларга тегманг», деб ялинди.
— Болаларга нега тегарканмиз? Биз яхши болаларни ҳатто чертиб ҳам қўймаймиз. Сизга ҳам
тегмаймиз, қўрқманг. Биз босқинчи эмасмиз. Сиз нега мени танимадингиз, ҳайронман?
— Қаердадир кўрганман,— деди аёл ишончсиз тарз-да.
— Ҳа, албатта кўргансиз, мен сизнинг ўғлингизман. Грузин ўйнашингиздан туғилганман. Мени
Сухумидаги туғруқхонага ташлаб кетгансиз, — Хонгирей эшикнинг чап томонидаги оромкурсига
ўтириб, оёқларини чалиштирди, сўнг чўнтагидан сигарет олиб, лабига қистирди. Аёл эса бу
гапдан ажабланиб, «менинг бунақа ўйнашим бўлмаган», дегандай жавдираганича тураверди.
Ундан садо чиқмагач, Хонгирей сигаретасини тутатиб, ғоят хотиржам равишда гапини давом
эт-ди: — Мен ўгай синглим билан куёвимни кўргани келдим. Лекин, онажонгинам, синглимни
қачон туққанингизни унутиб қўйибсиз. Ахир бугун унинг туғилган куни эмас-ку, тўғрими?
— Ҳа...
— Лекин «Прага»да нишонлашяпти. Биз ҳозир ўша ердан келяпмиз. Биз — яхши одамлармиз,
ёмонликни истасак, уйингизга келиб ўтирмас эдик. Шунинг учун сиз титраманг, онажонгинам,
чой берасизми ё қаҳвами, майли, ҳимматингиз. Фақат титраманг, синглимнинг пешонасидан
ўпиб, куёвим билан танишаману кетаман.
Аёл Хонгирейнинг гапларига бир тушуниб, бир тушунмай ҳайрону лол қараб турди. Дастлаб,
Хонгирей бостириб кираётганида у қўрқди. Айниқса Маматбей ичкарига ўтганда
набираларидан хавотирланиб, жони чиқиб кетай деди, тили гапга айланмай ҳам қолди.
«Бақириб, ёрдамга чақирсам-чи?» деган фикрини ўзи бўғиб қўя қолди. Аввало бақириғи бу
қалин деворларни тешиб ўта олармикин? Қолаверса, унинг ноласини эшитиб ким ёрдамга
чиқади? Бу атрофда жонидан тўйган мард борми?
Пулдор оилаларни ўғрилар босаётганидан у хабардор эди. Ҳам молдан, ҳам жондан
айрилаётганларни эшитганда «бизникига ҳам шунақалар келиб қолишар», деб чўчимаганди. У
пул эвазига одам ўлдириб берувчи, «килер» деб ном олган касб пайдо бўлганини ҳам эшитган,
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |