www.ziyouz.com kutubxonasi
197
Золимларга ўхшаб яшаш фикрини хаёлдан чиқариб отиш керак. Худо яҳудийга ҳам, насроний,
мусулмонга ҳам, ҳатто бутпарастга ҳам шундай буюрди. Ўзинг англаган бўлсанг, Иликога ҳам
англат. Мен энди тушунтирмоққа ожизман. — Чол шундай деб оҳисталик билан қадам ташлади.
Асадбек ундан ортда қолмай ёнида борди. Ўттиз қадамлар юрилгач, чол тўхтади. Кейин
ўгирилиб, изига қайта бошлади. Шундагина Асадбекдан ҳол-аҳвол сўради. Асадбек фурсатдан
фойдаланиб уни тўйга таклиф қилиш мақсадида атайин келганини билдирди. Чол таклифдан
қувонгандай бўлиб, жилмайди:
— Мен ўғилларингга энг яхши тулпорлардан совға қиламан.
— Ўзингиз борсангиз, бизга энг улуғ совға шу бўлади, — деди Асадбек.
— Йўқ! — деди чол қайсарлик билан: — Эр йигитга от керак, ханжар керак, папоқ керак, бўрк
керак! Ўғилларинг мен каби узоқ умр кўрсинлар, мен каби ҳалол яшасинлар, аммо фарзанд
ҳажридан йироқ бўлсинлар, англадингми?
Дастурхон атрофида узоқ ўтирмадилар. Асадбек Томскка учиши шарт эканини эслатгач,
Илико унга ижозат берди. Ўзи эса бобоси билан қолди. Асадбекнинг Тблисига келишидан
мақсади фақат тўйга таклиф қилиш эмас, балки Томскка бориш йўлидаги бир ниқоб эканини
англаган Илико «Қайтишингда Анзорнинг ўзи кутиб олиб, кузатади. Мен эрталаб Москвада
бўлишим керак», деб узр сўради. Асадбекнинг нияти ҳам Тбилиси орқали қайтиш эди. Бироқ,
вазият уйига Москва орқали қайтишга мажбур этди.
ХVII б о б
1
Одам туғилиши билан яшай бошлайдими?
Бу савол ҳар бир инсон боласига бемаъни туюлиши табиий. Одам яшамоқ учун бу дунёга
келади, деган ожиз ҳақиқат барчанинг онгидан муқим ўрин олган. Айрим олимларнинг
айтишича, чақалоқ туғилиши ҳамон «Ана энди ўладиган бўлдим», деб йиғлар эмиш. Агар бунга
ишонилса, одам боласи туғилиши билан ўлими онларини кутиш навбатига туради. Асли бу ёруғ
дунё Азроил дўкони эшигига тизилган навбат занжиридан иборат. Ажабки, ўлим навбатида
туриб ҳам баъзилар бошқаларни ўлдиришни истайдилар. Тирикликларида бировларни оёқости
қилиб, ўлганларида ўзларининг оёқости бўлмакларини гўё билмагандай юрадилар. Азроилнинг
дўкони кўзга ташланиб, навбат етгач эса қочмоққа гўр ҳам тополмай қоладилар.
Хонгирей айни шу тоифадан эди.
Бир куни Жалил Асадбекка заҳарли сўз нишларини санча туриб: «Агар оламнинг куни сенларга
топширилса, ер юзида ҳалоллик ҳам, вафо ҳам, меҳр-оқибат ҳам қолмайди. Сенлар куртак
очган ниҳолни синдириб ташлашдан, бойчечакми ё полапонларними аямай топташдан
тоймайсанлар. Ҳатто бир-бировингни аямай янчасанлар. Сенларнинг ҳузур-ҳаловатларинг шу
янчишдан. Нима учун Ҳайдар кессагинг билан дўстсан, айтайми? Икковингнинг ҳалқуминг бир,
нафсинг бир», деган, Асадбек бу ҳақиқатга қарши жўяли жавоб қайтара олмаган эди.
Агар Жалил Хонгирейни таниса, қилмишларидан хабар топса унга ҳам айни шу гапларни айтиб,
балки ундан «Дунё ўзи янчиш учун яралган, сенинг узилиб тушган хазондай ҳам қадринг йўқ»,
деган жавобни эшитармиди...
Хонгирейнинг туриш-турмуши фақат янчишдан, ўлимга ҳукм этишдан иборатдир, дейиш ҳам
инсофдан эмас. Бир куни Зелихон унга «Одам ўлдириш бўйича чемпион бўлмоқчимисан, сал
орқа-олдингга қараб фикр қил», деб танбеҳ берганида у «Мен душманларимни ўлдиряпман,
душманларим кўп бўлса мен айбдорманми?» деб ўзини оқлаган эди.
Отасини ерга топшириб қайтгач, ўлимга ҳукм этилувчи одамнинг унга душманлиги йўқ, аксинча
садоқати мавжуд эди. Аниқроқ айтилса, тасодиф билан қўлга тушиб қолган йигитини қамоқдан
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |