www.ziyouz.com kutubxonasi
210
«жиноятчисан!» деб дадил айта оласизми?» деганмиш. Ишимиз шу томонга бурилаверса сен
билан биз адолат нималигини кўрарканмиз.
Бундай гапларни Зоҳид ҳам эшитаётганди. Устозининг гапидан унинг кўнглига ҳам умид қуёши
мўралади.
Солиев сал ҳовуридан тушгач, Зоҳиднинг ишларини сўраб-суриштирди. Зоҳиднинг баёнини,
тахминларини эшитиб, сўз қўшмади, савол бермади. Ойсанамнинг уйини кузатаётган хизматчи
бугун эрталаб бир хабар етказган эди. Зоҳид шуни айтганида Солиев пича ўйлаб қолди-да, сўнг
сўради:
— Кесакполвонлиги аниқми?
— Агар Ҳайдар Асроров Кесакполвон бўлса, ўшалиги аниқ.
— Нимага бориши мумкин?
— Эркаева жуда гўзал жувон.
— Гўзал бўлиши мумкин. Лекин ўн олти ёшлилар билан маишат қиладиган одам чиройга эмас,
ёшга қарайди,— Солиев яна озгина ўйлаб, қўшиб қўйди: — Яна ким билади, кўнгилнинг
қоидаси йўқ. Унда... занжир яна Асадбек атрофида боғланяптими?
— Шунақага ўхшайди.
— Унда яна «ишни ёп!» деб буйруқ берилмасмикин? Сен анави кавказликлар билан кейин
қизиқмадинг, а? Нима эди, Петрашвилими? У Ленинграддаги қамоқда ўтириб буюртма бўйича
одамларни ўлдириб бераверган. Камида еттита қотиллик ўшанинг бўйнида кетди. Ўйлаб
топишганини қара, беш-олти соатга чиқаришади, буюртмани бажариб қайтгач, яна қамоқнинг
шўрвасини ичиб ўтираверади. Мени ҳайрон қолдирган нарса — унинг бу томонларга
ташланиши. Нега ташлашди? Нега ўлдиртириб юборишди? Уларнинг арзимаган ишга кўниши
ҳам таажжубли.
Зоҳид «саломлашаману чиқаман», деган ваъда билан кирган эди. Ҳамшира эшикни очиб,
«саломлашиш» ярим соатдан ошганини айтгач, гапни узишга тўғри келди. Петрашвилининг
тақдири ҳозирги ишларга алоқасиз бўлгани учун Зоҳид у қадар эътибор бермади. Ҳолбуки,
Солиев бу воқеани бекорга эсламаган эди. «Суриштириб кўр, балки бу атрофдаги
қамоқхоналарда ҳам шунақа одам ўлдириб берадиганлар бордир», демоқчи эди. Гапнинг
тагидаги гап маъносини Зоҳид тушунмади.
2
Дарё ёқасида туриб, сув остидаги қумнинг миқдорини аниқлаш мумкинми? Шунга ўхшаш,
Зоҳид шайтанат оламини кўриб турса-да, унинг жиноятларини бўйнига қўйиб исбот этмоққа
ожиз эди. Зоҳид руҳини азоб исканжасига олаётган ҳам айнан шу эди. Донишманд деб эканки,
«Я Тангрим, сен мендан «ҳузуримга қандай амаллар билан келдинг?» деб сўрайсанми? Ундан
кўра «Eй бандам, сен қилган гуноҳлар маҳшар майдонига сиғадими?» деб сўраганинг
маъқулроқмасми?» Аслида бу саволни иймон кўчасидан ўтмаётган бандаларининг бермоғи
жоиз. Афсуским, уларнинг ноқис хаёлларига бундай ҳикмат келмайди. Келганда эди, гуноҳлари
эвазига олажак жазоларидан қўрқиб, яхшилик хулқини одат қилар эдилар. Маҳшар майдонига
сиғмовчи гуноҳларни кўриб, билиб турган Зоҳид ожизлигидан сиқилса-да, бугун бўлмаса эртага
муддаосига етиш нияти билан яшарди.
Миркаримовнинг ўлимига доир гумонлар занжирининг бир учи Ойсанамга, иккинчиси
Зариповага боғланиб турганида Кесакполвоннинг пайдо бўлиб қолиши занжирни асосан
Ойсанам атрофида маҳкамлашга эҳтиёж туғдирди. Зоҳид энг аввало жасад сувга ташланишдан
аввал кўмиб қўйилган жойни аниқлашга асосий эътиборини қарата бошлади: «Миркаримов
қаерга кўмилган бўлиши мумкин? Кўмилган ўликни нима учун қазиб олишиб, сувга ташлашди?
Бир нарсадан қўрқишдими?» Масала шу нуқтага тақалганда Зоҳид «Асадбеклар
ўлдиртиришган», деган гумондан чекинарди. Унинг назарида Асадбекнинг одамлари бундай
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |