www.ziyouz.com kutubxonasi
219
— Қўлига қорадори бериб, милисага рўпара қилишган. Ҳали-бери қайтмайди, бола.
— Ўзи ментлардан бўлса ҳам ўтирибдими?
— Шунга ҳайронман. Ё сен адашгансан, ё у ёқда кимлигини айтмаган. Балки бу ёққа қайтиб
вазифасини охиригача етказишни мўлжаллагандир. Сен эҳтиёт бўлиб юр, Энди Ҳайдар аканг
кўзига ёмон кўринган болаларни ўша ёққа рўпара қилаверади. Эсингда турсин: Красноярда
«Шурка лўли» деган наркобарон бор. Агар мол ўшанинг одамларига берилиши керак бўлса,
тинч бориб, тинч келасан. Ундан бошқаси — қопқон. Ҳайдар акангни шу иш ейди. Лекин унгача
беш-олти болани нобуд қилади. Сергак бўлиб юр.
— Бек ака, Ҳалимнинг уйидан хабар олиб қўяйми?
— У томонга сира яқинлашма, ишинг бўлмасин.
Жамшид «маъқул» ишорасини қилиб бош ирғади. Бир оз юришгач, йўлдан кўз узиб, хожасига
қаради-да, унинг жимиб қолганидан фойдаланиб, ҳисоб берди:
— Бек ака, айтган йигитларингизнинг кимлигини аниқлаб қўйдим.
— Қайси йигитлар эди?
— Ресторандаги... айтувдингиз-ку, қизлар баҳонасида жанжал чиқарганлар.
— Ҳа, уларми? Хўш?
— Сизнинг тахминингиз тўғри чиқди. Фоҳишаларни рўпара қилиб, тентакларни каттага
тушираркан.
— Ким экан улар?
— Зўрининг лақаби «Тарзан» экан. Атрофида етти-саккизта итбалиқлари бор.
— Етти-саккизта, дегин? Зўри билан гаплашдингми?
— Йўқ, аввал олдингиздан ўтай дедим.
Бу хабар Асадбекни ўйлантириб қўйди: «Бир зўр чиқиб, етти-саккизта йигитнинг бошини
қовуштирган бўлса, ёмон эмас. Битта Ҳосилнинг ўрнига янгиси келибди. Ҳозир тизгини
тортилмаса, эртага бошга чиқиб олишади. Кеча ресторанда мени таниб, қочиб қолишди, эртага
тап тортмасдан тўғри устимга бостириб келишади-да; «Йўлдан қоч!» дейишадими? Мен-чи?
«Охирги нафасим қолганида ҳам сенларни уриб, гарданларингни синдираман», дейманми?
Унда бу қуруқ гапдан ким чўчийди?..»
— Сен у болани менга рўпара қил, — деди Асадбек, — ўтирган эканми, аниқламадингми?
— «Тарзан» ўтирмаган. Отаси катталардан экан, ҳар қўлга тушганида қуруқ чиқарган.
Отасининг машинасини уч марта олиб бориб урган. Биттасида машина ағдарилиб, тўрт-беш
марта юмаласа ҳам ҳеч ери тилинмабди бу боланинг. Шунинг учун «Тарзан» деб лақаб
қўйишибди.
— Нинага ўтирмаганми?
— Бу томондан тоза, суриштирдим. Болаларининг иккитаси қуруғидан тортар экан.
— Яхши текширмабсан. Иккита боласи тортса, ўзи четда ўтирмайди. Менга рўпара келганда
кўзлари жавдираб турувди. Яна текшир.
— Хўп, — Жамшид бир оз сукут қилгач, яна хожасига қараб олди. Асадбек унинг нимадандир
хавотирдалигини сезди.
— Гапинг ичингда қолмасин, айт.
— Ҳозир индамасам, барибир эртами-индин эшитасиз. Қўшнингиз Қамариддин аканинг уйни
сотишлари бежиз эмас экан.
— Сен сотишини қаердан била қолдинг?
— Самад билан гаплашганларида қулоғимга чалинувди.
— Энди сабабини билдингми?
— Билдим. Қозидан эшитдим.
— Қозидан? — Асадбек ёмонликнинг нафасини сезиб, сергакланди, — Қани, очиқ айтавергин-
чи?
— Қамариддин аканинг ўғиллари нинага ўтирган экан.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |