www.ziyouz.com kutubxonasi
206
Кесакполвон икки ёноғи қип-қизил бу одамга тикилиб қаради-ю, танимади. Шунинг учун гапни
оддий савол-жавобдан бошлади:
— Отинг нима, қаерда ишлайсан?
— Отим Маъмурхўжа, кичкинагина ошхонам бор.
— Шунақа дегин? Ўша кичкинагина ошхонанг қаерда?
Маъмурхўжа тилга олган жой Ҳосилбойвачча ихтиёрида эди. Шу сабабли Кесакполвон унга
савол назари билан боқди:
— Чўтални кимга берардинг? Ҳосилгами?
— Шундай, Ҳосилбойваччага, аммо ўзлари эмас, одамлари келиб турарди.
— Ким, ғилайми?
— Ҳа, биларкансиз, Шомилжон.
— Намунча латтачайнарсан! — Кесакполвон аччиқланиб, қўлидаги пиёлани стол устига
ташлади: — фалончи бойвачча, пистончижон... бойваччанг билан жонинг чиққан жойига кириб
кетган, эшитмовдингми?
— Узунқулоқ гапларни сал-пал эшитгандай бўлувдим.
— Эшитгандай бўлувдингми, а? Зўрсан-ку? Чўтал-чи, кимга беряпсан?
— Ҳеч кимга. Аталганга хиёнат қилмай тўплаб қўйганман.
— Тузуксан. Тўплаганларингни кечга қолмай анави акангга олиб келиб берасан, —
Кесакполвон шундай деб эшик томонда турган Қозини кўрсатди. — Бу ғилайга ўхшаган гадой
эмас, чўтал бер, деб олдингга бормайди. Вақтида ўзинг келиб турасан.
— Хўп бўлади, шундай қилганим аслида дуруст.
— Янги уйни кимдан сотиб олганингни биласанми?
— Бир бева экан, эри қамоқда ўлибди...
— Ўша қамоқда ўлган бизнинг одамимиз эди. Сен кўчиб кирмоқчи бўлган уйни Бек аканг
қурдираётувди. Сен уни зўрлаб олибсан!
— Астағфируллоҳ! Худо сақласин, ундай эмас.
— Бир иш қилсанг, сени Худо сақлайди. Бўлмасам чўтал берган акаларинг билан ачомлашиб
ётасан.
— Нима қилай, айтинг.
— Уйнинг хат-ҳужжатларини тўғирладингми?
— Ҳали тўла бўлгани йўқ.
— Гап шу: уй эгасида қолади. Уларни шу ҳафта ичи ўзинг кўчириб қўясан. Ҳа, яхши ният билан
эски уйни бузиб, янгисини қуришни бошлабсан, а? Энди, хўжа, савоб қилсанг бутун қил, шу
ишни ўзинг охирига етказиб қўй, Бек акангни би-ир қувонтиргин... Ҳа, агар анави бева хотин
ғиди-биди қилса, Шариф акахонимдан қарзим бор эди, дейсанми, хуллас, бир нима деб
тинчитасан. Хўш, нега жим қолдинг, иш пишдими?
Маъмурхўжа ичидан қиринди ўтаётган бўлса-да, жилмайишга ҳаракат қилиб:
— Пишди, акахон, пишди, — деди.
— Қани, мен билан элликта-елликта оласанми?
— Сиз билан олиш биз учун бахт акахон, лекин жигарнинг сал мазаси қочган, парҳездамиз.
— Жигардан қўрқма, ишдан чиқса янгисини қўйдириб бераман. Парҳезман, деб юриб яна ҳез
бўлиб қолмагин.
Кесакполвон бўш пиёлага ароқ қуйди-ю, лекин узатмай «ол!» деган маънода имо қилди.
Маъмурхўжа бу марҳаматдан ийиб кетгандай қуллуқ қилди-да, бир кўтаришда пиёлани
бўшатди. Газак таклиф қилинмагани учун лабини чапиллатиб қўя қолди.
— Ҳа, ўғил бола! — деди Кесакполвон уни эркалагандай.
Маъмурхўжа ҳозир ҳовли-жойини шу бир пиёла ароққа алмашгандай эди. Агар шайтон йўлдан
уриб шу фикрини Кесакполвонга айтсами, у шубҳасиз «Йўқ, акаси жонидан, сен уйни
ўзингнинг, бола-чақангнинг жони эвазига беряпсан», деган бўларди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |